28 Март 2024 йил 2701

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир фуқаро ўзига ўзи тан жароҳати етказганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 25 март кечаси Чилонзор туманида бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашиб жамоат тартибини бузганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган туман ИИО ФМБ ходимлари 7 нафар фуқарони (1989 й.т. К.Х., 1992 й.т. Ф.т., 1999 й.т. С.А., 2001 й.т.т П.Д., 2001 й.т. И.Х., 2004 й.т. И.Х., 2004 й.т. Ш.А.,) тинчлантириб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун яқин орадаги ИИБга бораётган вақтида улар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатган. Ушбу фуқароларнинг айримлари номаълум моддадан мастлик ҳолатида бўлган.

Ҳолат юзасидан ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ("Майда безорилик"), 194-моддаси ("Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик") билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

2024 йилнинг 26 март куни ушбу фуқароларни судга олиб бориш учун чақиртирилган вақтда, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳовлисида: муқаддам Жиноят кодексининг 277-моддаси ("Безорилик") билан икки маротаба судланган, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 ("Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик"), 183 ("Майда безорилик") 56 прим 1 ("Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш"), 185 прим 3 ("Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши") моддалари билан олти маротаба маъмурий жавобгарликка тортилган 2004 й.т. Ш.А. жавобгарликдан қутулиш мақсадида, намойишкорона кўйлагини ечиб оғзида бўлган писка (лезвия) бўлаги билан қорин ва қўл қисмини енгил кесиб ўзига ўзи тан жароҳати етказган. ИИО ходимлари томонидан тезкорлик билан кўрилган чоралар натижасида фуқародан лезвия олиб қўйилиб, оғир оқибатларнинг олди олинган.

Ш.А.га зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасасига олиб борилган. Унга тиббиёт ходимлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг Ш.А. шу куннинг ўзида уйига кетган. Тиббий маълумотга кўра Ш.А.га "Қорин олд деворининг кесилган жароҳатлари, чап қўл билак соҳаси кесилган жароҳати” ташхиси қўйилган.

Фуқаро Ш.А, ўзига ўзи тан жароҳати етказганлиги ҳолати туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech