16 Январ 2024 йил 4755

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда танасини транспорт воситасидан чиқариб ҳаракатланган ва хавфли манёврни амалга оширган шахсларнинг видеоси тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур видео Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилиб, қуйидагилар аниқланди.

Жорий йилнинг 16 январга ўтар кечаси тахминан соат 03.30 ларда Олмазор тумани Янги Олмазор кўчасида 2005 йилда туғилган Ш.С. (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмас) давлат рақами 01К 805 МС бўлган ижарага олинган Monza русумли автомобилда давлат рақамини ечиб ҳаракатланган. Ҳаракатланиш жараёнида транспорт воситасида танишлари 2006 йилда туғилган М.А., 2006 йилда туғилган М.Л., 2009 йилда туғилган И.А.лар ҳам бўлган ва йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Транспорт воситасини бошқарган Ш.С. йўловчилар М.Л. ва И.А.лар танасини транспорт воситасидан чиқариб ҳаракатланишига йўл қўйган ва уларнинг ҳаётини хавф остига солган.   

Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаганларнинг ота-онасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.   

Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингиз қаерда юрганлиги ва нималар билан банд эканлигидан доимо хабардор бўлинг. Унутманг, уларнинг тарбияси ва хулқ-атвори учун масъулсиз!

Барча янгиликлар

Text to speech