24 Ноябр 2022 йил 4118

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда 2 нафар номаълум эркак аёлни куч ишлатиб автомашинага ўтказиб олиб кетганлиги ҳолати юзасидан тарқалган видеотасвир турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Тошкент шаҳар ИИББга келиб тушган хабарга кўра ҳодиса жорий йилнинг 24 ноябрь куни, Учтепа тумани 22-мавзесидаги кўп қаватли уйлар олдида содир бўлган. 1992 йилда туғилган Д.Ш. отаси 1963 йилда туғилган Х.М. билан бирга давлат рақами 70 R 300 SА бўлган Tracker русумли автомашинасига турмуш ўртоғи 2000 йилда туғилган М.А.ни ўтказиб номаълум томонга олиб кетган. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида М.А. қонуний турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилиги сабабли 1 нафар фарзандини турмуш ўртоғида қолдириб уйдан чиқиб Тошкент шаҳрига кетиб қолганлиги, уни турмуш ўртоғи Д.Ш. қидириб, юқоридаги манзилдан топганлиги ҳамда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги ўзининг уйига олиб борганлиги аниқланди. Ҳозирда M.A. оила даврасида соғ-саломат эканлигини маълум қиламиз.
Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилмоқда. М.А. ва унинг оиласи билан хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари ҳамда психологлар ишламоқда. Текширув якуни бўйича айбдор шахсларга қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Барча янгиликлар

Text to speech