3 Декабр 2022 йил 1828

Расмий муносабат

Айрим ОАВда Тошкент шаҳри Олмазор туманида вафот этган профилактика инспектори Н.Бобомуротов ҳақида асосланмаган хабарлар тарқалмоқда. Жумладан, марҳум профилактика инспектори гўёки бир аёл билан автомашинасида гаплашиб ўтирган вақтида, аёлнинг турмуш ўртоғи келиб қолиб, рашк оқибатида қотиллик содир этган.

Бу каби маълумотлар асоссиз бўлиб, ҳақиқатдан йироқлигини маълум қиламиз. Жиноятни ўрганиш жараёнида аниқланишича, марҳум профилактика инспектори жабрланувчи аёлнинг чақирувга асосан воқеа жойига борган. Аёл ўзининг шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи ўлдириш билан қўрқитаётганлигини ва унга чора кўришни сўраган.

Профилактика инспектори хабарни расмийлаштириш мақсадида жабрланувчини ўз автомашинасида маҳалла идорасида жойлашган таянч пунктга олиб келганда, ортидан шахсий транспортида етиб келган Б.З. профилактика инспекторига ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан ҳужум қилиб, жонига қасд қилган. Бу вақтда аёл қочишга улгурган. Профилактика инспектори ўз ҳаётини қурбон қилиш эвазига аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Баён этилган ҳолат тегишли видеотасвирларда ва гувоҳларнинг кўрсатмаларида акс этган.

Шу ўринда таъкидлаш жойизки, гумонланувчининг яқинлари ёки учинчи шахслар томонидан воқеа тафсилотларига турли талқин берилиши мумкин ва бу маълумотлар албатта текширилиб қонуний баҳо берилади.

Тергов якунланмагунга қадар жамоатчилик ва ОАВдан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат шахсларни шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келадиган ахборотни тарқатмасликларини сўраймиз.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

Барча янгиликлар

Text to speech