2 Ноябр 2022 йил 930

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда ЙПХ инспекторлари Нексия-2 русумли транспорт воситасини тўхтатишга уринаётгани акс этган видео тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни тахминан соат 17.00 ларда 2004 йилда туғилган Акбар Х. Нексия-2 русумли давлат рақам белгиси 01N961CB бўлган автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда бошқараётган вақтида йўлда уч маротаба ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Тўртинчи маротаба Юнусобод тумани Амир Темур ва Шахрисабз кўчалари кесишган чорраҳасида ЙПХ инспектори М.Турдиев томонидан жезл ва хуштак ёрдамида тўхташ ишораси берилганда, ҳайдовчи катта тезликда ҳаракатни давом эттирган. Бир нечта ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатини давом эттираётган ушбу автомобиль ҳаракатини чеклаш мақсадида бошқа транспорт воситалари тўхтатилган. Сўнг Амир Темур – Алишер Навоий – Шахрисабз кўчалари кесишган чоррахада ЙПХ инспектори Д.Ганиев томонидан транспорт воситаси тўхтатиб қолинган. Ҳайдовчи ўзини шубҳали тутганлиги, ходимларнинг эшикни очиш ва транспорт воситасидан тушиш ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, транспорт воситасини ичкаридан қулфлаб олганлиги сабабли, транспорт воситасининг ойнасини синдириш орқали ҳайдовчининг эшиги очилган ва ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш имконияти чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи Акбар Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.

Барча янгиликлар

Text to speech