Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаётганлиги акс этган видео тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 11 июль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга Чилонзор тумани Алгоритм мавзеси Пойгоҳ кўчасида бир нечта фуқаролар қўй сотаёганлиги, лекин санитария қоидаларига риоя этилмаётганлиги, сўйилган қўйларнинг ичак-човоқлари ва териси шу ҳудудда ташлаб кетилганлиги натижасида ҳудудда қўланса ҳид кўтарилганлиги юзасидан хабар келиб тушган. Хабар юзасидан воқеа жойига ҳудуд профилактика инспекторлари катта лейтенант Л.Абдукаримов ва капитан Б.Бердиевлар, шунингдек ППХ ходимлари етиб борган. Қўйларнинг эгаларига қўйларни олиб кетиши лозимлиги, бу ҳудудда қўйларнинг савдоси билан шуғулланиш мумкин эмаслиги, бунинг учун махсус бозорлар борлигини ва ўша ерда савдо қилиши мумкинлиги тушунтирилган. Бироқ фуқаролар Б.Шерзод, Б.Исломхон, У.Мансур, Б.Рамазонлар ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, уларнинг фаолиятига қаршилик кўрсатган. Ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси ҳамда 195-моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судига юборилган.
Юқорида номлари қайд этилган фуқаролар томонидан сотиш учун олиб келинган қўйлар У.Мансурнинг укаси У.Мухаммадга топширилган.
Ҳурматли фуқаролар, ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраймиз. Унутманг, била туриб ёлғон ахборот тарқатиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.