ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ёшлар уртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида волейбол мусобақаси ўтказилди

Юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатлардан асраш мақсадида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан маҳалла ёшлари ўртасида волейбол спорт тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Мазкур мусобақа Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг очиқ кубоги учун ўтказилиб, унда туман ҳудудидаги маҳаллалардан тузилган жамоалар фаол иштирок этдилар. Спорт тадбири ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, энг муҳими, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишга қаратилди. Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган масъуллар ёшларни турли ёт ғоялар ва зарарли одатлардан йироқ бўлишга чақириб, спорт инсонни иродали, чидамли ва мақсадга интилувчан қилиб тарбиялашини таъкидладилар. Шунингдек, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилиб, ҳар бир ёш ўз келажаги учун масъул экани эслатиб ўтилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда жамоалар ғалаба учун астойдил ҳаракат қилдилар. Якунда ғолиб ва совриндор жамоаларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Барча иштирокчиларга фаоллиги учун миннатдорчилик билдирилди. Бундай спорт мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, ёшларнинг эртанги кунига ишонч билан қарашига хизмат қилади.

19 Феврал 2026 йил

228

Ёшларни аср вабосидан асрайлик

Юртимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш миллий стратегиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Шунингдек, бу иллатга қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали, аҳоли, биринчи навбатда ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳам муҳим. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш янги босқичга кўтариш мақсадида, пойтахт ҳудудида жорий йилнинг 1 февралидан 1 мартига қадар “Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш”га қаратилган комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги амалга оширилмоқда. Ойлик доирасида Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Архитектура-қурилиш университети талаба ёшлари иштирокида очиқ мулоқот тарзидаги учрашув ташкил этилди. Ўқув даргоҳи маъмурияти, талабалар олдида сўзга чиққан туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, келажаги ҳамда жамият тараққиётига етказадиган жиддий зарарлари ҳақида атрофлича тўхталди. Тадбир давомида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олиш, уларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари бўйича маълумотлар тақдим этилди. Йиғилганлар эътиборига гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари, инсон тақдири, оила муҳити, фарзандлар тарбиясига етказадиган зарарли таъсири ҳаётий мисоллар орқали ёритилган видеоролик намойиш этилди. Видеолавҳа талабаларда катта таъсурот қолдирди. Учрашув сўнгида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни зарарли одатлардан асраш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

19 Феврал 2026 йил

150

Сергели туманида навбатдаги ўрганиш ишлари ва сайёр қабуллар бўлиб ўтди

Ўзбекистон республикаси Президентининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтнинг Сергели туманида амалий тадбирлар ташкил этилди. Тадбирда туман туман ИИО ФМБ бошлиғи Б.Анваров, прокурор Ў.Давланов ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, тумандаги “Иттифоқ” ҳамда “Нилуфар”маҳаллаларида ўрганишлар олиб боришди. Ташриф давомида маҳаллалар “еттилиги” билан учрашув ўтказилди. Профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти ўрганилиб, қарор талабларини амалиётга татбиқ этилиши самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, сайёр қабуллар ташкил этилди. “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи 10 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, 5 нафарининг муаммолари жойида ҳал этилди. 2 та мурожаатнинг ижроси назоратга олинди. 3 нафар мурожаатчига асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, 2 нафар ёшнинг муаммоли масалалари ўрганилиб уларнинг мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. “Нилуфар” маҳалласида истиқомат қилувчи 12 нафар қабул қилинган фуқароларнинг 6 нафариники жойида ҳал этилган бўлса, 2 тасининг ижроси назоратига олинди, 4 тасига ҳуқуқий малакали тавсиялар берилди. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш ҳамда ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар барча туманларда тизимли равишда давом эттирилмоқда.

18 Феврал 2026 йил

337

Тошкент шаҳрида “Таровеҳ” намози ўқиладиган масжидларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳаракат чекланадиган кўчалар тўғрисида

Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Муқаддас Рамазон ойи кечаларидаги таровеҳ намози муносабати билан жорий йилнинг 18 февраль кунидан бошлаб ҳар куни соат 18.00 дан 24.00 га қадар масжидлар яқинидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракати учун чекланади. Мирзо Улуғбек тумани бўйича: — Тепа масжиди - Дўрмон йўли кўчасидан Олимлар кўчасига қадар ҳаракат чекланади. Бектемир тумани бўйича: — Алибек масжиди - М.Авезов кўчасидан Х.Бойқаро кўчасига қадар ҳаракат чекланади. Яшнобод тумани бўйича: — Исломота масжиди - Фарғона йўли кўчаси иккинчи даражали йўлдан Заркент ва Обишир кўчаларига қадар ҳаракат чекланади. — Али ибн Абу Толиб масжиди - Чўлпон кўчасидан Салоҳият кўчасига қадар ҳаракат чекланади. Миробод тумани бўйича: — Валихўжа ўғли Норхўжа масжиди - Янги-Қўйлиқ-Файзиобод кўчалари кесишган чорраҳадан 5-тор Файзиобод кўчасига қадар ҳаракат чекланади. — Қўйлиқ ота масжиди - ТХАЙ - Қўйлиқ ота кўчалари кесишган чорраҳадан Янги Қўйлиқ тор кўчасига қадар ҳаракат чекланади. Сергели тумани бўйича: — Маъруф ота масжиди - Чоштепа кўчасидан 1-тор Чоштепа кўчасига қадар ҳаракат чекланади. — Нўғай қўрғон масжиди - Янги Сергели–С.Хўжанов кўчалари кесишмасидан - С.Хўжанов Моҳидил кўчалари кесишмасигача қадар ҳаракат чекланади. Яккасарой тумани бўйича: — Усмон бин Маъзум масжиди - КХАЙ-Файзли Тошкент чорраҳасидан КХАЙ-Қушбеги чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. — Яккасарой масжиди - Ш.Руставели-Яккасарой чорраҳасидан Яккасарой-Боғубўстон чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. — Ракат масжиди - Ж.Шоший кўчасидан Аския кўчасига қадар ҳаракат чекланади. Янгиҳаёт тумани бўйича: — Ниёзмат ота масжиди - ТХАЙ-Бинокор чорраҳасидан Пастдархон маҳалласига кириш қадар ҳаракат чекланади. Шайхонтоҳур тумани бўйича: — Шайх Зайниддин (Кўкча) масжиди - Кўкча Дарвоза-Нурафшон чорраҳасидан Кўкча Дарвоза - Бешқайрағоч чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. — Камолон масжиди - Бунёдкор-Камолон чорраҳасидан Камолон-2-тор Устазода чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. Олмазор тумани бўйича: — Ҳазрати имом масжиди - Нурафшон-Қорасарой чорраҳасидан Қорасарой - А.Қодирий чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. — Исломобод масжиди - КХАЙ-Сағбон чорраҳасидан Нурафшон-Сағбон чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. — Дўстжонбой (Сулола) масжиди - Сағбон-12-тор Сағбон чорраҳасидан Келес йўли-Норазтепа чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. Юнусобод тумани бўйича: — Мирза Юсуф масжиди - Боғишамол кўчасида Шивли кўчасига қадар ҳаракат чекланади. Учтепа тумани бўйича: — Абдуллох ибн Масъуд (Катта Қани) масжиди - Катта Қани айланмасидан Лутфий-Катта Хирмонтепа кўчаси чорраҳасигача қадар ҳаракат чекланади. — Хазрати Али масжиди - Назарбек-Маҳорат чорраҳасидан Назарбек-1-тор Замахшари кўчасигача қадар ҳаракат чекланади. Чилонзор тумани бўйича: — Новза масжиди - Бунёдкор-Муқумий кўприги тагидан 2-даражали йўл, Бунёдкор-Камолон кўпригига қадар ҳаракат чекланади. — Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди - Ал-Хоразмий-Гавҳар чорраҳасидан Сўгаллиота кўчасига қадар ҳаракат чекланади. — Убай ибн Каъф (Бўрижар) масжиди - Ал-Хоразмий-Катта Хирмонтепа чорраҳасидан, Ал-Хоразмий кўчаси бўйлаб, Ал-Хоразмий-Катта Қани чорраҳасига қадар ҳаракат чекланади. Ушбу кўчаларда фақатгина махсус транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат этилади. Фуқаролардан вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

18 Феврал 2026 йил

1096

Интерактив хизматлар

Text to speech