ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ёлғон важлари фош этилди

“Мен 1961 йилда туғилган Т.Равшанбек 2022 йилнинг 20 февралида танишим П.Бобуржонга ўзим боқиб келган қорамолимни қушхонада сўйдириб, тарозида 550 килограмм чиққан гўштининг ҳар килосини 75.000 сўмдан баҳолаб, жами 41.250.000 сўмни икки ой ичида беришни ваъда қилган П.Бобуржонга сотдим. Бироқ у шу кунгача пулини бермай келмоқда. Пулимни олишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. 2022 йил 11 май. имзо”. Бу Равшанбекнинг Сергели тумани ИИО ФМБга ёзган аризасидан кўчирма. – Қорамол гўштини сотиб икки ой ичида юқорида кўрсатилган пулни беришни ваъда қилган П.Бобуржон муқаддам 2018 йилда фирибгарлик жинояти содир этиб, судланган, – дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант А.Болтаев. – Тергов жараёнида гўштнинг пулини бермоқчи бўлганлигини, аммо дори-дармонга пулларни сарфлаб юборганини айтиб, қилмишини оқлашга уринди. Агар унинг нияти беғараз бўлганида у Равшанбекнинг қўнғироқларидан қочмай, унга вазиятни тушунтириши лозим эди. Бироқ, унинг ёлғонлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган Бобуржоннинг қилмишини кўриб чиқди. Суд жазо турини тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган зарар миқдорининг қопланганлиги, жабрланувчининг судланувчига нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъволари йўқлигини инобатга олди. Буларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Суд Бобуржонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари, яъни 81.000.000 сўм жарима жазосига ҳукм қилди.

21 Декабр 2024 йил

91

“Ёшлар ҳафталиги” кундалиги

Ички ишлар вазирлиги тизимларида давом этаётган “Ёшлар ҳафталиги-2024” доирасида республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган бир гуруҳ ёш ходимлар Тошкент шаҳар ИИББ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Дастлаб улар бошқарманинг Ахборот мультимедия маркази фаолияти, унинг моддий-техник имкониятлари, жиҳозланиши, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, пойтахт аҳолисини ички ишлар шахсий таркибининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлари билан танишди. Марказ томонидан фуқароларни огоҳликка чақириш борасидаги ишлар, иш услублари ҳақида маълумотларга эга бўлиш баробарида, ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди. Сўнгра улар Бош бошқарманинг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида бўлиб, у ерда ташкил этилган “Ватанпарварлик бурчаги” ва хизматларга номзодларни қабул қилиш тартиби борасида яратилган электрон дастурнинг ишлаш тизими тафсилотларидан хабардор бўлишди. Шунингдек, Ягона тезкор бошқарув марказига ташрифи чоғида марказнинг жиноятчиликни “иссиқ изидан” фош этиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг амалий имкониятлари, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш услублари, тезкорликни таъминлаш жараёнлари билан танишдилар. Ташриф охирида Бошқарма қошида ташкил этилган “Шон-шараф” музейида бўлишиб, ундаги илк хизматга оид буюмлар, воситалар, таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига тегишли осори-атиқаларни қизиқиб томоша қилишгач, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардона ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган хотира монументи пойига гуллар қўйишиб, ўз ҳурмат ва эҳтиромларини намойиш этдилар. Ёшлар ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

20 Декабр 2024 йил

221

Ёшлар ҳафталиги давом этмоқда

Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ёшларимизнинг ўз имкониятлари, иқтидорларини рўёбга чиқариш учун кенг йўл очиб берди. Ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ўз илғор ғоялари, фан-техника соҳасидаги ихтиролари, илмий ва ижодий салоҳиятга эга, фаол ёшлар билан давлат бошқарув органлари, жамоат ва илмий ташкилотлар ҳамкорлиги ўрнатилиши натижасида қатор янгиликлар юртимизнинг ижтимоий, маиший ҳаётига кириб келди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёшлар сиёсати борасидаги тегишли топшириқлари ҳамда Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан, 18-25 декабрь кунлари пойтахтимизда “Ёшлар ҳафталиги”нинг ўтказилиши ана шу ишларнинг мантиқий давомидир. Ҳафталик давомида Бош бошқарма ёш ходимлари ўртасида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар ташкиллаштирилди. Унда ИИВнинг 1-сонли академик лицейи ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари ва фахрийлар ҳам иштирок этишди. Стол тенниси мусобақасида аёллар ўртасида: 1-ўрин Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи инспектори Гўзал Ибрагимовага; 2-ўрин Яккасарой тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Мунира Джумабаевага; 3-ўрин Яккасарой тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисми инспектори, сафдор Лобар Раҳмоновага берилди. Эркаклар ўртасида: 1-ўрин Бектемир тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, лейтенант Суҳроб Қаҳҳоровга; 2-ўрин вазирлик ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Абдураззоқ Пардаевга; 3-ўрин Юнусобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, катта лейтенант Азизбек Ҳайитбоевга насиб этди. Шахмат беллашувларида: 1-ўринга вазирлик ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Камрон Ўсаров: 2-ўринга Яккасарой тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси, капитан Акромжон Икромов: 3-ўринга Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, лейтенант Жавоҳир Эсонжоновлар муносиб топилди. Шашка доналари сурган истеъфодаги майор Рауф Мўминов биринчи; Учтепа тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Марварид Қаландарова иккинчи; истеъфодаги подполковник Шуҳрат Аҳмедов учинчи ўринларни эгаллашди. Мусобақа ғолибларига Бош бошқарма раҳбариятининг диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

20 Декабр 2024 йил

182

Интерактив хизматлар

Text to speech