Аэропортда таксистлар билан юзага чиқаётган муаммолар бўйича чоралар кўрилмоқда

9-июнь куни соат 11:28 да Потребитель.Уз Facebook-гуруҳида “Инна Тян” исмли фойдаланувчи томонидан эълон қилинган хабарда аэропортда таксистлар билан юзага чиқаётган муаммолар ҳақида маълум қилинди.

Шуни маълум қиламизки, бу каби хабарлар эътиборсиз қолдирилмайди, улар бўйича жойларда ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, интернет тармоғининг барча фойдаланувчиларига мурожаат қилмоқчимиз: агар шахсларни аниқлаштирувчи маълумотларни кўрсатиб ўтсангиз уларга нисбатан чора кўриш анча осон бўлади, бунинг учун ҳайдовчини суратга олинг, автомобиль русуми ва давлат рақамини эслаб қолинг, сана ва соатни кўрсатиб ўтинг. Ёки тўғридан-тўғри ИИББга мурожаат қилсангиз, биз барча керакли маълумотларни аниқлаштириб оламиз.

            Самарали таъсир мисолида қуйидаги ҳолатни кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Саҳифамиз обуначиларидан бири махфий равишда бизга аэропортдаги кўнгилсиз ҳолат ҳақида ҳайдовчиларнинг суратлари билан бирга хабар қилди. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ҳайдовчиларнинг шахсини аниқлаштириш бўйича чоралар кўрилди. Натижада шу куннинг ўзида ҳайдовчилар Асатилло К. (“Ласетти” автомобили) ва Мухтасар С.лар (“Нексия-2” автомобили) билан суҳбат ўтказилиб, жамоат тартиби соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида улардан аэропортга одам ташиш мақсадида келмаслик тўғрисида тилхат олинди. Асатилло К.га нисбатан ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига мувофиқ чора кўрилди.  

Эслатиб ўтамиз, аэропортга келувчилар ҳар доим Тошкент шаҳар ИИББга таксистлар билан юзага чиққан муаммолар тўғрисида ўзларига қулай тарзда хабар қилишлари мумкин. Аэропорт ҳудудида тартиб ўрнатишда ёрдам бераётган эътиборли фуқароларимизга миннатдорчилик билдирамиз!