2018 йилда давлатимиз раҳбарининг “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра ички ишлар органлари жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Натижада, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бўлими негизида ИИБ га бўйсинувчи Пробация хизмати ташкил этилди. Ахлоқан тузалиш йўлига ўтган ҳамда юклатилган мажбуриятларини виждонан бажариб, ўрнатилган тартиб-интизомга амал қилиб келаётган маҳкумлар суд қарори билан жазо ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади. Жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб ёки ўрнатилган тартиб - қоидаларни бузган шахсларнинг жазоси оғирроқ турига алмаштирилади. Куни кеча пойтахтимизнинг қатор туманларида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида сайёр судлар бўлиб ўтди. Хусусан, Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди сайёр суд мажлисида пробация ҳисобида турувчи 7 нафар маҳкумларнинг иши кўрилиб, улар тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Яшнобод туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида ахлоқан тузалиш йўлига ўтган, ҳалол меҳнатни танлаган 4 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод этилган бўлса, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб, ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаган, уларга амал қилмаган 2 нафар шахснинг жазоси оғирроғига алмаштирилди. Пробация ҳисобида турган, назорат остидаги шахсларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳолатини янада яхшилаш, уларни тузатиш, жамиятга мослашувини таъминлаш, жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида эса 13 нафар шахсга нисбатан туман пробация бўлими тақдим этган муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бўйича киритилган тақдимномаси кўриб чиқилди. Юнусобод туманида ҳам худди шундай сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда қилмишларидан пушаймон бўлган, ўзларини ижобий томондан кўрсатган бир қатор шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроқ турига ўзартириш масалалари кўриб чиқилди. Мажлисда ўз қилмишидан пушаймон бўлган, интизомий жазоларга йўл қўймаган, ўзини ижобий томондан кўрсатган бир қанча шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди ҳамда суднинг қарори билан уларга енгиллик берилди. Сайёр суд қарорига кўра муддатидан илгари шартли озод қилинган, жазоси енгилроғига алмаштирилган шахслар билан пробация ходимлари томонидан олиб борилган профилактик-тушунтириш ишлари, суҳбатлар жараёнида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тушунтирилиб, мурожаатларининг ижроси назоратга олинди. Бу каби шахсларнинг жамиятимизнинг тўлақонли фуқаролари бўлиши, мослашувини таъминлаш борасидаги ишлар пойтахтимизнинг бошқа туманлари Пробация хизмати томонидан ҳам амалга оширилмоқда.