Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари бу йили туризм учун пандемиядан кейин қайта тикланиш даври бошланганини таъкидлади. Жумладан:
- сентябргача бўлган даврда юртимизга келган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди ва 3,1 миллион нафарни ташкил этди;
- йил бошидан туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди (2019 йил давомида 951 миллион доллар бўлган);
- юртимизга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайди (бу 2019 йилда ўртача 3 кунни ташкил этиб, улар 195 доллар сарфлаган);
Ички саёҳат қилувчилар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 3,5 бараварга ўсиб, 7,5 миллион нафарни ташкил қилди.
Туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб бориши, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмаслиги кўрсатиб ўтилди. Туризм соҳасида яратилган битта иш ўрни турдош тармоқларда қўшимча иккита иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради.
Буни тушунган вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари тадбиркорлар билан ишлаб, сайёҳлар келадиган жойларни кўпайтираяпти.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2469
Йиғилишда таъкидланганидек, йил бошидан Самарқанд – 900 минг, Фарғона – 850 минг, Андижон – 650 минг ички сайёҳларни қабул қилиб, бу борада пешқадам бўлди.
Лекин, айрим вилоят, туман ва шаҳарлар натижалари яхши эмас. Сирдарёга – 151 минг, Навоийга – 262 минг, Жиззахга – 275 минг ички сайёҳ ташриф буюриб, бу уларнинг салоҳиятидан анча кам бўлди.
Четдан келган туристлар учун кўрсатилган хизматлар Қашқадарёда жуда паст бўлиб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган.
Шу билан бирга, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Наманган ва Сурхондарёда ҳам хорижий туристларга хизмат кўрсатишдан тушумлар қолган ҳудудлардан анча орқада.
Айниқса, Шеробод, Олтинсой, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Гулистон, Янгийўл, Хива туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган.
Ишларни етарли даражада ташкил этмагани учун:
- Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимовга ҳайфсан берилди;
- Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Шеробод, Олтинсой, Гулистон, Янгийўл, Хива туманлари ҳокимлари бугун ишдан олиниб, ўзгариш қилиш учун уларга уч ой синов муддати берилади.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2470
Бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафтасига бир марта туроператор, меҳмонхона ва дам олиш масканлари вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб борадиган тизим жорий қилинади.
Сўнгги йилларда туризм соҳаси олдидаги 11 та катта муаммолардан 6 таси ҳал қилинди. Хусусан:
1) Сайёҳларга виза бериш кескин либераллаштирилди.
2) Аэропортларда навбатлар ва текширишларга барҳам берилди, яшил йўлаклар қилинди, вокзалларда ҳам қулай шароитлар яратилди.
3) Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди, улар эркин ҳаракатланиши учун ҳамма шароитлар яратилди.
4) Валюта айирбошлашга чекловлар бекор қилинди.
5) Меҳмон ўринлари сони 3 баробарга кўпайиб, 125 мингтага етди (2017 йилда 37 мингта эди).
6) туристик корхоналар учун ижтимоий солиқ ва айланма солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди, ер солиғи ва мол-мулк солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2471
Давлатимиз раҳбари соҳа олдида турган яна 6 та катта масала ечими бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб бермоқда.
"Ўтган ҳафта Самарқандда янги барпо этилган Туристик марказда йирик халқаро тарихий тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини юқори савияда ўтказдик.
Бунда халқимиз, давлатимиз юксак маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон раислиги ва Самарқанд саммити доирасидаги кенг кўламли ишларимиз ва ташаббусларимизга халқаро ташкилотлар, иштирокчи давлатлар раҳбарлари юқори баҳо бергани барчамизга ғурур бағишлайди.
Самарқандда барпо этилган янги аэропорт, 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, парк, бошқа кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари – мамлакатимиз тарихида янги туризм дарвозаси ва Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланишига аминман", деди Президент.
Энди уларни ҳам ўзимизнинг аҳоли, ҳам хорижий сайёҳлар учун ишлатишимиз кераклиги таъкидланди.
Шу боис Ташқи ишлар вазирлигига:
- “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясини ўтказиш;
- Самарқандга саёҳлар оқимини ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Элчихоналар олдига хорижий мамлакатларда тарғибот кампанияси, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2472
"Энди транспорт вазири Маҳкамов ҳам уйғонадиган вақт келди", деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Транспорт вазирлигига:
- барча давлатларнинг авиацияга масъул идораларига Самарқанд аэропортида хорижий авиакомпаниялар рейслари ва йўналишларига бўлган барча чекловлар олиб ташланганини етказиш;
- хорижий авиакомпаниялар билан келишувга эришиб, Самарқандга Европа, Осиё, Америка, Араб давлатлари ҳамда қўшни мамлакатлардан кунига камида 10 та халқаро рейсларни йўлга қўйиш;
- водий, Нукус, Урганч ва Термиздан ҳар куни камида 1 та авиақатновни йўлга қўйиш топширилди.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Самарқандда бир йиллик халқаро учрашувлар ва анжуманларни ўтказиш дастурини тасдиқлаш топшириғи берилди.
Умуман, беш кун муддатда Самарқанддаги янги мажмуаларни ишлатиш, бунинг учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2473
Ҳамма вилоят, шаҳар ва туманларда сайёҳлар борадиган жойларни кўпайтириш кераклиги қайд этилди.
"Ҳар бир ҳоким ўзига шундай саволни берсин: “менинг вилоятим, шаҳар ва туманимга сайёҳлар қаерга ва нимани кўришга келади?” Қайси ҳоким шу саволга тўғри жавоб топиб, туризм дастурларини қилса, албатта ўзгариш бўлади", деди Президент.
Ҳар бир вилоят ҳокимига ички ва четдан турист жалб қилиш бўйича ўзининг “туристик ҳалқаси”ни ташкил этиш бўйича лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Энг яхши лойиҳаларга танлов асосида 20 миллион долларгача кредит ажратилади.
Марказий банкка 1 триллион сўмлик кредит ресурсларини ажратиш, йил якунига қадар яна қўшимча 100 миллион доллар хорижий кредит линиялари жалб қилиш топшириғи берилган бўлсада, бу маблағлар ҳали тадбиркорларга етиб бормагани танқид қилинди.
Агар 1 триллион сўм маблағлар тижорат банкларига жойлаштирилмаса, Марказий банк раҳбариятига нисбатан қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.
1 ноябргача туризм хизматлари учун 100 миллион долларлик кредит линиясини очиш, йил якунига қадар келгуси йил учун яна қўшимча 100 миллион доллар жалб қилиш топширилди.
Шунингдек, мутасаддиларга:
- барча сув омборлари, ўрмон хўжалиги ерларини ўрганиб, уларда туристик зоналар ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш;
- божхона-чегара пунктларидан тезкор ўтказиш хизматини йўлга қўйиш, туристик ахборот марказларини ишга тушириш бўйича таклиф киритиш;
Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмнинг чўл ҳудудларида “сафари” туризмини ривожлантириш мақсадида йўл танламас транспортлар учун импорт тўловларини тушириш таклифини киритиш топширилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2474
Президент мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Молия вазирлигига Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 миллиард сўм ажратиш топширилди.
Туризм вазирлиги олдига зиёрат туризми салоҳияти юқори Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга авиарейсларни кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилди.
Зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида маълумот бера оладиган мутахассислар ва гидлар ҳам камлиги айтилди.
Шу муносабат билан Ислом академияси, "Ипак йўли" университетига зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2475
Йиғилишда инфратузилма масаласи ҳалигача долзарб бўлиб қолаётгани таъкидланди.
Ушбу масалаларни ҳал этиш учун 200 миллиард сўм ажратилса, камида 3 миллион туристни жалб қилиш мумкин.
Шу муносабат билан мутасаддиларга:
вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда туризм маҳаллаларида йўл, электр, сув ва интернет муаммосини ҳал этиш бўйича ҳукумат қарорини киритиш;
ушбу дастурни молиялаштиришга йилига 200 миллиард сўм ажратиш;
йил якунигача оилавий меҳмонхоналарни кўпайтириш учун оилавий тадбиркорлик дастурларига қўшимча 500 миллиард сўм йўналтириш;
келгуси йил 1 апрелга қадар Корея тажрибаси асосида 135 та туризм маҳалласини тадбиркорларга бошқарувга бериб, уларни тематик туризм қишлоқларига айлантириш топширилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2476
“Тошкент-Самарқанд” ва “Тошкент-Андижон” йўналишларида автомобилда йўловчи ташиш вақти ўртача 1-1,5 соатга кўпайди. Лекин, темир йўл ва авиа қатновлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис тегишли мутасаддиларга:
- водий вилоятларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Урганч шаҳарларига ҳар куни авиарейсларни йўлга қўйиш;
- вилоят марказларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларига авиа ва темир йўл қатновларини 2 баравар кўпайтириш;
- камида 500 та эски типдаги вагонларни келгуси икки йилда реконструкция қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш;
- вилоятлар ҳудудидаги конгрес-холл, саройлар, меҳмонхоналар инфратузилмасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш;
- швейцариялик мутахассислар билан бирга Бухоро, Зомин ва Бўстонлиқ туризм коллежларида меҳмонхона бошқаруви, сервис ва бошқа йўналишларда янги ўқув дастурлари асосида ўқитишни бошлаш;
- “Ипак йўли” туризм университетида меҳмонхона ва сервис соҳасида ўрта бўғин ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаб, йилига камида 1 минг нафар ёшларни ўқитиш топширилди.
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раиси Ҳ.Ҳосилов 3 ойда ўз тизимида ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2477
“Дьюти фри” ва “такс фри” тизимларини жорий этиш бўйича қарор имзоланганидан 3 йил ўтганига қарамай, бу борада сусткашликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Туризм вазири А.Абдуҳакимов, молия вазири Т.Ишметов, Солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев ва Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов қатъий огоҳлантирилди: ушбу тизим 2023 йил 1 январдан тўлиқ ишга тушиши шарт.
Видеоселектор йиғилишида сайёҳлик ташкилотларига қўйилган талабларни соддалаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мисол учун, бугунги кунда меҳмонхона ташкил этиш учун 97 та, “юлдуз” олиш учун эса 138 та талаб мавжуд.
“Агар туризм соҳасида рақобат қилишни истасак, биринчи навбатда, меҳмонхоналар сифатига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур”, деди Президент.
Меҳмонхоналар ташкил этиш учун талабларни халқаро стандартлар асосида соддалаштириш топширилди.
Туристларни ички ишлар идораларида рўйхатга олиш тизими ҳам енгиллаштирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
“Энг ривожланган мамлакатлар ҳам ҳар бир турист учун талашаётган пайтда, биздаги ортиқча чекловларни ҳаммасини қайта кўриб чиқиш керак”, деди давлатимиз раҳбари.
Шу муносабат билан туризм ва ички ишлар вазирларига хорижий туристларни ички ишлар идораларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун рухсат олишдан онлайн хабардор қилиш тартибига ўтказиш топширилди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2478
Йиғилишда турагентларга лицензия талабини бекор қилиб, хабардор қилиш тартибига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.
Умуман, Туризм вазирлиги ва вилоят ҳокимлари олдига янги имкониятлардан фойдаланиб, келгуси йилда камида 7 миллион хорижий ва 12 миллион ички туристларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Келгуси йилда туризм экспортини камида 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2479