30 Сентябр 2024 йил 1118

Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлат мукофотларини топширади ҳамда соҳа вакиллари билан таълимда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот ўтказди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари янгидан ташкил этилган Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида яратилган шароитлар билан танишди.


Аввало, алоҳида ўрнак кўрсатган таълим соҳаси ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 


Президент мамлакатимизнинг барча таълим-тарбия ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этиб, давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.


Мулоқотда бугунги кунда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотлар инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётгани таъкидланди.


Бош мақсади янги замон кишисини, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш бўлган таълим ва тарбия соҳаси учун бу вазифа алоҳида аҳамият касб этади. 


“Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар.


Бунинг учун аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак. 


Шундагина у ўзининг чинакам инсоний ва касбий фазилатларини амалда намоён қила олади”, - деди Президент.


“Янгиланган Конституциямизда дунёдаги мўътабар шахс – ўқитувчи мақомини алоҳида мустаҳкамлаш, бу касбни жамиятдаги энг обрўли ишга айлантириш менинг неча йиллик орзуим, керак бўлса, армоним эди. 


Чунки ўзим ҳам кўп йиллар шу соҳада ишлаганман. Ўқитувчи меҳнати қанчалик оғир ва машаққатли эканини яхши биламан.


Афсуски, ана шундай шарафли ва олижаноб касб эгаларига биз яқин ўтмишда етарлича ҳурмат ва эътибор қарата олмадик.


Сир эмас, қайси соҳага қўшимча ишчи кучи керак бўлса, биринчи навбатда ўқитувчи-педагоглар жалб этиладиган бўлиб қолган эди. 


Биз мамлакатимизда янги ислоҳотларни бошлаган биринчи кунлардан эътиборан ана шу оғриқли масалани ҳал этишга – ўқитувчиларни, болалар ва аёлларни мажбурий меҳнатдан халос қилишга киришдик. 


Қатъий ирода ва интилиш билан бу нохуш ҳолатлар бугун тарихга айланди.


Мана, бу йил “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилдик. Конституциямизда белгиланган қоида энди ана шу қонун асосида ишлай бошлайди. 


Кимки ўқитувчига босим ўтказиб, унинг касб фаолиятига дахли бўлмаган ишларга, турли мажлисларга жалб этмоқчи бўлса, ана шу қонун асосида жавобгарликка тортилади”, - деди Президентимиз.


Бугун таълим ва тарбия соҳасидаги барча ўзгаришлар марказида билимдон, ижодкор, ватанпарвар ва жонкуяр муаллим шахси туриши кераклиги кўрсатиб ўтилди.


Акс ҳолда соҳага йўналтираётган шунча маблағ, қурилаётган бино ва иншоотлар, моддий-техник база ҳавога совурилгандек бекорга кетиши қайд этилди. 


“Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз лозим. Давлатнинг, халқнинг пешона тери билан топган бойлиги, биринчи навбатда, ёш авлод тарбияси учун, келажагимиз учун ишлаши шарт”, - деди Президент.


Давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилаётган катта ишлар борасида баъзи мисолларни келтирди.


Ўтган 7 йилда таълимни ривожлантиришга жами 216 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун бюджетдан 19,5 триллион сўм сарфланиб, 6 мингта давлат мактаби ва 3,5 мингта боғча реконструкция қилинди ва янгидан қурилди.


Хусусий таълимга кенг имкониятлар яратилаётгани туфайли хусусий мактаблар сони 27 тадан 500 тага етди, нодавлат боғчалар 250 тадан 30 мингтага кўпайди.


Бу моддий ресурслар биринчи навбатда интеллектуал-маънавий ресурслар билан тўлдирилиши кераклиги, шундагина таълимда сифат, самара бўлиши таъкидланди. 


Интеллектуал-маънавий ресурслар – бу аввало ўқитувчининг билим ва тажрибаси, маҳорати, унинг маданий даражаси, маънавий савияси деганидир.


Албатта, бундай уйғунликка эришиш осон эмас. Бунинг учун катта-катта маблағлардан ташқари улкан инсоний ресурс, билим ва тажриба, кадрлар салоҳияти, энг муҳими, ўқитувчиларнинг ватанпарварлик фазилатлари талаб этилади.


Айни вақтда, бугунги кунда таълим соҳасида стратегик тафаккур зарур. Бу нима дегани? 


Бу ўн-ўн беш йил олдинни кўриб, таълим масканларини фақат бугунги кун учун эмас, келажак учун ишлайдиган даражага кўтариш дегани. 


Чунки таълимда, маърифатда орқада қолганлар – ҳеч шубҳасиз, тараққиётда ҳам орқада қолади. Бу – тарихда исботланган ҳақиқат. 


“Ҳар бир ўқитувчи ва мураббий, боғча мудираси, мактаб директори маълум маънода стратег бўлиши зарур.


Улар аввало эл-юрт тақдири ва келажагини ҳал қиладиган улуғ мақсадлар йўлида хизмат қилаётганларини чуқур англаб етишлари ва шу асосда ҳаракат қилишлари лозим”, - деди давлат раҳбари.


Ўтган даврда илгари эътибордан четда қолган йўналишлар, хусусан, педагогик таълимга, унинг илмий, назарий ва амалий асосларига эътибор кучайтирилди.


Кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш учун олийгоҳларда сиртқи таълим шакли тикланди. 


Ўқитувчиларга маҳорати ва эришган ютуқларига қараб тўланадиган устамалар сони 3 тадан 17 тага оширилди. 


Ўз устида астойдил ишлаган, хорижий сертификат олган 6 минг ўқитувчи 10 миллион сўмдан зиёд маош олмоқда. 2020 йилда бундай ўқитувчилар 102 нафар бўлган.


Албатта, бу ҳали етарли эмаслиги, лекин ушбу рақам кейинги икки йилда 5,3 баробар ошгани таъкидланди.


Ўтган 5 йилда мактаб таълимида, таъбир жоиз бўлса, локомотив вазифасини бажарадиган 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилди.


Ана шу мактаблар дастурлари асосида табиий ва аниқ фанлар бўйича замонавий дарсликлар яратилмоқда.


Энг муҳими, бу мактаблар аниқ самара бера бошлади. Ушбу мактабларни битирган 100 нафар йигит-қиз дунёнинг ТОП-100  олийгоҳларида таҳсил олмоқда.


Президент мактабларидаги баҳолаш тизими ҳозир 500 та умумтаълим мактабида қўлланмоқда. Баҳолашни самарали йўлга қўйган 66 та мактаб жамоасига 40 фоизгача устама тўланмоқда.


Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни селекция йўли билан танлаб олиш бўйича илгари бўлмаган янги тизим йўлга қўйилди.


Натижада бу йилнинг ўзида халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 122 та медални қўлга киритди.


Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 карра ошди. 


Бу йил 310 минг нафар ўғил-қизларимиз олийгоҳ талабалари бўлди. Ана шу ёшларнинг қарийб ярми қизлардир. 


Бундай натижа илгари ҳеч қачон бўлмаган.


“Яна бир бор айтаман: қанча ислоҳот қилмайлик, биринчи навбатда ўқитувчининг билими ва касб маҳоратини оширмас эканмиз, сифатли таълимни таъминлай олмаймиз”,

 - деди Президент.


Бугунги кунда давлат таълим муассасаларида 46 минг нафар, хусусий ташкилотларда эса 38 минг нафар педагог 5 йил давомида малака оширмагани афсус билан қайд этилди.


Бу йил аттестация жараёнлари шаффоф бўлиши учун сунъий интеллект ва рақамли технологиялар қўлланди. Натижада 198 минг ўқитувчидан 21 минг нафари малака бўйича етарли балл тўплай олмади.


Бу барчамизни ташвишга солиши керак бўлган ҳолат экани кўрсатиб ўтилди.


“Бугунги очиқ мулоқотимиз салкам бир асрлик тарихга эга бўлган Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтида ўтаётгани албатта бежиз эмас.


Мен йиғилишдан олдин ҳозирги кунда мутлақо янгича қиёфага эга бўлган институтда яратилган шароитлар, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича янги тизим тақдимоти билан танишдим.


Бундан буён таълим сифатини янги босқичга кўтариш учун ишни 7 та йўналишда ташкил этамиз”, - деди Президент.


Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлиши белгиланди.


Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади.


Ҳокимларга жойлардаги барча малака ошириш марказларини замонавий қиёфага келтириш топширилди.


Малака оширишда вазирлик, малака ошириш маркази, мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.


Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ташкил этади.


Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.


Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш албатта давом эттирилиши таъкидланди.


Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. 


Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.


Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. 


Шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.


Ўқитувчилар учун 1 минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бораётганини шу мисолда яққол кўриш мумкин.


Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳар йили соғлиғини тиклаш учун санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сонини 2 баробар оширса, мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.


Ректорлар ҳам олийгоҳларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан профессор-ўқитувчилар учун сиҳатгоҳ йўлланмалари сонини 50 фоизга оширишлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди.


Бир йил олдин мактаб директорларини ўқитиш тизими жорий этилган эди. Бугунги кунда улардан 1 минг 206 нафари менежерлик сертификатига эга бўлди. Ҳозир ана шу директорларга устама берилмоқда.


Энди бу амалиёт 2025 йил 1 сентябрдан боғча мудираларига ҳам татбиқ этилади ва уларга ҳар ойда 30 фоизгача қўшимча устама тўланади.


Мактаб директори, унинг бошқарувчилик маҳорати ҳақида муҳим қўлланма бўладиган китоблар йўқлиги қайд этилиб, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда мактаб директорлари ҳақида ана шундай китоб тайёрланса, айни муддао бўлиши таъкидланди.


Аҳоли ўсиши туфайли йилига мактабларда – 120 мингта, боғчаларда – 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда.


Келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилинади ва янгилари барпо этилади.


Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида келгуси 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилади.


Янги йилдан бошлаб хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредит фоизининг асосий ставкадан 1,5 баробар ошган қисми бюджетдан қопланади.


Шунингдек, янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади. 


Тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланади.


Таълимда сифат ва рақобатни таъминлаш учун рақамлаштириш даражаси оширилади.


Ўтган 5 йилда 13 минг 500 дан ортиқ компьютер синф хоналари 200 мингта замонавий компьютер билан таъминланди. Келгуси йил яна 2 мингдан зиёд компьютер синфлари янгиланади, бунга бюджетдан 400 миллиард сўм берилади. 


Ана шу компьютерларга электрон таълим контентлари юкланиб, болалар учун мустақил таълим олиш имконияти ошади.


Ўқувчилар мурракаб концепцияларни осон ўзлаштириши учун аниқ ва табиий фанлар бўйича виртуал лабораториялар ташкил этилади. Янги ўқув йилидан бошлаб бундай лабораториялар ҳар бир вилоятда 10 тадан мактабда ташкил этилади.


Шунингдек, мактаб тизимида ўқитувчи ўз имконияти ва ютуқларини, янги ишланмаларини эълон қилиши учун ягона онлайн платформа яратилади.


Хусусий боғчалар каби 6 минг 800 та давлат боғчаларида ҳам давомат, тўловлар, озиқ-овқат харажатларини шакллантириш тўлиқ рақамлаштирилади.


Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, шу тариқа йилига 10 фоиз маблағ тежалади.


Иқтисод қилинган пуллар “Таълимни ривожлантириш” жамғармасига йўналтирилиб, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва маҳоратли ўқитувчиларни рағбатлантиришга сарфланади.


Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси оммалаштирилади.


Ушбу йўналишда яна 1 мингта умумтаълим муассасасида Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблардаги баҳолаш тизимини жорий этиш бошланди.


Лекин, уларнинг 300 тасида моддий-техник база талабга мутлақо жавоб бермайди. 


Туман ва шаҳар ҳокимларига ҳар ҳафтада мактаблардан хабар олиш, камчиликларни бартараф этиш, муаллимлар билан яқиндан суҳбат қуриб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ишларини кучайтириш топширилди. 


Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига янги баҳолаш тизими татбиқ қилинаётган, лекин таъмирга муҳтож 300 та мактабни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини олти ой муддатда якунлаш вазифаси қўйилди.


Бундан буён ҳудудларнинг биринчи раҳбарлари фаолиятига баҳо беришда таълимнинг сифати, мактаблардаги шароит, ўқитувчиларнинг қадр-қиммати асосий мезонлардан бири бўлиши белгиланди.


Мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерлари ташкил этилади.


Кластер тажриба-синов тариқасида дастлаб Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги педагогика коллежларида барпо этилади ва ҳудудлардаги педагогика институтлари бошқарувида бўлади.


Андижон ва Бухоро педагогика институтлари бунга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 25 миллиард сўмдан ажратади.


Иқтидорли ёшларни селекция қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.


Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади.


Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медаль олган ўқувчига – 170 миллион сўм, кумуш медалга – 102 миллион сўм, бронза медаль учун – 68 миллион сўм мукофот пули берилади.


Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 миллиондан 150 миллион сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади.


Илк бор халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар жамоаси раҳбарларини ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.


Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган фарзандларимизни тантанали кутиб олиб, уларни ҳам қаҳрамонлар сифатида эъзозлаб, халқимизга танитиш зарурлиги таъкидланди.


Бу йил 14 та мактабда педагог касбига қизиққан 10-11-синф ўқувчилари учун алоҳида синфлар ташкил этилди.


Келгуси ўқув йилидан яна 60 та мактабда, жумладан, 10 та ихтисослашган мактабда бу тажриба жорий қилинади.


Келажакда ушбу синфларни тамомлаган ўқувчилар шу йўналишдаги олийгоҳларга кирса, уларга 2-курсдан мактабга бориб касбий маҳоратини ошириши учун имконият яратилади. Алоҳида қобилиятга эга талабаларга дарс ўтгани учун ойлик ҳам тўланади.


Президентимиз педагогика йўналишидаги олийгоҳларда таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун Абдулла Авлоний номидаги стипендияни ташкил этишни таклиф қилди.


Сифатли таълимнинг ажралмас қисми бўлган тарбия ва одоб-ахлоқ жараёнлари замонавий ёндашув асосида йўлга қўйилади.


Шу мақсадда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти янгидан ташкил этилди. 


Ушбу институтнинг тарбия соҳасидаги миллий анъаналарни ўрганиш, тиклаш ва замонавий маънавий-ахлоқий тарбия тизимини жорий қилиш йўналишидаги фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.


Ёшларимизда ғоявий иммунитетни шакллантиришда катталар ҳам ижтимоий тармоқларда фаол бўлиши, болаларимизга ижобий таъсир кўрсатишлари кераклиги таъкидланди.


Мутасаддиларга ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун тарбияга оид рақамли контент яратиш топширилди.


Ушбу контент “Миллий тарбия” электрон платформасига ва етакчи ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб, доимо янгилаб борилади.


Ёшларни миллий руҳда тарбиялашда маданият ва санъат беқиёс аҳамиятга эга.


Маданият ва санъат билан ошно бўлган ўқувчилар эзгуликнинг кучини чуқур ҳис этади, уларда ўзига ишонч пайдо бўлади. 


Шу муносабат билан мусиқа ўқитувчиларининг касбий маҳорати ва кўникмасини ошириш, маданият ва санъат тизимидаги олийгоҳларда умумтаълим мактаблари учун мусиқа ўқитувчиларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. 


“Турон” театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоаларини ташкил қилиш муҳимлиги айтилди.


Бу жамоаларга мусиқа ўқитувчилари раҳбарлик қилади. Мусиқа мактаблари эса жойларда таянч мактаби сифатида иш олиб боради.


Президентимиз яна бир муҳим масалага эътибор қаратди:


“Сиз, ҳурматли устозлар мактаб ўқувчиларидан “Мен қандай касб эгаси бўлмоқчиман?” деган мавзуда иншолар, ёзма ишлар оласизлар. Лекин, ўқувчилар ёзган ана шу ишлар таҳлили билан кимдир шуғулланяптими?


Республика ва вилоят кесимида фарзандларимиз қайси касбларни энг кўп танлашмоқда?


Энг муҳими, болаларимиз танлаётган касбларга келажакда меҳнат бозорида талаб бўладими ўзи?”


Болаларнинг ёзма ишларини чуқур таҳлил қилиб, уларнинг орзу ва интилишларини аниқлаб, мустақил ҳаётга тўғри йўналтириш асосий вазифа бўлиши кераклиги таъкидланди.


Мутасаддиларга мактаб ўқувчилари ўртасида турли мавзуларда иншолар, ёзма ишлар танловларини ўтказишни мунтазам йўлга қўйиш ва уларнинг таҳлили бўйича янги тизим яратиш топширилди.


Давлатимиз раҳбари ўқувчиларнинг китобхонлик маданияти доимо эътибор марказида бўлишини таъкидлади.


Ўқувчиларда китобга бўлган қизиқишни ошириш, уларга китобхонлик маданиятини сингдириш учун алоҳида танлов ўтказиб, ғолиб бўлган ёшларга автомобиль совға қилиш йўлга қўйилган.


Мутасаддиларга бу ишларни янада оммалаштириш ва керак бўлса, энг олис қишлоқдаги мактабларга ҳам етказиш топширилди.


Бунинг учун мактаблардаги маънавият хонаси ва кутубхонаси зарур техника ва оптик толали Интернет тармоғи билан таъминланади, барча мактабларнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон порталидан фойдаланиши ташкил этилади.


Президент юртимиздаги барча ота-оналар, устоз ва мураббийларга мурожаат қилди:


“Бизнинг дунёдаги энг азиз ва мўътабар хазинамиз – бу умримиз гули ва меваси бўлган фарзанд ва набираларимиздир. 


Ҳеч шубҳасиз, барчамиз уларнинг келажакда бахтли ва саодатли инсонлар бўлиб яшашини истаймиз. Лекин бунга эришиш осон эмас. 


Айниқса, бугунги таҳликали даврда эзгу мақсадларга етиш учун инсонга ҳушёрлик ва огоҳлик, қатъий ирода, юксак билим ва кенг дунёқараш, замонавий касб-ҳунарлар ҳар қачонгидан ҳам зарур. 


Таълим ва тарбия – бутун жамиятнинг муқаддас ишидир! Барчамиздан доимо ҳамжиҳатлик, фаоллик ва фидойиликни талаб этадиган ҳаёт-мамот масаласидир. 


Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!


Фарзандларимизнинг бахти, ёруғ келажаги учун, жонажон Ватанимиз истиқболи учун мустаҳкам пойдевор яратайлик!”


Ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтиришда спортчи мураббийларимиз ва ҳарбийларимиз ҳам фаол бўлишлари зарурлиги таъкидланди.


Бугун замоннинг ўзи ҳар биримиздан она юрт ҳимоячиси, ватанпарвар бўлишни талаб этмоқда. 


Бунда айниқса мард ва жасур сержант ва офицерлар, ҳарбий чақириққа тайёрлаш фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.


Ҳозир мактабларда қарийб 10 минг нафар ана шундай ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, уларнинг аксариятида ҳарбий соҳадаги замонавий билим ва кўникмалар, улар учун иш шароити талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.


Энди мана шу ўқитувчилар Мудофаа вазири томонидан захирадаги ҳарбий хизматчилар таркиби орасидан тайинланиши белгиланди.


“Шу борада, бир фикрни барчамиз чуқур тушуниб олишимиз керак. Ватанпарварлик тарбияси – бу фақат ҳарбий ёки таълим соҳаси ходимларининг иши эмас. Бу – бутун жамиятнинг иши. 


Бу ишга бутун жамоатчиликни фаол жалб этмас эканмиз, кутилган натижага эришиш қийин бўлади.


Албатта, ёшларимиз яхши шифокор, истеъдодли олим, моҳир IT билимдони, зўр тадбиркор бўлиши мумкин.


Лекин, улар чинакам ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етмаса, ўзингиз айтинг, халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун эртага ким масъул бўлади?


Шу боис, маҳалла, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари бу масалада ўз фаолият дастурига эга бўлиши зарур.


Ёшларимиз онгига барчамиз биргаликда “Мен ҳақиқий ватанпарвар бўламан” деган ғояни чуқур сингдиришимиз керак”, - деди Президент.


Тарбия борасида миллий спортимиз фидойилари, хусусан, жисмоний тарбия ўқитувчиларига кўп нарса боғлиқлиги таъкидланди.


Афсуски, мактаблардаги 33 минг нафар жисмоний тарбия ўқитувчисининг касбий ва жисмоний маҳорати етарли эмас.


Мутасаддиларга бу ўқитувчилар таркибини фаол ва чемпион спортчилар орасидан танлов асосида тўлдириш, уларнинг касбий маҳорати ва малакасини Жисмоний тарбия институтида ошириб боришни йўлга қўйиш топширилди.


Мактабларда ёшларни ақлий ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган шахматни оммалаштириш учун алоҳида қарор лойиҳаси ишлаб чиқиладиган бўлди. Ёшларимиз ўртасида бу спорт тури янада ривожлантирилади.


Шундагина спорт бўйича яхлит тизим пайдо бўлиб, мактабларда жисмоний тарбия дарсларининг сифати ошади, маҳалларда оммавий спорт ривожланади.


Сўнг юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган мактаб ўқитувчилари ва директорлари ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, таклиф ва ташаббусларини айтдилар. 


Юртимиз мактаб таълими тизимида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, ўқитувчилик касби нуфузи ва мақомини янада юксалтириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли ишлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.


Президент педагоглар илгари сурган ташаббусларни чуқур ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.


“Яна бир бор такрорлайман: нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Ҳаммамиз кўриб турибмиз: бугунги шиддатли замон олдимизга қандай оғир ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. 


Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга етиш учун халқимиз, аввало, ёшларимизни илм-фан ва тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз шарт.


Бу йўлда мен биринчи навбатда сизларга ишонаман, сизларнинг катта билим ва тажрибангиз, педагогик маҳоратингизга, ноёб инсоний фазилатларингизга таянаман”, - деди Президент сўзининг якунида.

Барча янгиликлар

Text to speech