ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ огоҳлантиради: Интернет тармоғида фирибгарликнинг янги кўриниши авж олмоқда

Шу кунларда фирибгарлар томонидан телеграм мессенжери орқали юқори лавозимларда ишловчи вазирлик, идора ва турли хил ташкилотлар раҳбар ҳамда масъул ходимлари номидан соҳта профиллар яратилиб, қўл остидаги ходимларни алдаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу қандай содир бўлади?! Фирибгарлар корхона ёки ташклот раҳбари номидан телеграм мессенжерида соҳта аккаунт очиб қўл остидаги ишчилардан бирига СМС ёзади. Мулоқот давомида ходим билан гуёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қизиқаётгани ва ундан (раҳбардан) баъзи маълумотларни сўрашганини айтади. Бироздан сўнг унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими алоқага чиқишини маълум қилади. Фирибгарнинг, яъни “ўз раҳбарини” гапларига ишонган ходим бир неча дақиқадан сўнг у билан алоқага чиққан шахсга (гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили) сўраган барча маълумотларини бериб юборади. Бунинг оқибатида фирибгарлар тузоғига илинган ишчи-хизматчилар пластик карталаридаги пул маблағларидан айрилиб қолмоқдалар. Огоҳ бўлинг, шу турдаги келган СМС ёки бошқа хабарларни қабул қилиш ва ишонишдан олдин телефон орқали қўнғироқ қилиб ёки шахсан хабар юборган шахсга алоқага чиқиб, хабарни қайта текшириб кўринг!Ҳурматли фуқаролар агар Сиз шу каби ҳолатларга дуч келган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-55-00 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

16 Октябр 2024 йил

366

Кераклигингни ҳис қилиб яшамоқ – бахт

Ички ишлар органларида хизмат қилишни орзу қилмаган  йигитлар бўлмаса керак. Бироқ меъёрсиз иш куни, байрам ва тантаналарда, оммавий спорт ва кўнгилочар тадбирлар, фавқулодда вазиятларда кучайтирилган тартибда хизмат олиб бориш каби хизматнинг ўзига яраша машаққатларини енгиб ўтиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Қонунни менсимайдиган, қонуний талабларни тан олмайдиган қонунбузар, ҳуқуқбузар шахслар ҳақида-ку гапирмасак ҳам бўлади. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғи, подполковник  Фарҳод Касимов учун касб танлашда муаммо туғилмаган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тамомлаган  лавҳамиз қаҳрамони 1997 йилда Тошкент вилояти ИИБ Зангиота тумани ИИБ Жиноят-қидирув бўлимида тезкор вакил бўлиб хизматни бошлади. Устозлари бўлим бошлиғи, майор Насриддин Абдазов,  бўлим катта тезкор вакили, капитан Азиз Ташпулатовлардан касбнинг сир-асрорларини қунт ва тиришқоқлик билан ўзлаштириб борди. Ўша йилларда юртимиз мустақилликнинг илк йилларини бошидан кечираётган, ҳали мустаҳкам оёққа турмаганлигидан фойдаланиб, Республикамизга жиноятчиликнинг кўплаб турлари қаторида терроризм, гиёҳвандлик, иқтисодий жиноятчилик каби трансжиноят унсурлари кириб келаётган эди. Таъкидлаш жоизки, мард ва фидокор халқимиз, ватанпарвар ва бурчига содиқ ўғлонларимиз туфайли бу синовлардан муваффақиятли ўтиб, мустақил Ўзбекистонни қуриш бахтига муяссар бўлдик. Ўша йилларда жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб борган, кўплаб мудҳиш жиноятларнинг гувоҳи бўлган қаҳрамонимиз бу йилларни хотирлашни хуш кўрмайди. Аммо бир жиноят ҳали-ҳамон унинг вужудини жунбушга келтиради.— 90-йиллар охири. Навбатчилик қисмига тушган таҳликали қўнғироқ бўйича манзилга етиб келдик. Хонадонда  кўзим тушган биринчи ҳолат қонга беланган қўғирчоқ бўлди. Кўзлари катта-катта,қоп-қора, киприклари қуюқ, тим қора сочлари жингала-жингала, бир неча тутами пешонасидан чиройли териб қўйилгандек қора қошларига тушиб, оппоқ юзларига ўзгача илоҳий бир гўзаллик бағишлаган. Қўғирчоқ эмас, гўёки бир эртаклардаги малак, дейсиз. Аммо яқинроқ борганимда унинг олти ёшга тўлмаган қизча эканлигини билгач, сесканиб, титраб кетдим. Шундай бир фариштага ваҳшийлик қилган кимса қанчалар қабиҳ, иблис бўлишини тасаввур қилиш қийин. Бу одам қиёфасидаги қотилни топишга онт ичдим. Уни қўлга олганимизда биринчи саволим қизчанинг айби нимада эди, деб сўраганим бўлди.”Онасини ўлдириб чиқиб кетаётганимда кўчадан кириб келиб қолди. Гувоҳни йўқотишим керак эди”, деб жавоб берди.Жиноят у қандай бўлмасин, жиноятчига жазо муқаррарлигини таъминлаш ички ишлар органлари ходимларининг  асосий вазифаларидандир. Ушбу тамойил мана ўттиз йилга яқин хизмати давомида подполковник Фарҳод Касимовнинг  шиори бўлиб хизмат қилмоқда. Яккасарой туманидаги 32 мингдан ошиқ  аҳолиси, 3200дан ортиқроқ ўсмир-ёшлари истиқомат қилувчи 5та маҳаллани қамраган 3-сонли ички ишлар бўлими фаолиятини ҳам маҳаллаларда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадига қаратган. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари, кўчабоши ва уйбошиларнинг ходимлар билан ҳамкорликда, бир ёқадан бош чиқариб ишлашини ташкиллаштира олди. Биргаликда огоҳлантириш, профилактик-тушунтириш тадбирлари мунтазам равишда амалга ошириб келиняпти . Маълумки, пойтахтимиз ҳудудида гиёҳванд ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги  давом этмоқда. Маҳалла аҳлининг зийраклиги ва ҳушёрлиги туфайли бир неча гиёҳвандлик  моддаларини белгиланган манзилларга хуфиёна яшириш ҳолатларига чек қўйилди.Подполковник Ф.Касимов хизмат фаолияти давомида кўплаб шогирдларни етиштирган, улар ички ишлар органлари турли соҳаларида сидқидилдан хизмат олиб боришмоқда. Ҳатто айрим шогирдлари бугун раҳбар лавозимларида фаолият юритишига қарамай, Фарҳод Касимовдан маслаҳат ва тавсиялар олишни канда қилишмайди. У эса ишининг тиғизлиги ва қай ҳолатда бўлишига қарамай, уларга йўл-йўриқ кўрсатишга вақт топади. Инсон умрининг маъноси ҳам эҳтимол ана шундай кимларгадир кераклигинг ва тўғри йўл кўрсата олишингдадир. Албатта, шундай!

16 Октябр 2024 йил

128

Тажриба ўз-ўзидан келмайди

Пойтахт ИИББда кўп йиллар ишлаб, бой тажриба орттирган малакали ходимлар талайгина. Уларнинг иш фаолияти, тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги хизматлари ҳақида қанча  ёзсак шунча оз. Шундайлардан бири Яшнобод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Қурбонназар Жуманиёзовдир. Ўзбекистон Қуролли кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтган Қурбонназар касб танлашда иккиланиб ўтирмади. 1995 йилда пойтахтнинг Учтепа (аввалги Акмал Икромов) тумани ИИБ навбатчилик қисмида илк хизматини бошлади. Ёш, интилувчан ва ғайратли йигит хизмат соҳаларига қизиқиши туфайли таҳлилий бўлим, профилактика, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда ўз фаолиятини давом эттирди. 2022 йилдан эса юқорида кўрсатилган лавозимда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Бўлим ҳудуди 16та маҳаллани қамраган. Уларда етмиш саккиз мингдан ортиқ турли миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилиб келмоқда. Турли ёшдаги аҳоли ва 13 мингдан ортиқ ўсмир-ёшлар билан мунтазам равишда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида турли тадбирлар амалга ошириб келиняпти. Айни кунларда пойтахтимиз ҳудудида  “Гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги”да давра суҳбатлари, учрашув ва бошқа тушунтириш, огоҳлантириш ишлари олиб борилмоқда.Амалга оширилган тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида 2024 йилда Яшнобод тумани 3-сонли ИИБ ҳудудидаги маҳаллаларда содир этилган жиноятлар  салмоқли даражада камайди.Содир этилган жиноятларнинг фош этилиши 80 фоиздан 91 фоизга яхшиланди.Ўттиз йилга яқин хизмат фаолияти даврида Қурбонназар кўплаб шогирдлар етиштиришга муваффақ бўлди. Улар ички ишлар органларининг барча соҳаларида,  раҳбарлик лавозимларида пойтахтимизнинг турли туманларида  самарали меҳнат олиб боришмоқда. Таъкидлаш мумкинки,  шу кунгача шогирд ва устозлар ўртасидаги ришталар узилмаган ва шогирдлар исталган вақтда маслаҳат сўраб мурожаат қилишади.     — Хизматимда кўплаб воқеаларнинг шоҳиди бўлдим, — дейди подполковник Қ.Жуманиёзов. — Арзимаган нарсалар учун, нафсини жиловлай олмай мудҳиш жиноятларга қўл урган, оиласи, фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўйган ота-оналар, йўлини йўқотиб адашиб-улоқиб юрган, гиёҳвандлик ва ичкиликка берилган  шахсларни тўғри йўлга солиш, одамийлик қиёфасини йўқотмаслиги учун ёрдам беришга ҳаракат  қилдим. Ҳолбуки, улар юртдошларимиз, ватандошларимиз. Уларга бефарқ бўлсак, бахтли келажагимизни яратишимиз қийин кечади.Подполковник Қурбонназар Жуманиёзовнинг кўп йиллик фидойи хизматлари Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, ИИВ томонидан муносиб тақдирланиб борилди. Турли фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари билан бирга 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти томонидан 1-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан  тақдирланиши унинг кўп йиллик сидқидилдан қилган ҳалол ва самарали меҳнатларининг муносиб эътирофидир.Кўп йиллик бенуқсон хизматлари  туфайли орттирган бой тажрибасини оммалаштириш ва ёш авлодга етказиш мақсадида тиниб-тинчимас Қ.Жуманиёзов шу кунларда ички ишлар органларида махсус техникаларни қўллаш мавзусида илмий иш олиб бориш  борасида изланмоқда. Қаҳрамонимизнинг кўп йиллик машаққатли ва шарафли хизмат йўлига назар ташлар эканмиз, тажриба ўз-ўзидан келмаслиги, уни инсон йиллар давомида ўқиб ўрганиши, қийинчиликларни сабр-тоқат билан енгиб ўтишига тўғри келишига гувоҳ бўламиз. Ички ишлар органларида эса шундай иродали ва матонатлилар хизмат қилишади.

16 Октябр 2024 йил

64

Интерактив хизматлар

Text to speech