11 Феврал 2026 йил 222

Пойтахт ИИББда раҳбар ва ёшлар учрашуви

Ёш ходимларни ватанпарварлик, аждодлар мероси, қадриятларимизга ҳурмат, касбига, бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулиятли ҳамда шарафли иш. Ички ишлар органлари хизматига илк қадам қўйган ёшларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўлланма бериш орқали касбга йўналтирилиши хизмат самарадорлигини таъминлаш, иш фаолиятида юқори натижалар кўрсатишида муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадларда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аппарати, ҳудудий тузилмалари соҳавий хизматларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар, уларнинг ота-оналари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбири ташкиллаштирилди. Тадбирда Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда унинг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Мурод Каримов иштирок этди.

Йиғилганлар олдида сўзга чиққан Равшан Султанходжаев ёшлар масалалари давлат сиёсати даражасида эканлиги, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, ўз истеъдоди ва имкониятлари, салоҳияти, ҳаётий қувватларини намоён этишлари учун берилаётган имтиёзларга тўхталди. Шунингдек, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек шарафли ва масъулиятли ишга бел боғлаган ёшлар учун ички ишлар органларида амалга оширилаётган ижобий ишлар таъкидлаб ўтилди. Ёшлардан касбига садоқат, фуқаролар билан хушмуомалалик, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, ички ишлар органлари ходими деган шарафли номга доғ туширмаслик талаб этилиши қайд этилди. Шу билан бирга пойтахт ички ишлар органлари сафида хизмат вазифаларини бажариш қаторида профессионал спорт билан шуғулланиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган, илм-фан ривожига катта ҳисса қўшаётган, санъат соҳасида нуфузли мукофотларни қўлга киритиб келаётган ёшлар номлари қайд этилиб бир гуруҳ ёшларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқлар ҳамда пул мукофотлари, сидқидилдан меҳнат қилиб тенгдошларига намуна бўлаётган бир гуруҳ ёшларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтказилган тадбирда полковник Равшан Султанходжаев йиғилиш иштирокчилари билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари, хизмат фаолияти ҳамда ижтимоий мавзулардаги муаммоларига қизиқди. Хизмат фаолиятини янада яхшилаш, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлар ижросига янгича ёндашув ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш бўйича иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади ҳамда уларнинг турли мавзулардаги саволларига жавоблар берди. Тадбир сўнгида узоқ йиллар пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмаларида сидқидилдан хизмат қилиб, кўплаб шогирдлар етиштирган, ўз тажрибаси ҳамда соҳавий кўникмаларини мерос қилиб қолдирган бир гуруҳ фидойи ходимлар тантанали равишда нафақага кузатилди.

Тадбир хизмат билан бирга санъат йўналишида ҳам фаолият олиб бораётган бир гуруҳ истеъдодли ёшларнинг куй-қўшиқлари билан давом эттирилди.

Барча янгиликлар

Text to speech