ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ички ишлар органларида касбий маданият ва халқчил тизимни шакллантириш — устувор вазифа

Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизмати бўйича бўлинмаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ҳамда унинг туман ИИО ФМБ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати ходимлари иштирокида навбатдаги профилактик тадбир ўтказилди. Мазкур тадбир “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тизимга айлантириш ва тизим нуфузини ошириш ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси бўлиши лозим” мавзусида ташкил этилди. Тадбир давомида ички ишлар органлари фаолиятида касбий маданият, хизмат интизоми ва ходимларнинг масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда сўзга чиққан масъуллар томонидан “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти ва хизмат интизоми кодекси”да белгиланган қоида ва талабларни барча ходимлар чуқур билиши ҳамда уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир ходимдан юксак касбий маданият, чуқур ҳуқуқий ва маърифий билим, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалалик ва қонунийликка қатъий риоя этиш талаб этилиши алоҳида қайд этилди. Тадбир давомида маънавий-маърифий, тарбиявий ва профилактик йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ички ишлар органлари тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг чинакам ҳимоячисига айлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу борада ходимларнинг шахсий масъулияти, хизмат бурчига садоқати ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Якунда бундай профилактик ва тушунтириш тадбирлари ички ишлар органлари ходимларининг хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

27 Феврал 2026 йил

12

Дўстона учрашувнинг душманона якуни

Анчадан буён кўришишмаган танишлар тақдир тақозоси билан учрашиб қолишса, албатта яқин ўртадаги ошхона ёки қаҳвахонада бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтиришга ошиқадилар. 2025 йил январь ойининг илк кунларида Аброр ҳам эски таниши Бахтиёрни учратганидан хурсанд бўлиб, яқин ошхонага таклиф қилди. Очилиб-сочилиб ўтириш учун бир шиша ароққа буюртма беришди. Ичлари қизиган сайин суҳбат ҳам қизигандан қизиди. Ҳарорат ошиб ҳар доимгидек, тиллар чувалашиб, онг хира торта бошлагач, гаплари бир-бирига тўғри келмай қолди. Ўртада гап қочди. Ширин бошланган суҳбат низога айланди. Бахтиёрнинг қайсидир ўйламай – маст одам ўйлаш қобилиятини йўқотиши тайин табиий бир ҳолда Аброр унинг гапларини тажовузкорона қабул қилар, жазаваси қўзирди. Ниҳоят ғазаби устун келиб, у ўзи билан олиб юрган пичоғи билан Бахтиёрнинг чап кўкрак қисмига санчди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказилгани ҳақида хулоса берди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1996 йилда туғилган Х.Аброрнинг жиноий қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилавий аҳволи, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Х.Одиловнинг иш юритувидан олинди.

26 Феврал 2026 йил

543

Пойтахт ИИББ ёш ходимлари ўртасида “Киберспорт” тури бўйича мусобақа ўтказилди

Президентимизнинг “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг иқтидорли ёш ходимларини аниқлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали ходимларнинг ижодий, касбий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишга, шунингдек замонавий билимларни эгаллашга бўлган иштиёқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йилнинг 15 февраль куни “Киберспорт”нинг “Counter strike 2” тури бўйича мусобақа ўтказилди. Беллашувларда ҳар бири 5 нафар ходимдан ташкил топган 41 та жамоа иштирок этиб, ғолиблик ҳамда республика турнирига йўлланмани қўлга киритиш учун қизғин ва муросасиз кураш олиб боришди. Турнир якунига кўра 1-ўрин Яшнобод тумани ИИО ФМБ жамоасига насиб этиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 2-ўринни Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик батальони жамоаси, 3-ўринни Миробод тумани ИИО ФМБ жамоаси эгаллади. Ғолиблар Бош бошқарманинг тегишли диплом ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Мазкур мусобақа ёшларни ўз билимларини чуқурлаштириш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш ҳамда ўз билим ва истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Буни жамоа аъзоларининг катта ғайрат ва шижоат билан баҳсларда иштирок этганидан англаш қийинмас.

25 Феврал 2026 йил

1030

ЎзДЖТУда таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган давра суҳбати ўтказилди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Таълим муассасасида хавфсиз муҳитни шакллантириш, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқий, психологик масъулиятини ошириш масалалари” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда олий таълим тизимида соғлом маънавий муҳитни таъминлаш, педагогларнинг касбий этикаси ва шахсий намунасини мустаҳкамлаш долзарб вазифа экани таъкидланди. Давра суҳбатида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бошлиғи, подполковник Норматова Ширин Aбдулнабийевна жамиятда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактик ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Муҳиддинова Феруза Aбдурашидовна таълим муассасаларида касбий этика, қонунчилик талаблари ҳамда педагог ходимларнинг жавобгарлиги юзасидан атрофлича маълумот берди. Шунингдек, тадбирда Учтепа тумани “Ҳазрат Умар” жоме масжиди имом-хатиби сўзга чиқиб жамиятда одоб-ахлоқ, ўзаро ҳурмат ва маънавий қадриятларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Тадбир давомида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Давра суҳбати педагог ва ишчи ходимлар орасида масъулият, ҳурмат ва профессионал маданиятни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

25 Феврал 2026 йил

482

Интерактив хизматлар

Text to speech