ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Пойтахт ИИББ да “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда байрам тадбирлари кенг нишонланмоқда. Зеро, Юртини ҳимоя қилиш, халқ тинчлиги ва осойишталикни таъминлаш йўлини танлаган ҳар бир шахс Ватан ҳимоячиси саналади. Сана муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББда ташкил этилган байрамда бош бошқарма ва қуйи тизимлар раҳбарияти, шахсий таркиби ва фахрийлар иштирок этди. Тадбир бошида жанговор байроқ олиб кирилиб, юртимиз мадҳияси янгради. Сўнг пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов иштирокчиларга Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пулат Бобожоновнинг ички ишлар органлари ва фахрийларига байрам табригини ўқиб эшиттирди. Бош бошқарма бошлиғи А.Ташпулатов мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, юрт осойишталигини сақлашда куч тузилмаларининг муҳим бўғинларидан бири – ички ишлар органлари ходимларининг вафизаси юксак эканлигини алоҳида таъкидлади. Тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ҳар бир ходим Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишни олий бурчи деб биладиган, барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун йўналтирилган профессионал тузилмаган айланаётганлиги эътироф этилди. Тадбирда Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, шунингдек бош бошқарма бошлиғининг буйруғига асосан мукофотланган ходимларга идоравий кўкрак нишонлари, махсус унвонлар ва фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. Тадбир сўнгида Тошкент шаҳар ИИББнинг “Ниҳол” жамоаси томонидан саҳналаштирилган бадиий чиқишлар ва ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар янгради.

15 Январ 2025 йил

34

Тошкентда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлигига старт берилди

Тошкент шаҳрида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тун-у кун хизмат олиб бормоқда. Лекин шунга қарамасдан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар салмоғи юқорилиги ачинарли ҳолатдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида пойтахтда 2024 йил давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 447 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу жиноятларнинг 2 413 таси ёки 70 фоизи интернет тармоғи билан боғлиқ ҳолда содир этилган. Тадбирлар натижасида 238 кг 815 грамм гиёҳвандлик, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, фуқаролар соғлиғи, ёшларнинг келажаги ётганлигини унутмаслигимиз керак. Тошкент шаҳрида бу каби жиноятларга кескин курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида, 2025 йилнинг 15 январь кунидан “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди. 15 февраль кунига қадар давом этадиган ойлик доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан туну кун хизмат ташкил этилиб, кундузги ва тунги махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Ойлик доирасида кучайтирилган тартибда тунги рейдлар ўтказилиб, ўткир тиғли ва бошқа тақиқланган буюмларни олиб юриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ("закладчик"), “наркограффити” билан шуғулланиш каби ҳолатлар аниқланиб, қонуний қарор қабул қилинишини таъминланади. Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, 71-206-44-79 телефон рақамига ёки @stopnarko_bot телеграм бот орқали мурожаат қилишингиз сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

15 Январ 2025 йил

99

Танловида адашмади

Касбга иштиёқ ёшликдан бошланади. Аввал ҳавас бўлган туйғулар агар у мустаҳкам бўлса, ўзингиз билан бирга вояга етиб, мақсадга айланади. Ҳилола Одил ака ва Лолахон опаларнинг уч фарзанди ичида яккаю ягона қиз бўлганлиги боис, онаси унинг врач бўлишини истаган бўлса, отаси эса унинг ҳар бир қарорига хайрихоҳ эди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Ҳилола Республика ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширишини айтганида, онаси “бу эркакларнинг касби, қиз болага дўхтирлик ярашади”, деган аммо отаси унинг танловини қўллаб-қувватлаган эди. У тергов йўналишини танлади. Тингловчилик даврини ортда қолдириб, илк хизмат фаолиятини 2007 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ Тергов бўлими терговчиси, лейтенант унвонида бошлади. Устози бўлим теровчиси, майор Ҳусниддин Умирбоев камтар, ўта тортинчоқ, жиккаккина, кўринишидан ишонувчан қизни кўрганида: “бундан терговчи чиқмайди, сал қаттиқ гапирсанг йиғлаб юборай дейди-ку, қўпол, сурбет жиноятчини қандай сўроқ қилади”, деган фикрда, унга фарзандларига алимент тўлашдан қочиб юрганлар ишини топширишни лозим топди. Бироқ Ҳилоланинг фарзандлари ҳақини тўламай, ўзларини ҳар хил кўйга солиб – исм-шарифларини ўзгартириб, қўшни давлатларга чиқиб кетиб, яшаш жойларини яшириб – қочиб юрганларни топиб уларни қонунан “танобларини тортиб” қўяётганини, болалар ҳақларини тийин-тийинигача ундириб бераётганини кўргач, фикрини ўзгартирди. Товламачилик, босқинчилик ва бошқа оғир жиноятлар билан боғлиқ тергов ишларини ишониб топшира бошлади. Хизматга сидқидилдан ёндашуви, тергов ишларини қонундан оғишмай юритиши, тўғри таснифлаши унинг Тошкент шаҳар ИИББ Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида фаолиятини давом эттиришда қўл келди. Бу ерда шаҳар ва вилоят туманларидаги ички ишлар органлари фаолиятидаги айрим фарқлар тезда кўзга ташланди. Иш ҳажмининг кўлами, жиноят турларининг деярли барчасининг шаҳарда учраши, “шаҳарлашган жиноятчи”ларнинг муомаласига ўрганиш, кўникиш лозим эди. Устози майор Шорасул Шоназаров ёш терговчига хизматнинг ўзига хос жиҳатларини ўргатиш баробарида топширилган ҳар бир жиноий ишларнинг шогирди томонидан юритилишини қатъий назорат қилиб, йўл қўйган хато ва камчиликларини кўрсатиб борди. Бугунги кунда пойтахт ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Ҳилола Аманова ҳақида бошқарма раҳбарияти унинг интизомлилиги, меҳнатсеварлиги, шахсий таркибни ўзига эргаштира олиши, ишни хизматга оид буйруқ, кўрсатма ва меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ташкиллаштириб, самарали олиб бораётганини эътироф этади. Шунингдек, у ўтказилаётган амалий машғулотлар ҳамда шахсий таркибни ўқитиш, тарбиялаш, касб ва жанговар маҳоратларини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирларни унумли ташкиллаштириб келмоқда. Кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, подполковник Ҳ. Аманова инсоннинг яхши-ёмон бўлиши оилага, ундаги тарбияга боғлиқлигини таъкидлайди. – Ҳаёт фақат хурсандчилик ва ҳузур-ҳаловатдан иборат эмас. Унинг ўзига яраша синовлари, аччиқ ва оғир машаққатлари бор, –дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бундай ҳолатларда тушкунлик, умидсизликка тушмаслик, эгри йўлларни танламаслик учун касб-ҳунар эгалламоқ, билимли бўлмоқ, кўпроқ китоб ўқимоқ керак. Айниқса, қиз-аёллар учун ҳунар ва одоб-тарбия жуда зарур. Куни кеча подполковник Ҳ.Аманова Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан сидқидилдан, фидойи меҳнатлари учун Республика ИИВ томонидан II-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Подполковник Ҳ.Аманова турмуш ўртоғи ички ишлар ходими Аброржон билан бир қиз ва икки ўғилни билимли, юртимиз, халқимиз корига ярайдиган баркамол, соғлом фикрли инсонлар бўлиб етишиши йўлида тарбиялаб келишмоқда. Кун келиб, улар ўз ютуқлари ва юртимизга муносиб хизматлари билан ота-онасининг юзини ёруғ, келажагини саодатли қилиши, шубҳасиз.

15 Январ 2025 йил

108

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табриги

Ўз ҳаётини эл-у юрт осойишталигини сақлашдек улуғ ва олийжаноб ишга бағишлаган, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимий табриклайман. Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтган даврда миллий армиямиз қудратини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, қўшинларнинг жанговар шайлигини кучайтириш, ходим ва ҳарбий хизматчиларимизнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу йилги байрамлар “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори асосида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда миллий армиямиз, халқимиз тинчлиги, давлатимиз мустақиллиги кафолати бўла оладиган чинакам қалқонга айланди. Кези келганда таъкидлаш лозимки, ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходимдан, ҳарбий хизматчидан юртга чексиз садоқат, хизмат бурчига фидойилик Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлишни, улар олдидаги фарзандлик бурчини асло унутмасликни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу боис ҳам ҳар бир ходим аввало, ватанпарвар бўлиши ва садоқат билан хизмат қилиши, ўзининг дунёқараши, масъулияти ва ташаббускорлиги билан эгаллаб турган лавозимига муносиб бўлиши, ҳар қандай таҳдид ва хатарларни олдиндан сезиб, уларга қарши курашишга доимо шай туриши жуда муҳим саналади. Ишончим комилки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз зиммасига юклатилган вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратини сафарбар этиб, халқимиз ва Президентимиз ишончига доимо муносиб бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш каби шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман! Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов

14 Январ 2025 йил

119

Интерактив хизматлар

Text to speech