Ёшларнинг бахтли келажаги ўз қўлларида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг 15 апрелидан 15 майига қадар эълон қилинган “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлик кенг қамровли тезкор профилактик тадбири пойтахтнинг Учтепа туманида ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан, куни кеча туман ҳудудидаги Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари универитетининг мажлислар залида талаба ва профессор-ўқитувчилар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашув бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ва маъруза қилган туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Дилмурод Мирсодиқов йиғилганларга гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, унинг ортидан келиб чиқаётган мудҳиш оқибатлар, сўнгги пайтда гиёҳванд, психотроп, инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи турли дори воситаларининг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани, ижтимоий тармоқлар орқали унинг истеъмоли, тарқатилишига ундаётган каналларнинг кўпайиб бораётганига тўхталди. Улардан сақланиш чоралари, гиёҳванд ва психотроп моддаларини тарқатиш, сақлаш ва истеъмол қилиш жиноят ҳисобланиб, Жиноят кодексида қаттиқ жазо белгиланганини таъкидлади. Шунингдек, тадбир давомида туманда содир этилган жиноят муҳокамаси ҳам ўтказилди. Таъкидланишича, жорий йилнинг 20 апрелида туман ички ишлар ходимлари томонидан ўзини шубҳали тутган шахслар тўхтатилиб текширилганда, 2003 йилда туғилган, олийгоҳларнинг бирида 2-курс талабаси бўлган С.Д.нинг чўнтагидан 7 дона изолентага ўралган жигарранг ўткир ҳидли, мумсимон модда, 2004 йилда туғилган Ҳ.М.нинг чўнтагидан 3 дона изолентага ўралган, ҳар бирининг ичида 3 донадан оқ-қизғиш капсуладаги модда аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган. Д.Мирсодиқов йиғилганларнинг эътиборини воқеанинг ижтимоий-маънавий томонига ҳам қаратди. Чунончи, йигитлар оиланинг ёлғиз фарзанди эканлиги, отасиз вояга етганлиги, ҳар иккисининг 50 ёшдан ошган оналари – бириники бемор – борлиги ҳақида гапираркан, фарзандларига ишонган, кексалигида уларнинг ёрдамига суянган, ўзи емай едирган, киймай кийдирган, катта орзу ва не-не ниятларда вояга етказган фарзандларининг бу жиноий қилмишидан аҳволи қандай кечиши ҳақида гапириб, ёшларнинг тўғри йўлдан оғмаслиги, нафақат ота-оналарига балки туғилиб ўсган Ватанига ҳам муносиб фарзандлар бўлишга чақирди.Йиғилиш сўнггида талаба ва ўқитувчи-профессорлар томонидан берилган саволларга тўлиқ ва батафсил жавоблар берилгач, профилактик огоҳлантирув буклет ва флаерлар тарқатилди. Бу каби профилактик-тушунтириш ишлари туманда жойлашган барча ўқув юртлари ҳамда маҳаллаларида давом эттирилмоқда.