ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Пойтахт ИИББ раҳбарининг навбатдаги қабули

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар ички ишлар органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган меъёрий ҳужжатга асосан, жорий йилнинг 27 ноябридан “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” шиори остида “Мурожаатлар ойлиги” ўтказиб келинмоқда. Ойлик доирасида куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев томонидан шаҳар аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида навбатдаги шахсий қабули ўтказилди. Унда 55 нафар жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Ўрганишлар натижасида мурожаатларнинг 20 таси қабулхонанинг ўзида ижобий ечимини топди, 2 таси бўйича малакали ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 33 та мурожаатларда келтирилган важларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, атрофлича ўрганиш талаб этилгани боис ижроси бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, аниқ ижро муддатлари ўрнатилди. Қабул қилинган мурожаатлар мазмунига кўра: суриштирув-тергов, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш ва қайта тиклаш, оммавий тадбирлар ўтказиш, ижтимоий ва иқтисодий масалалар, йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштириш, оила-турмуш доирасидаги низолар, ички ишлар ходимлари хизмати билан боғлиқ масалаларни ташкил этди. Бу каби ваколатли раҳбарларнинг аҳоли мурожаатларини тинглаш, уларнинг қонунда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш борасида олиб борилаётган ишлари пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмалар раҳбарлари томонидан ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда.

15 Декабр 2025 йил

2

Ҳудудий тузилмалар раҳбарларининг шахсий қабуллари

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирлар фуқаролар ҳаётида муҳим ижобий ўзгаришларга замин яратиб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.Жорий йилнинг 27 ноябридан “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” шиори остида ўтказилаётган “Мурожаатлар ойлиги” доирасида масъул раҳбарлар томонидан шахсий қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида бюрократик тўсиқлар ва сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган. Туманлар ИИО ФМБ бошлиқлари томонидан ўтказиб келинаётган шахсий қабуллар давомида фуқароларни узоқ вақтдан бери ташвишга солиб келаётган, ўз ечимини топмаган кўплаб муаммолар қонуний тартибда ҳал этилмоқда. Бу эса ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.Мисол учун, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғи Сарвар Жўравнинг қабулига келган 1998 йилда туғилган Динара Н., ижарада яшаган хонадон эгаси уни уйдан чиқариб юборганлигини, бироқ буюмларини бермаганлигини маълум қилган. Унинг мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилди ва буюмларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Сергели тумани Меҳригиё маҳалласида истиқомат қилувчи бир нечта фуқаролар туман ИИО ФМБ бошлиғи Баходир Анваровга мурожаат қилиб, маҳаллада жойлашган кўп қаватли уй олдиларини асфальт қилишда амалий ёрдам сўраган. Уларнинг мурожаатлари асосида кўрсатилган ҳудудга асфальт қопламаси ётқизилди. Бектемир тумани ИИО ФМБ раҳбариятига мурожаат қилган фуқаро Ҳаётхон У. унинг 102 рақамига қилган мурожаати ИИО ходимлари томонилан кўриб чиқилгани, лекин натижасидан норози эканлигини билдирди. Ҳолат ўрганилганда фуқаровий ҳуқуқий муносабатларни ташкил этганлиги аниқланди ва ушбу фуқарога фуққаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилиб, зарурий ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи Искандар Рашидовга мурожаат қилган 1962 йилда туғилган Карим К. профилактик ҳисобда туришлигини, ҳозирда туман Ободонлаштириш бўлимида ишлашлигини, 2 нафар фарзанди ва 5 нафар набираси борлигини, тузалиш йўлига ўтганлигини маълум қилиб, профилактик ҳисобдан чиқаришни сўраган. Ушбу фуқаронинг ҳужжатлари, иш ва яшаш жойидан тавсиялар, оилави ҳолати ўрганилди ҳамда унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, профилактик ҳисобдан чиқарилди. Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи 1972 йилда туғилган Анатолий П. Туман ИИО ФМБ бошлиғи И.Рашидовга мурожаат қилиб, автотураргоҳда ишлашлигини, бироқ ойлик маошини ўз вақтида ололмаётганлигини билдириб, шу масалада ёрдам беришни сўраган. Унинг мурожаати шу жойнинг ўзида мутасаддилар томонидан ўрганилиб, ойлик маошини олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ушбу фуқаронинг фарзанди ишсизлиги маълум бўлиб, ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Бу каби қабуллар жараёнида фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар, тавсия ва йўл-йўриқлар берилиб, масалалар қонун доирасида ҳал этилаётгани жамоатчилик ўртасидаги турли тушунмовчиликлар ҳамда ички ишлар органлари фаолиятига нисбатан салбий қарашларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Ҳудудий тузилмалар раҳбарлари томонидан бундай шахсий қабуллар ҳафта давомида режали ва тизимли равишда ўтказиб келинмоқда.

13 Декабр 2025 йил

281

Пайшанба тадбирлари кундалигидан

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни пойтахтимиз ҳудудида кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлиги жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Ҳар доимгидек, навбатдаги “Профилактика куни” да ўтказилган тонгги йўриқномада кун давомида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тақсимланиб, уларнинг самарали ижросини таъминлаш борасида зарур кўрсатмалар берилди. Жумладан, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Президентимиз томонидан қабул қилинган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатларидан асраш, пойтахт ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Фармонда берилган топшириқларни маҳаллабай ижро этиш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан авф этилганлар, пробация рўйхатида ва профилактик ҳисобда турувчи шахслар ўртасида якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жамиятга мослашуви, бандлигини таъминлаш каби муҳим масалалар ҳам таъкидлаб ўтилди. Тошкентда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар соҳа вакиллари ҳамкорлигида пойтахт ҳавосини мўътадиллаштириш, атмосферани ифлослантираётган айрим корхона ва ташкилотлар, иссиқхоналар фаолиятига ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Мутасаддилар пойтахтимиз ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида бўлиб, ҳавога чанг-тўзон кўтарилиши, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан фойдаланмаслик, атмосфера ҳавоси тозалигини сақлаш юзасидан зарурий тавсиялар беришди. Президентимиз фармонига кўра авф этилганлар, пробация ҳамда профилактик рўйхатда турувчи шахсларнинг хонадонларидаги шарт-шароитларини ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўтказилаётган якка тартибдаги профилактик суҳбатларда уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятга мослаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Пробация бўлимлари ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар иштирокида учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини қонуний ҳал қилиш, қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу ишлар давом эттирилиб жойларда ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тузалиш йўлига кирган, намунали хулқи ва соғлом турмуш тарзини танлаган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилиш чоралари кўрилди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Бу долзарб тадбирлар қаторида гиёҳвандлик воситалари, психотроп, ўткир таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, истеъмолига қарши кураш, айниқса ёшларимизни бу балодан асрашга қаратилган ишлар маҳаллалар, идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида кенг тарғибот қилинмоқда. Шунингдек, туманлар ИИО ФМБ ва маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалардаги муносабатлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда асосий эътибор ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланмоқда.

12 Декабр 2025 йил

184

Интерактив хизматлар

Text to speech