Ҳавас эмас – бу қалб амри
Отанг бозор, онанг бозор, деган гап бежизга айтилмаган. Фақат бу гўшада турфа хил одамлар, турфа феъл-атвор, ранг-баранглик, ҳалоллик ва поклик, фойда ва зарар, одамийлик фазилатлари бир-бирлари билан айқаш-уйқаш. Харидор арзон олиш илинжида, сотувчи қиммат сотиш ҳаракатида. Қанча сотувчи, қанча харидор бўлса, шунча муомала, шунча мулоқот. Одамлар билан ишлашнинг ўзгача қийинчилиги бор. Буни пойтахтнинг Юнусобод тумани ИИО ФМБ Патруль-пост хизмати отряди Патруль-пост хизмати инспектори, сафдор Неля Бекназарова жуда яхши билади. Негаки, у туманнинг арининг инидек энг сергавжум ва серқатнов, кеча-ю кундуз ҳаракат тинмаган “Юнусобод” деҳқон бозорида хизмат олиб боради. Бозор ҳамда унинг атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг кунлик рўзғор-тирикчилиги эҳтиёжларини бемалол амалга оширишини ҳимоялаш баробарида ҳудудда ҳуқуқбузарликлар, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслик асосий вазифаларидан бири. Юқорида бу борада ўзига яраша қийинчиликлар бор дея, таъкидлагандик. Бу бежизга эмас. Бозорда озор бўлмаслиги керак. Аммо... бозор ҳудудида ўғирлик, ўзаро келишмовчиликлар, жанжаллар, савдо қоидаларининг бузилишлари тез-тез бўлмаса-да, ҳар замон, ҳар замонда учраб туради. Уларнинг олдини олиш ноқонуний савдоларга чек қўйиш, майда киссавурлар, фирибгарларни ушлаш чоғида жисмоний куч ишлатишга тўғри келиши ҳам бор гап.
– Сафдор Неля билан ишлаш ходимларимизни руҳлантиради,–дейди гуруҳ командири, катта сержант Даврон Талипов. – Чунки, ҳамиша очиқ юз ва хуш кайфияти атрофдагиларга ҳам ижобий таъсир этади. Олий маълумотли, маълумотига кўра тарихчи-ҳуқуқшунос бўлган Нелядан юртимиз, дунё тарихига оид қизиқарли кўп маълумотларни ўрганиш мумкин. Камсуқум, ўқиб-ўрганишга иштиёқи баланд, масъулиятли бу ходимамиз ўз ишининг фидойиси. Жисмоний тайёргарлиги, касб тайёргарлиги юқори даражада бўлган Неля ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳамкасбларига ўрнак. Ҳамкасбимизнинг ноқонуний савдо қилишга уринган, мавжуд жамоат ва бозор қоидаларга риоя қилмаган, безорилик ҳатто куч ишлатишгача бўлган қатор хатти-ҳаракатларга дуч келганида оғир-вазминлик, чапдастлик ва маҳорат билан “зўравонларни” “таслим” қилган ҳолатларини эътироф этиш керак.
Лавҳамиз қаҳрамонининг ички ишлар органларига хизматга келишида узоқ йиллар пойтахтнинг Учтепа тумани ИИО ФМБ да хизмат қилиб, майор унвонида нафақага чиққан аммаси Татьяна Бекназарованинг таъсири катта. 2010 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетини муваффақиятли тугатган Неля Тошкент шаҳар ИИББ бригадаси 1-отряд сафдори лавозимида илк хизматини бошлади. Бош бошқарма ЖТСБ Бригадаси 1-отряд командири, лейтенант Иброҳим Қурбоналиев устозлигида хизматга йўналтирувчи меъёрий ҳужжатлар, вазифаларини синчковлик ва иштиёқ билан ўрганди. Табиатан зийрак ва интилувчан Неля отряднинг саралаш гуруҳидаги фаолияти даврида кўплаб ҳуқуқбузарликларни фош этиб, раҳбариятнинг эътиборига тушди. 2021 йилда пойтахтимизнинг йирик бозорларидан бирида жамоат тартибини сақлаш бўйича юқоридаги лавозимга тавсия этилди. Айни дамда хизмат бурчига сидқидилдан, виждонан ёндашиб келаётган Неля ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлашда фаол. Хизматни аъло даражада бажариб, ҳамкасбларининг ҳурмат-эътиборини қозонган сафдор Н.Бекназарова оилада ўз фарзандлик, уй бекасилик, оналик вазифаси ва бурчини тўлақонли бажаришга улгураётган аёлдир. Етмиш ёшни қоралаган онаси Людмила опа ҳамиша унинг маслакдоши ва бахт-саодати дуогўйи. Ҳали вояга етмаган қизи Амалия эса оиланинг келажак орзу-умидлари, бахтли ва гўзал ҳаётининг пойдеворидир. Ажабмас, улғайиб касб танлаш ёшига етганида ўз ҳаёт мазмунини топган, севимли касбида ғайрат ва шижоат билан хизмат қилаётган онажонисининг касбини танласа.