Ҳозирги эпидемиологик ҳолат шароитида жиноят содир этиш – ўта кетган пасткашликдир

1 апрель куни Яккасарой тумани ИИО ФМБга 76 ёшли Касам С. мурожаат қилди. Унинг айтишича, 20 март кунидан 1 апрелга қадар бўлган давр ичида номаълум шахслар унинг корхонаси офисига кириб, ичида 4 100 АҚШ доллари ва 45 млн сўм бўлган сейфни ўғирлаб кетганлар. Корхона вақтинчалик фаолиятини тўхтатганлиги боис ўғирлик вақтида қоровуллар бўлмаган.

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари жиноят жойини синчиклик билан кўздан кечириб, қўл бармоқлари излари ва видеокузатув камералари ёзувлари олинди. Тезкор-тергов тадбирлари давомида аниқланишича, 21 март куни тахминан соат 04.50 да корхона ҳудудига икки нафар номаълум шахслар кириб, 25 дақиқа ўтгач, юк билан чиқиб кетишган. Ушбу факт асосида Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169 моддаси 3 қисми “в” банди бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тезкор-тергов тадбирлар натижасида номаълум кимсаларнинг автомобили русуми ва уларнинг шахслари аниқланди. Гумонланувчилардан бири – 21 ёшли Ойбек К., иккинчиси – муқаддам судланган Эльдар М.лар қўлга олиндилар. Ашёвий далил сифатида уларнинг уйлари ертўласидан топилган сейф олинди.

Тергов давом этмоқда. Уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари аниқланмоқда. Ойбек К. офисни таниши берган калит ёрдамида очганлигини маълуи қилди.  

Воқеа тафсилотлари билан видеюсюжетимиз орқали танишишингиз мумкин.

Ҳурматли ҳамюртлар! Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади. Эртами кечми, ҳар қандай қилмиш қонун олдида жавоб бериш муқаррардир. Аммо Covid-19 пандемияси сабабли эълон қилинган карантин ҳолатидан қасддан фойдаланиб, жиноят содир этиш – ўта кетган пасткашликдир.