ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ичкилик туфайли икки жиноят

2025 йилнинг 16 январь куни. Таниши билан тунга қадар ичкилик ичиб гурунглашиб ўтирган Санжар гандираклаганча кетишга тараддудланди. Пастки қаватга тушиб келаркан, уй эшигининг очиқлигини кўриб, ичкари мўралади. Пойгакда куртка осиғлиқ бўлиб, чўнтагида калит осилиб турарди. Секин калитни олди ва пастга тушиб ҳовлида турган Cobalt автомашинасига яқинлашди. Чамалаб калитни солган эди ҳақиқатан шу машинаники экан. Ўт олдириб ҳайдаб кетди. Амир Темур шоҳкўчасида ёнилғи тугагани учун автомашина бир-икки силкинди-да тўхтаб қолди. Санжар салонни титкилаб чиқиб, қўлига илинган 102 АҚШ долларини олиб воқеа жойидан қочиб кетди. Автомашина эгаси Ч.Шуҳрат хонадон деразасидан ҳовлига қараганда соат тунги 02.00 лардан оғган, машина қўйилган жойида йўқ эди. Шуҳрат вақтни бой бермай ички ишлар органларига хабар берди. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1982 йилда туғилган, А.Санжарнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситасини олиб қочиш”), 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топилди ва 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант О.Турсунпулатовнинг иш юритувидан олинди.

20 Феврал 2026 йил

92

Ёшлар уртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида волейбол мусобақаси ўтказилди

Юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатлардан асраш мақсадида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан маҳалла ёшлари ўртасида волейбол спорт тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Мазкур мусобақа Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг очиқ кубоги учун ўтказилиб, унда туман ҳудудидаги маҳаллалардан тузилган жамоалар фаол иштирок этдилар. Спорт тадбири ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, энг муҳими, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишга қаратилди. Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган масъуллар ёшларни турли ёт ғоялар ва зарарли одатлардан йироқ бўлишга чақириб, спорт инсонни иродали, чидамли ва мақсадга интилувчан қилиб тарбиялашини таъкидладилар. Шунингдек, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилиб, ҳар бир ёш ўз келажаги учун масъул экани эслатиб ўтилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда жамоалар ғалаба учун астойдил ҳаракат қилдилар. Якунда ғолиб ва совриндор жамоаларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Барча иштирокчиларга фаоллиги учун миннатдорчилик билдирилди. Бундай спорт мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, ёшларнинг эртанги кунига ишонч билан қарашига хизмат қилади.

19 Феврал 2026 йил

514

Ёшларни аср вабосидан асрайлик

Юртимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш миллий стратегиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Шунингдек, бу иллатга қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали, аҳоли, биринчи навбатда ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳам муҳим. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш янги босқичга кўтариш мақсадида, пойтахт ҳудудида жорий йилнинг 1 февралидан 1 мартига қадар “Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш”га қаратилган комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги амалга оширилмоқда. Ойлик доирасида Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Архитектура-қурилиш университети талаба ёшлари иштирокида очиқ мулоқот тарзидаги учрашув ташкил этилди. Ўқув даргоҳи маъмурияти, талабалар олдида сўзга чиққан туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, келажаги ҳамда жамият тараққиётига етказадиган жиддий зарарлари ҳақида атрофлича тўхталди. Тадбир давомида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олиш, уларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари бўйича маълумотлар тақдим этилди. Йиғилганлар эътиборига гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари, инсон тақдири, оила муҳити, фарзандлар тарбиясига етказадиган зарарли таъсири ҳаётий мисоллар орқали ёритилган видеоролик намойиш этилди. Видеолавҳа талабаларда катта таъсурот қолдирди. Учрашув сўнгида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни зарарли одатлардан асраш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

19 Феврал 2026 йил

276

Интерактив хизматлар

Text to speech