Ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши онасининг қаттиқ асабийлашишига сабаб бўлди

Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБга келиб тушган хабарга кўра, туманда яшовчи 60 ёшли Г.Р. кучли асабийлашиш ҳолатида ўзи учун хавфли бўлган ҳатти-ҳаракатлар содир этган. Хотин-қизлар масалалари бўйича инпсектор воқеа жойига етиб бориб, аёлни тинчлантиришга, асабийлашишининг сабабларини ўрганишга ҳаракат қилган. Суҳбат давомида фуқаро оиласида рўй берган воқеани сўзлаб берди. Унинг ўғли автомобиль бошқариш давомида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузган ва беш миллион сўмга жаримага тортилиб, автомобили ҳам жарима майдончасига жойланган.

Мазкур оила олдин ҳам оғир молиявий аҳволда бўлган, энди эса, жаримани тўлашга имкониятсиз ва тирикчилик сабаби бўлмиш транспорт воситасиз қолган. Маълум вақт муаммога ечим топа олмасдан сиқилган аёл ўзини бошқара олмай қолган. Ҳозирда у оғир аҳволга тушиб қолган аёллар учун реабилитация ва мослаштириш марказига жойланган ва психологлар назорати остида.

Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ҳолатни яхшироқ ўрганиб, маъмурий ишлар бўйича судга ёрдам учун мурожаат қилган. Натижада ҳолат қайта кўриб чиқилиб, ҳайдовчига транспорт воситасини жарима майдончасидан олиб кетиш ҳуқуқи берилди, аммо шу билан бирга у ишга жойлашиб, ҳар ой жариманинг маълум қисмини тўлаш мажбуриятини бўйнига олди. Г.Р. билан ҳозирда психологлар ишламоқдалар.

Ҳурматли ҳайдовчилар. Унутманг, йўл ҳаракати қоидаларини бузишингиз нафақат сиз учун, балки яқинларингиз учун ҳам ёмон оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Ота-онангизнинг, турмуш ўртоғингизнинг ва болаларингизнинг жисмоний ва руҳий соғлиқларини асранг. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг.