ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ёшларга эътибор – порлоқ келажакка қадам

Давлатимиз раҳбари томонидан келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, иқтидорлари ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 24 февралида Президентимиз томонидан ёшлар билан ишлаш, уларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишлаб ўтказилган мулоқотида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” деб эълон қилинган. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар иибб бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Олмазор тумани ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза  қилувчи органлар масъуллари ҳамкорлигида  туманнинг INNO ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки биносида шаҳар Юнусобод, Шайхонтоҳур туманлари ёшлари, туман профилактика ҳамда пробация ҳисобида турувчи ёшлар билан учрашув ўтказилди.”Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида бўлиб ўтган тадбирда ёшларнинг ўз муаммоларини эркин билдиришлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиш  имконияти яратилди. Тадбирда ёшлар фаол иштирок этиб, ўз муаммоларини тортинмай баён этишди. Бир неча ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларга моддий кўмак ажратиш борасида амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда ҳуқуқий малакали тавсиялар берилди. Йиғилганлар раҳбарларга тўғридан-тўғри мурожаат этиб, ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди. Мазкур тадбир Олмазор туман ҳокимлигида давом эттирилди. Ҳокимликка ташриф буюрган бир гуруҳ ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ечим топиш чораларига эътибор қаратилди. Шунингдек, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланиб, энг фойдали, илғорларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.

27 Феврал 2026 йил

184

Ички ишлар органларида касбий маданият ва халқчил тизимни шакллантириш — устувор вазифа

Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизмати бўйича бўлинмаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ҳамда унинг туман ИИО ФМБ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати ходимлари иштирокида навбатдаги профилактик тадбир ўтказилди. Мазкур тадбир “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тизимга айлантириш ва тизим нуфузини ошириш ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси бўлиши лозим” мавзусида ташкил этилди. Тадбир давомида ички ишлар органлари фаолиятида касбий маданият, хизмат интизоми ва ходимларнинг масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда сўзга чиққан масъуллар томонидан “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти ва хизмат интизоми кодекси”да белгиланган қоида ва талабларни барча ходимлар чуқур билиши ҳамда уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир ходимдан юксак касбий маданият, чуқур ҳуқуқий ва маърифий билим, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалалик ва қонунийликка қатъий риоя этиш талаб этилиши алоҳида қайд этилди. Тадбир давомида маънавий-маърифий, тарбиявий ва профилактик йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ички ишлар органлари тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг чинакам ҳимоячисига айлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу борада ходимларнинг шахсий масъулияти, хизмат бурчига садоқати ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Якунда бундай профилактик ва тушунтириш тадбирлари ички ишлар органлари ходимларининг хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

27 Феврал 2026 йил

338

Дўстона учрашувнинг душманона якуни

Анчадан буён кўришишмаган танишлар тақдир тақозоси билан учрашиб қолишса, албатта яқин ўртадаги ошхона ёки қаҳвахонада бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтиришга ошиқадилар. 2025 йил январь ойининг илк кунларида Аброр ҳам эски таниши Бахтиёрни учратганидан хурсанд бўлиб, яқин ошхонага таклиф қилди. Очилиб-сочилиб ўтириш учун бир шиша ароққа буюртма беришди. Ичлари қизиган сайин суҳбат ҳам қизигандан қизиди. Ҳарорат ошиб ҳар доимгидек, тиллар чувалашиб, онг хира торта бошлагач, гаплари бир-бирига тўғри келмай қолди. Ўртада гап қочди. Ширин бошланган суҳбат низога айланди. Бахтиёрнинг қайсидир ўйламай – маст одам ўйлаш қобилиятини йўқотиши тайин табиий бир ҳолда Аброр унинг гапларини тажовузкорона қабул қилар, жазаваси қўзирди. Ниҳоят ғазаби устун келиб, у ўзи билан олиб юрган пичоғи билан Бахтиёрнинг чап кўкрак қисмига санчди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказилгани ҳақида хулоса берди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1996 йилда туғилган Х.Аброрнинг жиноий қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилавий аҳволи, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Х.Одиловнинг иш юритувидан олинди.

26 Феврал 2026 йил

684

Пойтахт ИИББ ёш ходимлари ўртасида “Киберспорт” тури бўйича мусобақа ўтказилди

Президентимизнинг “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг иқтидорли ёш ходимларини аниқлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали ходимларнинг ижодий, касбий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишга, шунингдек замонавий билимларни эгаллашга бўлган иштиёқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йилнинг 15 февраль куни “Киберспорт”нинг “Counter strike 2” тури бўйича мусобақа ўтказилди. Беллашувларда ҳар бири 5 нафар ходимдан ташкил топган 41 та жамоа иштирок этиб, ғолиблик ҳамда республика турнирига йўлланмани қўлга киритиш учун қизғин ва муросасиз кураш олиб боришди. Турнир якунига кўра 1-ўрин Яшнобод тумани ИИО ФМБ жамоасига насиб этиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 2-ўринни Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик батальони жамоаси, 3-ўринни Миробод тумани ИИО ФМБ жамоаси эгаллади. Ғолиблар Бош бошқарманинг тегишли диплом ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Мазкур мусобақа ёшларни ўз билимларини чуқурлаштириш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш ҳамда ўз билим ва истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Буни жамоа аъзоларининг катта ғайрат ва шижоат билан баҳсларда иштирок этганидан англаш қийинмас.

25 Феврал 2026 йил

1166

Интерактив хизматлар

Text to speech