Олмазор туманида ўзига тегишли бўлмаган автомобилни ҳужжатларсиз бошқарган ҳайдовчи қўлга олинди

Кеча, 30-май куни тахминан соат 19.00 да Олмазор тумани Сағбон кўчасида ЙПХ инспектори томонидан давлат рақами Қашқадарё вилоятида рўйхатдан ўтказилган “Нексия-2” (давлат рақами 70 E 151 NA) русумли автомобиль тўхтатилди. Автомобилни бошқариб борган Олмазор туманида яшовчи 38 ёшли Мурод Т. ички ишлар органлари ходимининг ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги қонуний талабига бўйсинмади. Даставвал у инспектордан барча ҳужжатларни кўрсатишни, сўнг – командирни чақиришни талаб қилди. Унинг ёнига инспекторнинг тўғридан-тўғри раҳбари келганидан сўнг ҳам Мурод тинчланмасдан ҳужжатларни тақдим этмади ва отаси ва акасини “ёрдамга” чақирди. Муроднинг акаси ходимларга ўзга шахсга тегишли бўлган, яъни Муродга тегишли бўлмаган ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатди. Ходимлар, ҳайдовчининг ёнида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бўлиши кераклигини айтганларида Мурод ва унинг қариндошлари ходимларга таҳдил қилиб, уларни ҳақорат қила муштлашувни юзага келтиришга ҳаракат қилишди. Воқеа жойига етиб келган ППХ ва Миллий гвардия ходимлари учала фуқароларни ички ишлар бўлимига олиб кетишди ва у ерда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар тузилди. Хусусан, Муродга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси (“Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги”), 135-моддаси (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”), 135-1-моддаси (“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш”) бўйича, Л. ва А.Т.ларга нисбатан эса юқоридаги кодекснинг 194-моддаси (“Ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”), 195-моддаси (“Ички ишлар ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш”) бўйича баённомалар тузилди. Мурод ва унинг қариндошларининг безориликлари акс этган видео билан бирга барча материаллар қонуний ҳуқм чиқарилиши учун судга топширилади.