Олмазор туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида тезкор хабар

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган шахс ҳақидаги маълумотлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

2020 йил 6 август куни Олмазор туманида хизмат олиб борган профилактика инспекторлари А. Каримов ва З. Жабборбергановлар ҳамда патруль-пост хизмати автоэкипажи ходимлари Кичик халқа йўли кўчасида юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган аёлни кўриб қолишди. Аёл атрофдагиларга ўзини тепадан ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган.

ИИББ ходимлари шу атрофда бўлган Сергели тумани 8-сон ёнғин-қутқариш қисми мутахассиси сафдор Шерзодбек Нурмуҳамедов билан аёлнинг ёнига чиқиб, уни пастга туширгач, Олмазор тумани ИИО ФМБ 6-сон ИИБга етказишди. Аёлнинг шахси аниқланди: Фарғона вилоятилик 36 ёшли Д.У. вақтинчалик пойтахтнинг Олмазор туманида яшаб келган. Ҳозирги вақтда психолог аёл билан иш олиб бормоқда.