ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тергов амалиётидан. Ёмонга қўшилсанг...

Муқаддам фирибгарлик жинояти билан судланиб иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказиб келган Элбек бундан ўзига керакли хулоса чиқармади. Аксинча, уч фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган Азизни йўлдан уриб ўз жиноятига шерик қилди. Элбек айни дамда қурилиш материалларининг бозори чаққонлиги, қўшни давлатларда танишлари керакли қурилиш молларини етказиб бериши, устама нарх қўйиб сотиш орқали мўмай даромад топиш мумкинлигига Азизни ишонтирди. Қурилиш моллари дўконлари атрофида айланиб, мижоз қидира бошлашди. 2024 йилнинг 3 декабрида уларнинг тўрига Равшан илинди. Уч ойга қолмай Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган сифатли “МДФ” ва “ДСП” қурилиш маҳсулотларини етказиб бериш шарти билан ҳамтовоқлар Равшандан 30.000 АҚШ долларини олиб, шу кетганча дом-дараксиз кетишди. Равшандан олинган пуллар ўзаро тақсимланиб, эҳтиёжларига ишлатиб юборилди. Азиз ҳам қачон буюртмани бажарамиз, ваъдамиз қаёқда қолди, деб Элбекдан бир оғиз сўрамади. Бу ёғи фирибгарларнинг сценарийси бўйича: телефонлар ўчирилган, кўрсатилган манзилда бошқа шахслар яшайди. Нажот фақат ички ишлар органларидан. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси, муқаддам судланган Р.Элбек ҳамда 1987 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган О.Азизнинг жиноий хатти-ҳаракатларини кўриб чиқиб, уларни Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан айбдор деб топди. Уларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шарт-шароитларини инобатга олиб, ҳар бирига иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси, майор Беҳзод Жўраевнинг иш юритувидан олинди.

20 Январ 2026 йил

701

Миграция масалалари эътибор марказида

Тошкент шаҳар ҳудудида пойтахт ИИББ бошлиғининг фармойишига асосан, 2026 йилнинг 1 январидан 30 январига қадар “Миграцион профилактика ойлиги” махсус тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Мазкур тадбир давлатимиз раҳбари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш, республикамиз ташқарисига чиқувчи ва ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш, бу борадаги маълумотлар базасини яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари ижросини самарали амалга оширишга қаратилган. Тадбирда доимий яшаш жойларидан хорижга узоқ муддатга чиқиб кетган ва қайтиб келган шахслар билан олиб борилган профилактик чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни “Ягона мигрантлар электрон маълумотлар базаси”га киритиб борилишини таъминлаш, профилактика инспекторлари томонидан яшаш манзилига қайтиб келган шахслар билан манзилли суҳбатлар ўтказиш, сўровномани ҳаққоний тўлдирилиши ҳамда мигрантларни тиббий кўрикдан ўтишини таъминланишини алоҳида назоратга олиш каби кўплаб масалаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ойлик доирасида пойтахтнинг Сергели тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Баҳодир Анваров ўзига бириктирилган ҳудудда бўлим Пробация ҳисобида турувчи ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди. Учрашувда Пробация ҳисобида турувчи Ботир Ю. муддатидан олдин бўлим ҳисобидан ечиш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ваколатли ташкилотларга жўнатилди. Муқим иш жойига эга бўлмаган, бўлим рўйхатида турувчилар: Бекзод И., Саидасқар С. ва А.Абдуллоҳлар ҳам доимий иш сўраб мурожаат қилишди. Бекзод ҳудуддаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирига ишга жойлаштирилган бўлса, Саидасқар ва Абдуллоҳлар туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказига олиб борилиб, бўш иш ўринлари билан таништирилди. Улар томонидан танланган бўш иш ўринлари бўйича тегишли корхоналарга йўлланмалар берилди. Туманда жойлашган 300-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган учрашувга профилактик ва пробация ҳисобида турган ёшлар ҳамда хотин-қизлар таклиф этилди. Унда туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, мактаб маъмурияти ҳамда туман халқ депутати Н.Саидхўжаевалар қатнашдилар. Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган суҳбатларда тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва жамиятга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўтган 2025 йилда ёшлар иштирокида содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, жорий йилда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Тадбир сўнггида жиноятчилик профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишларда фаол иштирок этган масъуллар ва ёшлар раҳбарият томонидан рағбатлантирилди. Бу каби хайрли ишлар юртдошларимизни айниқса, ёшларимизни иш қидириб чет элларга чиқиб кетиши, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юришларининг олдини олиши муқаррар.

20 Январ 2026 йил

753

Тошкент шаҳар ИИББда “Маънавият ва маърифат дарси”

Пойтахт Ички ишлар Бош бошқармаси мажлислар залида ўтказилган “Маънавият ва маърифат дарси” “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти”мавзусига бағишланди. Мавзусини ёритиш учун Ўзбекистон республикаси ИИВ Академияси Магистратураси “Бошқарув фанлари” кафедраси профессори, полковник Шариф Қобилов таклиф этилди. Маърузачи соҳа ходимларининг жамоатчилик ўртасида мавқеи ҳамда обрўсини ошириш, халқимизнинг мазкур касбга бўлган ҳурмат ва эътиборини кучайтириш, фуқаролар билан бўладиган муносабатларда ўзларини юксак маданиятли ва маърифатли инсон сифатида намоён этишларини таъминлаш масалалари ҳукуматимиз ҳамда вазирлик раҳбариятининг эътиборида эканлигини таъкидлади. Зотан, ходимларнинг фуқаролар, мансабдор шахслар билан муносабатлари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги асосий вазифалари қаторида хулқ-атвор, одоб-ахлоқ мезонлари ички ишлар органлари ходимларининг касб маданияти ва хизмат интизоми кодексида белгилаб қўйилган. Фуқаролар ички ишлар ходимларидан фидойилик, ишчанлик, аниқлик, жонкуярлик, адолатли муносабат кутишади, ички ишлар ходими тимсолида ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилишга тайёр бўлган ҳимоячиларни кўришни хоҳлашади. Шу билан бирга маърузачи ходимлар орасида баъзи бир камчиликлар ҳам йўқ эмаслигини, қўпол, менсимай, кибрли муомала қилиш кабилар ҳам аҳён-аҳёнда учраб туришини эслатиб, бундай хатти-ҳаракатлар нафақат ички ишлар ходими балки бутун тизим обрўсига путур етказишини қайд этиб ўтди. Сўнгра ИИББ Ташкилий бошқарма юридик таъминлаш бўлими катта юрисконсульти, подполковник Камола Балтаходжаева “Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш” мавзусига бағишланган маърузасини йиғилганлар диққатига ҳавола этди. Тадбир якунида шахсий таркиб эътиборига “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди.

19 Январ 2026 йил

5932

Тезкор-қидирув хизмати Қидирув бўлими томонидан амалга оширилган ишлар: йил якуни сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланганидек – жиноятга жазо муқаррар. Жиноят содир этган ҳар бир шахс содир этган қилмиши учун қонун олдида жавоб беради. Жиноий жавобгарликдан қочиб қутулиб қолиш мақсадида тергов ва суд органларидан яширинган шахслар билан Тезкор-қидирув хизмати Қидирув бўлими ходимлари шахсан шуғулланади. Ўтган 2025 йил давомида Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг ҳудудий тизимлари, прокуратура ва суд органлари томонидан қидирув эълон қилинган жами 3923 нафар шахснинг 2146 нафари аниқланиб ушланган. 94 нафарининг қидирув ишлари ҳудудийлик бўйича юборилган. Қидирувдаги шахслар томонидан содир этилган жиноятларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгиланган моддалар кесимидаги таҳлили: ▫️ 97-модда (“Қотиллик”) – 6 нафар; ▫️ 104-модда (“Оғир тан жароҳати етказиш”) – 18 нафар; ▫️ 118-модда (“Номусга тегиш”) – 5 нафар; ▫️ 164-модда (“Босқинчилик”) – 16 нафар; ▫️ 165-модда (“Товламачилик”) – 14 нафар; ▫️ 166-модда (“Талончилик”) – 38 нафар; ▫️ 135-модда (“Одам савдоси”) – 7 нафар; ▫️ 169-модда (“Ўғирлик”) – 293 нафар; ▫️ 168-модда (“Фирибгарлик”) – 1084 нафар; ▫️ 167-модда (“Ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш”) – 83 нафар; ▫️ 277-модда (“Безорилик”) – 48 нафар; ▫️ 273-276-моддалар (Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ) – 143 нафар; ▫️ терроризм ва диний экстремизм билан боғлиқ жиноятлар – 20 нафар; ▫️ бошқа турдаги жиноятлар бўйича 443 нафар. Бундан ташқари, республика ҳудудидан чиқиб қочиб кетган 86 нафар қидирувдаги шахслар МДҲ ва бошқа чет эл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ушланган. Улардан 73 нафари МДҲ давлатларида, 17 нафари бошқа давлатлар ҳудудларида қўлга олинган. 67 нафари 2025 йил давомида Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган. Тергов ва суд органларига келишдан бўйин товлаб юрган, бироқ расмий қидирув эълон қилинмаган жами 741 нафар шахслар ҳам ўз вақтида аниқланиб, тергов ва суд органларига келтирилган. Шунингдек, узоқ йиллар аввал жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан қочиб юрган 73 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган. Мисол учун, Жиноят кодексининг 135-модаси 3-қисмида (“Одам савдоси”) назарда тутилган жиноятни содир этган 1977 йилда туғилган Н.Рисолат 2012 йилдан бери қидирувда бўлган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу шахс 2025 йилнинг 19 март куни ушланган. 2019 йилдан Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан айбланиб қидирув эълон қилинган 1984 йилда туғилган Т.Олег 2025 йилнинг 23 январь куни ИИО ходимлар томонидан қўлга олинган. Қидирувдаги шахсларнинг ушланиши – фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга йўллаган мурожаатлари ҳал этилишига, бузилган ҳуқуқлари тикланишига, етказилган моддий зарарлар қопланиши таъминланишига, давлат идораларидан рози бўлишига хизмат қилмоқда.

17 Январ 2026 йил

5197

Интерактив хизматлар

Text to speech