ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Қатъият билан мақсад сари

Оилада беш фарзанднинг энг кенжаси бўлган Азамат Аманов ички ишлар органларида хизмат қилиш ниятини билдирганида отаси Акмал ака: – Сен уйдан бир кун ҳам узоқлашмаган, бегона жойларда тунаб қолмаган, овқатни ҳам танлаб ейдиган бўлсанг. У ерда ойлаб казарма шароитида яшашингга, нима егулик берса, ейишингга тўғри келади. Сени эркалик ва инжиқлигингни кўтарадиган ота-онанг йўқ у ерда, – деди. Акмал аканинг сўзларини маъқуллагандек, онаси ҳам бош ирғади. Аммо Азамат ўз сўзида туриб, иккиланмай, ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига топширди. Ўқиш даврида чиниқиб бораётгани, жиддийлашаётгани, қатъияти, ҳаётга муносабати ўзгараётганини кузатган отаси Азаматнинг иродаси, тиришқоқлигига тан бермай иложи қолмади. 2011 йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тугатган Азамат илк фаолиятини пойтахт Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида бошлади. Катта терговчилар: полковник Мирзатилла Ҳимоятов, капитан Дилшод Азизовлар ёш аммо тиришқоқ, интилувчан ходимга касбнинг сир-асрорларини ўргатибгина қолмай, унинг ҳар бир муваффақияти ва ютуқларини кузатиб, назорат қилиб боришди. Азамат соҳавий хизматлар билан кенг ҳамкорлик ва ишчи муносабатларини яқиндан йўлга қўйгани боис, биринчи мустақил иши - таъмирлаш кетаётган хонадонлардан биридаги ўғирлик жиноятини ЖҚБ ходимлари, профилактика инспекторлари билан биргаликда тезкорликда очишга эришди. Амалиётида жабрланувчининг айбдорга, айбдорнинг жабрланувчига айланиш ҳолатлари каби чигал жиноий ишларни нафақат ашёвий далиллар, гувоҳлар, тўпланган маълумотларга таяниб, балки ички ҳиссиётлари ва билими ёрдамида фош қилишга эришиб, жиноятга жазо муқаррарлиги, айбсизга озодлик тамойилларини таъминлади. Бунга, катта миқдорда тилла тақинчоқларни сотиш учун олиб, на пулни, на буюмларни қайтариб бермаётганлиги ҳақида ички ишларга мурожаат қилган шахс мисол бўла олади. Аввалдан Х.Мухтор ўз шериги Т.Асилбек билан тилла тақинчоқлар сотуви билан шуғулланиб келган. Навбатдаги катта миқдордаги тилла буюмларни олган Асилбек уларни сотиб пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади. Икки ўртада жанжал чиқади. Мухтор уни автомашинасига ўтқазиб туман ички ишларига олиб келганда Асилбек аслида Мухтор буюмларнинг пулларини бермаётгани, бунга гувоҳлари борлигини айтиб, ариза ёзади. Тергов жараёнида Асилбек келтирган гувоҳлар, тилхат ва бошқа важлар сохталаштирилгани, буюмлар рўйхати ўзгартирилгани каби найранглари ошкор бўлгач, айбини тан олишга мажбур бўлади. Бу жараёнда айбдор ва жабрланувчи муносабатидаги ҳақиқатни аниқлаштириш учун кўплаб юзлаштиришлар, экспертиза хулосалари, маълумотлар, сўровномалар ва бошқа тергов тадбирлари ўтказилгани, қанча меҳнат сарф қилингани ўқувчи эътиборидан четда қолади, албатта. Бундай мисоллар унинг амалиётида кўплаб қайд этилган. Бугунги кунда майор Азамат Аманов Олмазор тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Мазкур соҳа ҳаётимизга рақамли технологияларнинг жадал суръатда кириб келиши асносида янгидан ташкил топганига қарамай, бундай жиноятларга қарши курашнинг ўзига хос услублари ишлаб чиқиляпти ҳамда такомиллаштириляпти. Азамат Аманов ҳам ҳамиша изланишда, бу борада хориж тажрибаси, дунё миқёсида олиб борилаётган ижобий ишларни ўрганиш, амалиётга татбиқ этиш бўйича услубий қўлланма ва йўриқномаларни мунтазам кузатиб, ўрганиб бормоқда.Ўз ишига сидқидилдан, ижобий ёндашиш билан бирга турмуш ўртоғи Нозимахон билан икки жажжи фарзандларини тарбиялашга ҳам вақт топмоқда. Унинг хизматдаги, ҳаётидаги муваффақиятларини кузатар экан, отаси Акмал ака ва онаси Дилором опалар – ҳар иккиси нафақа гаштини сурмоқда – бундан бир неча йиллар олдин Азаматнинг танлаган йўли, иродаси, қобилиятига ишончсизлик билдирганини эслашганда, мийиғида кулиб қўйишади. Азамат эса бу гапларни аллақачон унутиб юборган. Унинг фикри-зикри электрон, кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет-фирибгарлигига муносиб тўсиқ қўйиш вазифалари билан банд. Ва у мақсадларига албатта етишади, деб умид билдирамиз.

13 Январ 2025 йил

18

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда фуқаро жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузганлигини акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 13 январь куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган боғларнинг бирида, 1997 йилда туғилган Ш.Ж. 2005 йилда туғилган С.С. билан жамоат жойида жанжал чиқарган. Ўтказилган текширув жараёнида ушбу ҳолат Ш.Ж. ва унинг таниши С.С. томонидан ўзаро саҳналаштирилганлиги ва ижтимоий тармоқда жойлаштириш учун видеога олинганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган хужжатлар қонуний чора кўришлик учун Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига юборилган.

13 Январ 2025 йил

246

Интерактив хизматлар

Text to speech