«Супер контракт» асосида ўқишга киритишни ваъда берган шахслар жиноий жавобгарликка тортилдилар

8 август куни Яккасарой туман ИИО ФМБга Қашқадарё вилоятида яшовчи 51 ёшли Айноват К.В. муқаддам судланган 64 ёшли Ибодулла Э. ва Тоғаймурот Э. ларга нисбатан чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилди. 2017 йил ёз фаслида Ибодулла ва Тоғаймуротлар даъвогарни қизи, Қарши давлат университетига ўқишга кира олмаган 31 ёшли Нафосат К.ни Чирчиқ педагогика университетига “супер контракт” асосида  киритиш бўйича ёрдам беришни таклиф қилишди. Бунинг учун улар Айнавотдан 3.400 АҚШ доллари сўрашган. Аёл Ибодулла ва Тоғаймуродларга ишониб, 2017 йил  26 августдан 20 сентябрь кунига қадар Шайхонтохур туманидаги “Лабзак” меҳмонхонаси олдида уларга келишилган маблағни бўлиб-бўлиб тўлаган.   

Тергов жараёнида Ибодулла Э. ва Тоғаймурот Э. куз фаслида Қашқадарё вилоятида яшовчи 56 ёшли Нуриддин А. га ҳам  шунга ўхшаш таклиф билдиришган. 23 ёшли ўғли Ортиқ А.ни Чирчиқ педагогика университетига “супер-контракт” асосида ўқишга киритишга ёрдам бермоқчи бўлган  Ибодулла ва Тоғаймуротларга ишонган Нуриддин 3.100 АҚШ долларини  2017 йил сентябрь-октябрь ойлари мобайнида Яккасарой туманидаги Бобур истироҳат боғи  олдида уларга пулни бериб юборганлиги аниқланди.

Аммо иккала шерик ваъдасида турмасдан, пулларни ўз эҳтиёжлари учун  ишлатиб юборишган.  Ҳозирда иккала ҳолат  бўйича Ўзбекистон  Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноий иш қўзғатилди.

Ҳурматли фуқаролар ва шаҳримиз меҳмонлари! Фирибгарларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, пулларингизни уларнинг қўлига топширишдан эҳтиёт бўлинг! Зеро бундай кимсалар сизнинг ишонувчанлигингиздан устамонлик билан фойдаланишларига асло йўл қўйманг!