ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар! Муҳтарам Қуролли Кучларимиз фахрийлари! Қадрли ватандошлар! Аввало, сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман. Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек ғоят шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаган, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини кўз қорачиғидек асраб келаётган она юрт посбонларига яна бир бор юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз. Айни вақтда Ватан олдидаги йигитлик бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамон ўғлонларимизнинг хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирамиз. Бугунги кунда халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритмоқда. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришларда шавкатли Қуролли Кучларимизнинг, сизларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Биз сизларни буюк аждодларимиз анъаналарининг шонли давомчилари деб биламиз ва сизлардек Ватанга фидойи, душманга шафқатсиз, жанговар сафларда доимо ҳушёр ва курашга шай бўлган азму шижоат соҳиблари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, эл-юртимизга шундай довюрак, ботир ва баҳодир фарзандларни тарбиялаб берган ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида барча қувонч ва ташвишларни улар билан баҳам кўриб келаётган оила аъзоларига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни изҳор этаман. Қадрли дўстлар! Кейинги йилларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ортга қайтмас ислоҳотларимизнинг мустаҳкам кафолатларидан бирига айланиб бораётган Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий қудратини ошириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширяпмиз. Жумладан, бошқарув ва таъминот тизими такомиллаштирилиб, замонавий ахборот технологиялари асосида модернизация қилинмоқда, қўшинларимизнинг жанговар сафлари янгича таълим ва тарбия олган малакали офицер ва сержантлар билан тўлдирилмоқда. Шахсий таркибнинг тайёргарлик даражаси, ҳарбий хизматчиларнинг касбий, интеллектуал ва маънавий салоҳияти изчил юксалтириб борилмоқда. Қуролли Кучларимиз замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан босқичма-босқич таъминланмоқда. Ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ билан армия ўртасидаги мустаҳкам бирлик ва жипсликни янада кучайтиришга қаратилган самарали ишларимиз қатъий давом эттирилмоқда. Ҳозирги вақтда дунёнинг сиёсий ва ҳарбий харитасида қандай шиддатли ўзгаришлар юз бераётганини барчамиз кўриб, англаб турибмиз. Турли минтақаларда геосиёсий вазият тобора мураккаблашиб, зиддият ва қонли тўқнашувлар кучаймоқда. Замонавий технологиялар, янги авлод қурол-яроғлари пайдо бўлмоқда, жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг стратегия ва тактикаси янада такомиллашмоқда. Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз келгусида жанг ва бошқарув усулларини замон талаблари асосида янгилаймиз, юқори малакали ҳарбий кадрларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратамиз. Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки ҳар қандай курашнинг тақдирини шахсий таркибнинг билим ва малакаси, ирода ва қатъияти, ўзига бўлган ишончи, мардона фазилатлари ҳал қилади. Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, жумладан, сунъий интеллект асосида роботлаштирилган мажмуалар билан таъминлаш, қўшинларни бошқариш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларига илғор ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир ишларнинг самарасини ошириб, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни кучайтирамиз. Бу борада давлат ва фуқаролик институтлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этишига алоҳида аҳамият қаратамиз. Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия – бир тану бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак. Ғайрат-шижоатда тенгсиз бўлган ҳарбийларимиз ёвлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган қўрқмас ва ўтюрак аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиб, улардан ибрат ва сабоқ олиб, Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этадилар, деб ишонаман. Азиз Ватан ҳимоячилари! Мана шу ҳаяжонли дамларда ҳар бирингизни бугунги байрам билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, сизларга ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафар сизларга доимо ёр бўлсин!   Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

14 Январ 2026 йил

989

Ишонч билан яшаш – бахт

Санжар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, ҳарбий фаолиятини давом эттириш мақсадида, ички ишлар органларига хизматга кириш ниятида Тошкент шаҳар ИИББга ҳужжатларини топширди. “Қўриқлаш” бошқармаси 2-алоҳида батальони сафдорлигидан иш бошлади. Иш бошлагунга қадар, бино ва иншоотларда хизмат олиб бораётган ходимларни кўрганида, ишлари оддий, жўн, кўп меҳнат ва диққат талаб қилмайдигандек кўринарди. Бироқ ўзи иш бошлаганда, масъулият ва жавобгарлик ҳиссининг нақадар залворли эканлиги, ҳар он, ҳар лаҳзада ҳушёрлик ва огоҳликни бой бермаслик зарурлигини англади. Бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлинмалари Манзил-маълумотлар бюроси оператори лавозимида ишлаб келаётган сафдор Санжар Каттабаев илк устози сержант Бахтиёр Якубовни ҳурмат билан тилга олади. Устозининг сабр-тоқат ва вазминлик билан хизмат сирларини ўргатгани, ҳужжатларни расмийлаштириш, ички тартиб-интизом низомларига амал қилиш кабиларни сингдиргани кейинги хизмат фаолиятларида жуда қўл келди. Бу вақт оралиғида Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш Миллий тадқиқотлар университетини сиртдан тугатди. Айни пайтдаги лавозимига тайинланишдан аввал Манзил-маълумотлар бюросида ЭҲМ оператори, Миробод тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш инспектори лавозимларида фаолият юритиб малака ва тажриба орттиргани боис, хизмат вазифаларини тез ўзлаштирди. Ҳар бир сўровнома ҳамда хизмат ёзишмаларига тезкорликда жавоб тайёрлаш, ҳуқуқий тўғри расмийлаштиришга катта эътибор билан қарайди. Санжар Каттабаевнинг келгусида режалари кўп. Ўз ҳаётини ички ишларга бағишлаган бу ходим юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, ҳалол, сидқидилдан қилинган меҳнат қадр топиши, бахтли келажагига йўл очишига ишонади.

14 Январ 2026 йил

1193

Мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини янада мустаҳкамлашнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳарбий округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, бошқа идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ўтган йилларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражаси изчил ошириб борилмоқда, мудофаа саноатининг салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилиб, машғулотлар сони ва шиддати 1,5 баробарга оширилди, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассислар тайёрлаш марказлари ташкил этилди. Армияни рақамлаштириш бўйича бошланган ишлар натижасида ахборот хавфсизлиги, бошқарув ва кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбий таълим тизими тубдан янгиланди, малакали профессор-ўқитувчи ва инструкторлардан иборат Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. Таълим жараёнига ўқитишнинг илғор рақамли технологиялари, жумладан, сунъий интеллектга асосланган ва замонавий баҳолаш тизимлари жорий этилгани ҳарбий кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқди. Йиғилишда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётгани қайд этилди. – Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари. Шу боис, тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлиги таъкидланди. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режими”га ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Олий Бош Қўмондон келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилади. – Шуни унутмаслик керакки, ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир, – деди Президент. Муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди. Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади. Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади. Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди. Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади. Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатини 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади. – Бир сўз билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши керак, – деди Президентимиз. Муҳандислик-техника, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши курашиш соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш энг муҳим масала экани таъкидланди. Шу боис, муҳандислик-техник йўналишдаги ҳарбий-илмий базани мустаҳкамлаш, жойларда ҳарбий технопарклар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг маънавий оламини ҳам мунтазам бойитиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бунда китобхонлик муҳим ўрин тутади. Шу боис, жорий йилда барча ҳарбий қисм ва муассасалар жами 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминланади. Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбийга йўналтирилган мактаб-лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик, Олий Бош Қўмондон танловларида ғолиб ва совриндор бўлган аскарларнинг муддатли ҳарбий хизмати бир ойга қисқартириб берилади. Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кўпкураш, қўл жанги, оғир атлетика каби спортнинг 10 дан ортиқ анъанавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади. – Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш – бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак, – деди Президент. Шу сабабли, қўшинларни сунъий интеллект асосидаги роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Президентимиз мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштириш шароитида киберхавфсизликни таъминлаш ва миллий рақамли инфратузилманинг барқарорлигини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, мутасаддиларга шахсга доир маълумотлар ва рақамли тизимлар ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш топширилди. – Ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши зарур, – деди Президентимиз ва бу борада катта янгиликларни эълон қилди. Хусусан, 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади. Ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларини ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади. Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади. Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди. Замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди. Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги таъкидланди. – Умуман, янги доктрина армияни технологик янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак, - деди Президентимиз. Давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида Қуролли Кучларимизнинг жасур аскар ва сержантлари, офицер ва генераллари, фахрийлари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади. – Сизларнинг жасоратингиз, қасамёдга садоқатингиз, эл-юрт ҳимояси йўлидаги фидойилигингиз билан бутун халқимиз фахрланади. Гўзал юртимизда тинчлик-осойишталик ва ҳамжиҳатлик доимо ҳукм сурсин, жонажон Ватанимиз янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин! – деди давлатимиз раҳбари. Йиғилишда мудофаа вазири, ҳарбий округ қўмондонлари ва бошқа масъулларнинг ҳисобот ҳамда таклифлари эшитилди.

13 Январ 2026 йил

1953

Интерактив хизматлар

Text to speech