Нукус кўчасида рўй берган ҳодиса ҳақида хабар

Интернет тармоғида тарқалган 15 сониялик видеода Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ўртасидаги келишмовчилик суратга туширилган. Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

2021 йил 11 апрель куни тахминан соат 20.40 да ЙПХ 2-батальони 6-мобиль гуруҳи инспектори кичик сержант Жавоҳир Ҳамиджонов Миробод тумани Нукус ва Глинка кўчалари кесишмасида хизмат олиб бориш давомида кечки вақтга қарамасдан ёруғлик мосламалари ёқилмаган “Matiz” (давлат рақами 10 L 568 PA) русумли автомобилни кўриб қолган. Мазкур ҳолат йўл ҳаракати қоидаларининг 134 банди бўйича қоидабузарлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128 моддаси бўйича ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ҳақида ишора берилганига қарамасдан, у Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг талабига бўйсинмаган. Инспектор бу ҳақда йўналиш бўйича хизмат олиб борилаётган ходимларга рация орқали хабар берилди.

ЙПХ 2-батальони 4-мобиль гуруҳи катта инспектор майор Улуғбек Ишанходжаев томонидан кўрилган чоралар натижасида транспорт воситаси Нукус кўчасидаги Makro супермаркети ёнида тўхтатилди. Автомобилни ишончнома асосида бошқарган 32 ёшли Шамшод И. тўхтатилгани учун йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимининг ҳаракатларига норозилик билдириб, инспекторни ҳақоратлаб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига нисбатан ҳурматсизлик қилган.

Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194 моддаси бўйича баённома расмийлаштирилиб, унинг автомобили жарима майдончасига жойланди.