ИИББ ходимларининг аҳоли орасидаги оилавий низоларни ҳал этишга қўшган ҳиссалари тўғрисида

Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари Тошкент шаҳар ИИББ психологик таъминот гуруҳи мутахассислари билан биргаликда мунтазам равишда муаммоли оилалардан хабар олишади. Бу каби оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилмоқда.

Масалан, яқинда Феруза массивида олиб борилган хизмат давомида ИИББ ходимлари ижарага олинган квартирада истиқомат қилувчи оиладан хабар олишди. Қўшниларнинг сўзларига кўра, эр-хотин орасида тез-тез жанжаллар чиқиб турар, яқин атрофда яшовчилар эса бу каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлишар экан. Психологлар мазкур оила аъзолари билан суҳбатлашдилар, вазият ўрганилиб, муаммо чиқишига сабаб бўладиган омиллар аниқланди. Хусусан, суҳбат давомида турмуш ўртоқларда оиладаги мажбуриятларнинг тақсимланиши билан боғлиқ тушунмовчилик борлиги аниқланди, бу ўзаро тушунмовчилик улар учун муаммолар келтириб чиқариши маълум бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ психологик таъминот гуруҳи мутахассислари турмуш ўртоқларга бир-бири билан мулоқот ўрнатиш ва ўзаро муносабатларни тиклаш бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар бердилар. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар оила аъзоларига бундай қийин даврда нафақат болаларни тарбиялашга, балки бир-бирларини қўллаб-қувватлашга ҳам катта эътибор қаратиш кераклигини тушунтирдилар.

Шунингдек, яқинда пойтахт ИИББ психологик таъминот гуруҳи ва Олмазор тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари Чустий маҳалласи фаоллари билан биргаликда ушбу маҳаллада яшовчи ажралиш арафасида турган оилалардан бирининг муаммосини ўрганишди. Суҳбат давомида психологлар турмуш ўртоқларнинг ўзаро тушунмовчиликлари сабабларини ўрганишди. Оила бошлиғи, 33 ёшли О.У. оила аъзоларига руҳий босим ўтказилаётганлиги аниқлангач у билан профилактик суҳбат ўтказилди. Биргаликда олиб борилган ишлар натижасида оиладаги низо ижобий ҳал қилинди, эр-хотин ярашиб, бир-бирларидан кечирим сўрашди.

Бошқа бир ҳолатда, Яккасарой туманида яшовчи фуқаролардан бири ИИББга мурожаат қилиб, вояга етмаган ўғлига депрессияни енгишда ёрдам беришини сўради. Қариндошлари билан доимий жанжаллар ўсмирга кучли таъсир кўрсатгани маълум бўлди. У тушкунликка тушиб, ҳатто кичик муваффақиятсизликлардан ҳам қаттиқ таъсирланадиган бўлиб қолиб, бир марта уйда ҳеч ким бўлмаганида, ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган. Ўша пайт онаси уйга қайтиб, бунинг олдини олган.

Психологлар йигит билан психокоррекция тадбирларини ўтказдилар ва бир қатор махсус усуллардан фойдаланиб, депрессияни енгишга ва нормал ҳаётга қайтишга ёрдам беришди. Боланинг ота-онаси билан ҳам суҳбат қурилди. Келажакда вазиятнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун уларга керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди.