ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Меҳнат миграцияси соҳасидаги вазифалар ва режалар тақдимот қилинди

18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш ва миграция жараёнларини халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиш масалалари юзасидан ахборот берилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларни меҳнат қилиш учун чет элга тартибли жўнатиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли меҳнат бозори диверсификация қилинмоқда, фуқаролар асосан юқори маошли иш ўринларида ишлаш учун хорижга кетмоқда. Натижада 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқароларнинг сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етди. Тақдимотда хорижий меҳнат бозорида малакали мутахассисларга катта талаб борлиги қайд этилди. Ҳозирда 140 минг нафар мутахассисга буюртма мавжуд, аммо тил ва касбий малака бўйича талабларга жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш борасида қилинадиган ишлар ҳали кўплги кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, меҳнат миграцияси хизматлари тарқоқ бўлгани учун одамлар оворагарчиликка дуч келмоқда. Шу мақсадда соҳадаги хизматларни тартибга солиш, барча жараёнларни “ягона дарча” тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйилди. Тошкент шаҳри Учтепа туманида “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термиз шаҳрида “Ягона миграция хизматлари” маркази ташкил этилади. Пойтахтнинг Яшнобод туманида эса халқаро компаниялар билан ҳамкорликда немис ва япон тилларига ўқитиш мактаблари очилади. Сўнгги йилларда Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайгани таъкидланди. У ерда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Айни пайтда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Президент томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, хорижий давлатларда миграция бўйича атташе ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш режалаштирилган. Тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. “Хорижда иш” платформасида 25 турдаги хизмат тақдим этилмоқда, жорий йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Лекин хизматларнинг барчаси ҳам рақамлашмаган. Президентимиз тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди. Платформада биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатиш, фуқароларга масофавий маслаҳат беришни йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилди. Миграция агентлигида фуқароларга туну кун тезкор ёрдам берадиган ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинди. Тақдимотда ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида халқаро аэропортларда интерактив миграция инфокиоскларини ўрнатиш, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган консалтинг ташкилотлари учун жарима миқдорини ошириш таклиф қилинди. Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жавобгарлик киритиш масаласини ўрганиш топширилди. Давлатимиз раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, меҳнат миграцияси жараёнларини янада қулай, хавфсиз ва шаффоф қилиш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.

18 Ноябр 2025 йил

39

“Эски жалоир” маҳалла фуқаролари муаммолари ўрганилди

Ваколатли раҳбарлар томонидан жойларда ўтказиб келинаётган шахсий ва сайёр қабуллар фуқароларнинг кўплаб муаммоларини тезкор ва қонуний ҳал қилишда ўз самарасини бермоқда. Сергели тумани ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан туманнинг “Эски жалоир” маҳалласида ўтказилган сайёр қабули ташриф буюрган фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган масалалар атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал қилиш мақсадида мутасадди ташкилот масъуллари ҳам жалб этилди. Маҳалла фуқароси А.Муҳаббатнинг яшаш хонадонига газ ҳисоблагич ўрнатиш бўйича мурожаати, Ж.Хадичанинг ичимлик сувидан қарзи бўлганлиги сабабли сувдан ўчириб қўйилгани, Б.Ироданинг олийгоҳдаги ўқишига шартнома тўловларини тўлашда моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қилган мурожаатлари қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. Тергов-суриштирув, мол-мулкни ундириш, оилавий низоларга тааллуқли масалалар қўшимча текширув ҳамда маълумотлар талаб қилиши боис уларнинг ижро муддатлари белгиланиб, назоратга олинди. Бу каби фуқароларнинг муаммоларига қонуний ечим топиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган жараёнлар пойтахтнинг барча туманларида амалга ошириб келинмоқда.

18 Ноябр 2025 йил

146

Қишлоқ хўжалигидаги янги ташаббуслар кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни пахтачиликда самарадорликни илғор тажриба ва технологиялар асосида ошириш, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Соҳанинг иқтисодиётдаги улуши 20 фоизни ташкил этмоқда, унда йилига 467 триллион сўмлик маҳсулот яратилмоқда, 3,5 миллион киши меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, янги ва қайта ишланган аграр маҳсулотлар умумий экспортнинг учдан бир қисмини таъминламоқда. Тақдимотда пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Бунинг учун паст ҳосил олаётган фермерлар билан манзилли ишлаш, илғор агротехнологиялар ва озиқлантириш амалиётларини тўғри жорий этиш, агроном тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чоралари белгилаб олинди. Жумладан, пахтачиликда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш орқали ҳосилдорликни 60 центнердан оширган илғор фермерларни 30 центнердан кам ҳосил олган фермерларга бириктириш таклиф қилинди. Илғор фермерлар Қишлоқ хўжалиги малака ошириш институтида қайта тайёрланиб, уларга сертификат берилади. Паст ҳосил олган фермерларда ҳосилдорлик камида 50 центнердан ошса, уларга бириктирилган илғор фермерларга 5 миллион сўмдан мукофот пули берилади. Агрономларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Аграр университет ва соҳада агрономларни тайёрлайдиган бошқа олийгоҳлар битирувчилари учун икки йиллик “дуал таълим” механизми жорий этилади. Илғор кластер ва фермер хўжаликларида амалиёт ўтаган талабаларга стипендия, уларни ўқитган мутахассисларга эса рағбат пули тўланади. Тақдимотда маҳаллий пахта навларини яратиш ишлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Юртимизда пахтачилик бўйича иккита ноёб илмий институт – Геномика маркази ва Пахтачилик институти борлиги, лекин уларнинг имконияти тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Навларни селекция қилиш асосида пахта уруғчилигини янада ривожлантириш мақсадида ушбу институтларда фитотрон ва репродукцион иссиқхона қуриб бериш топширилди. Натижада янги маҳаллий нав яратишга керак бўлган вақт 2,5 баробар қисқаради, олимларнинг иши тезлашиб, импорт уруғга эҳтиёж қолмайди. Ғўзани плёнка остига экиш тажрибасини оммалаштириш режалари кўриб чиқилди. Президентимиз соҳада агродронлардан фойдаланишни кенгайтириш, бу борада мутахассисларни тайёрлаш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Қишлоқ хўжалигига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш масаласи ҳам кун тартибида бўлди. Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва хорижий компаниялар ҳамкорлигида бу борада кадрлар тайёрлаш ва илмий инфратузилма яратиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 2026 йилдан пахта-ғалла, мевалар ва дуккакли экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизимини йўлга қўйиш, суғурта мукофотининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш таклиф қилинди. Субсидиялар тизимини соддалаштириш мақсадида ҳозирда турли идоралар томонидан берилаётган 75 турдаги субсидияни ягона платформа орқали ажратиб борадиган Аграр соҳада тўлов агентлигини ташкил этиш ташаббуси билдирилди. Бу фермерлар учун ортиқча оворагарчилик ва бюрократияни кескин камайтиради. Президентимиз таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

17 Ноябр 2025 йил

87

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading