ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳудудий тузилмалар раҳбарларининг шахсий қабуллари

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирлар фуқаролар ҳаётида муҳим ижобий ўзгаришларга замин яратиб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.Жорий йилнинг 27 ноябридан “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” шиори остида ўтказилаётган “Мурожаатлар ойлиги” доирасида масъул раҳбарлар томонидан шахсий қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида бюрократик тўсиқлар ва сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган. Туманлар ИИО ФМБ бошлиқлари томонидан ўтказиб келинаётган шахсий қабуллар давомида фуқароларни узоқ вақтдан бери ташвишга солиб келаётган, ўз ечимини топмаган кўплаб муаммолар қонуний тартибда ҳал этилмоқда. Бу эса ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.Мисол учун, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғи Сарвар Жўравнинг қабулига келган 1998 йилда туғилган Динара Н., ижарада яшаган хонадон эгаси уни уйдан чиқариб юборганлигини, бироқ буюмларини бермаганлигини маълум қилган. Унинг мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилди ва буюмларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Сергели тумани Меҳригиё маҳалласида истиқомат қилувчи бир нечта фуқаролар туман ИИО ФМБ бошлиғи Баходир Анваровга мурожаат қилиб, маҳаллада жойлашган кўп қаватли уй олдиларини асфальт қилишда амалий ёрдам сўраган. Уларнинг мурожаатлари асосида кўрсатилган ҳудудга асфальт қопламаси ётқизилди. Бектемир тумани ИИО ФМБ раҳбариятига мурожаат қилган фуқаро Ҳаётхон У. унинг 102 рақамига қилган мурожаати ИИО ходимлари томонилан кўриб чиқилгани, лекин натижасидан норози эканлигини билдирди. Ҳолат ўрганилганда фуқаровий ҳуқуқий муносабатларни ташкил этганлиги аниқланди ва ушбу фуқарога фуққаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилиб, зарурий ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи Искандар Рашидовга мурожаат қилган 1962 йилда туғилган Карим К. профилактик ҳисобда туришлигини, ҳозирда туман Ободонлаштириш бўлимида ишлашлигини, 2 нафар фарзанди ва 5 нафар набираси борлигини, тузалиш йўлига ўтганлигини маълум қилиб, профилактик ҳисобдан чиқаришни сўраган. Ушбу фуқаронинг ҳужжатлари, иш ва яшаш жойидан тавсиялар, оилави ҳолати ўрганилди ҳамда унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, профилактик ҳисобдан чиқарилди. Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи 1972 йилда туғилган Анатолий П. Туман ИИО ФМБ бошлиғи И.Рашидовга мурожаат қилиб, автотураргоҳда ишлашлигини, бироқ ойлик маошини ўз вақтида ололмаётганлигини билдириб, шу масалада ёрдам беришни сўраган. Унинг мурожаати шу жойнинг ўзида мутасаддилар томонидан ўрганилиб, ойлик маошини олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ушбу фуқаронинг фарзанди ишсизлиги маълум бўлиб, ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Бу каби қабуллар жараёнида фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар, тавсия ва йўл-йўриқлар берилиб, масалалар қонун доирасида ҳал этилаётгани жамоатчилик ўртасидаги турли тушунмовчиликлар ҳамда ички ишлар органлари фаолиятига нисбатан салбий қарашларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Ҳудудий тузилмалар раҳбарлари томонидан бундай шахсий қабуллар ҳафта давомида режали ва тизимли равишда ўтказиб келинмоқда.

13 Декабр 2025 йил

225

Пайшанба тадбирлари кундалигидан

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни пойтахтимиз ҳудудида кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлиги жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Ҳар доимгидек, навбатдаги “Профилактика куни” да ўтказилган тонгги йўриқномада кун давомида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тақсимланиб, уларнинг самарали ижросини таъминлаш борасида зарур кўрсатмалар берилди. Жумладан, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Президентимиз томонидан қабул қилинган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатларидан асраш, пойтахт ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Фармонда берилган топшириқларни маҳаллабай ижро этиш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан авф этилганлар, пробация рўйхатида ва профилактик ҳисобда турувчи шахслар ўртасида якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жамиятга мослашуви, бандлигини таъминлаш каби муҳим масалалар ҳам таъкидлаб ўтилди. Тошкентда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар соҳа вакиллари ҳамкорлигида пойтахт ҳавосини мўътадиллаштириш, атмосферани ифлослантираётган айрим корхона ва ташкилотлар, иссиқхоналар фаолиятига ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Мутасаддилар пойтахтимиз ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида бўлиб, ҳавога чанг-тўзон кўтарилиши, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан фойдаланмаслик, атмосфера ҳавоси тозалигини сақлаш юзасидан зарурий тавсиялар беришди. Президентимиз фармонига кўра авф этилганлар, пробация ҳамда профилактик рўйхатда турувчи шахсларнинг хонадонларидаги шарт-шароитларини ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўтказилаётган якка тартибдаги профилактик суҳбатларда уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятга мослаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Пробация бўлимлари ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар иштирокида учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини қонуний ҳал қилиш, қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу ишлар давом эттирилиб жойларда ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тузалиш йўлига кирган, намунали хулқи ва соғлом турмуш тарзини танлаган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилиш чоралари кўрилди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Бу долзарб тадбирлар қаторида гиёҳвандлик воситалари, психотроп, ўткир таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, истеъмолига қарши кураш, айниқса ёшларимизни бу балодан асрашга қаратилган ишлар маҳаллалар, идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида кенг тарғибот қилинмоқда. Шунингдек, туманлар ИИО ФМБ ва маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалардаги муносабатлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда асосий эътибор ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланмоқда.

12 Декабр 2025 йил

160

Ваъдалар унутилди, пуллар ишлатиб юборилди

Орамизда уяли телефонлар ишқибозлари жуда кўп. Ҳар гал янги русуми чиққанида нархи қанча бўлишидан қатъий назар уни сотиб олишади. Ҳатто бунинг учун хорижга бориб келишдан ҳам эринмайди. Санжар ана шундай уяли телефон ишқибозлари ортидан мўмай даромад ишлаб олишни ният қилиб, кўпдан буён олди-берди қилиб, ишончли мижозга айланган телефонлар савдоси билан шуғулланиб келаётган таниши Бобурнинг дўконига кириб келди. Телефонлар сотувидан ўзи ҳам улуш олиб манфаатдор бўлган Бобур бу гал ҳам шубҳа-гумонга бормай унга сўраган молларини муҳайё қилди. Санжар 2024 йилнинг 14 май куни унинг дўконидан 36.725 АҚШ долларилик 30 дона “iPhone 15 Pro Max” телефон аппаратларини муддатли тўлов асносида олиб кетди. Ваъдаси бўйича бир ой ичида пулларни келтириб бериши керак бўлган Санжар танишига берган ваъдаси, ишончини суиистеъмол қилаётганидан заррача пушаймон бўлмай, сотувдан тушган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Улуши у ёқда турсин ҳатто телефонларнинг ўз нархидаги пулларини ҳам ололмаган Бобур Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига арзиза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади. Тергов жараёнида Сажарнинг жиноий қилмишини исботлаш учун етарлича далиллар тўпланди ва жиноят иши қонуний баҳо бериш учун судга тақдим этилди. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган, маълумоти ўрта, икки нафар фарзанднинг отаси бўлмиш М.Санжарнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг168-моддаси 4 қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Суд айбланувчининг пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57 прим.2-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 11.250.000 сўм жарима жазоси тайинлади.Мазкур жиноят иши Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Миршоид Миробидовнинг иш юритувидан олинди.

11 Декабр 2025 йил

153

Интерактив хизматлар

Text to speech