Сергели туманида рўй берган ЙТҲ ҳақида маълумот

Сергели туманида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида Интернет тармоғида тарқаётган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

26 ноябрь куни тахминан соат 13.00 да Лутфукор кўчасида автоювиш шаҳобчасида норасмий ишловчи 19 ёшли Улуғбек Н. унга топширилган “Cobalt” (давлат рақами 10 N 106 RA) русумли автомобилда бошқарувга рухсат берадиган ҳеч қандай ҳужжатсиз йўлга чиқиб, бошқарилмайдиган чорраҳада пиёдани – 10 ёшли С.М.ни уриб юборган. С.М. олган жароҳатлари сабабли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди. Марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. 

ЙТҲдан сўнг ҳайдовчи воқеа жойини тарк этган.

Мазкур факт бўйича шу куннинг ўзида, яъни 26 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 2 қисми (“”) ва 117 моддаси 2 қисми (“”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Улуғбек Н.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек маълум қиламизки, ЙТҲ содир этган ҳайдовчи автоювиш шаҳобчасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ишга жойлашмаган, шу сабабли тергов томонидан автоювиш шаҳобчаси раҳбарига нисбатан тегишли чора кўриш ҳақида арзнома тақдим этилади.

Бундан ташқари, дастлабки тергов давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга бошқарувни топширган автомобиль эгаси ва бошқа шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади. 

Тергов давом этмоқда.