Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғига асосан, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакилларининг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ягона тезкор бошқарув марказига ташрифи амалга оширилди. Ташриф буюрувчиларнинг эътиборига: “Бетакрор Ўзбекистон: Ўзбекистон республикасининг туризм салоҳияти”, “Ўзбекистон республикаси ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари фаолияти”, “Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ягона тезкор бошқарув марказининг сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни” каби мавзулар ҳавола этилди. Ушбу мавзуларда Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризм бошқармаси бошлиғи Н.Одилов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Р.Султанходжаев ва Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ф.Файзиллаевлар томонидан тақдим ўтказилди. Тожикистон республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Раҳмонзода Абдужаббор Азизий юртимизда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича яратилган тизимни юқори баҳолаш билан бирга пойтахт кўчаларида тирбандлик муаммоси кучайиб бораётганини қайд этаркан, бу борада йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг талабларига қатъий риоя қилиш ва уларни тўғри тушуниш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, тақдимот иштирокчиларини сайёҳлар томонидан Ўзбекистон республикаси ИИВ Хавфсиз туризм бошқармаси Call-марказига ёрдам сўраб қилинган қўнғироқларига сайёҳнинг жойлашган манзилидан қатъий назар республика бўйича ёрдам кўрсатиш имконияти, ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари қай даражада, қайси чет тилларини билиши, ИИВ туризм бошқармаси Call-маркази қайси тилларда хизмат кўрсатишига доир масалалар қизиқтирди. Шу билан бирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистон республикаси ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларини сайёҳларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича малакасини оширишга қаратилган лойиҳани ишлаб чиқиш таклифи берилди. Индонезия элчихонаси Фавқулодда ва Мухтор вакили Синтиа Кристиан Саэх ўз мамлакатидан келадиган сайёҳлар сони кўпайиб бораётганлигини инобатга олиб, туризм объектлари ва ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари учун индонез тили курсларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш таклифини олға сурди. Тадбир якунида чет давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакиллари юртимизда фуқаролар жумладан, хорижлик сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий қайд этиб, ташрифдан мамнун эканликларини изҳор этдилар.