Жамоат жойларида фуқароларда пичоқ ва бошқа хавфли буюмлар борлигини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижаси ҳақида

5 ноябрь кунидан 2 декабргача бўлган давр ичида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-2 (“Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш”) ва 185-3 (“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши”) моддалари бўйича 541 та баённомалар расмийлаштирилди. Суд 50 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий қамоқ жазосини белгилади. Қолган шахслар суд органлари томонидан айбдор деб топилиб, жаримага тортилдилар.

Ҳурматли фуқаролар! Келишмовчилик ҳолатида пичоқ қўллаш – рақибингиздан устунлигингизнинг кўрсаткичи эмас, аксинча, агар сиз пичоқ қўлласангиз, соғлом фикрлаш қобилиятингиз йўқлигини намойиш этган бўласиз. Бир сўз билан айтганда, заифлигингиз шу даражага етган бўладики, фақат бировга жисмоний шикаст етказибгина баҳсда енгишингиз мумкинлигини намойиш этасиз.