ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё

       Шавкат Шоматовлар оиласида тиббиёт соҳасига кўпроқ ёнбосишлик кузатиларди. Дарҳақиқат, одамларнинг дардига малҳам бўлиш, дардини аритиш, соғлиқ улашишдек эзгу ва савобдан катта бахт йўқ. Оила катталари тиббиёт соҳасида  ҳалол меҳнат қилиб, касбидан обрў ва  эътибор топиб келаётгани ҳам бунга мисол эди. Бироқ Азиз Шоматов ўрта мактабни битирибоқ Республика Қуролли кучлар сафида ўз йигитлик бурчини ўташга ошиқди. Ҳолбуки, у мактаб чоғлариданоқ бўлажак касбини танлаб бўлган эди. Ватан тинчлиги-осойишталигини асраш, жиноий иллатларга қарши кураш,  юртдошларини жиноий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳам эл соғлиғини ҳимоя қилишдан фарқланмайдиган касб. Азиз 1996 йили йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Собир Раҳимов тумани ички ишлар  бўлимига (ҳозирги Олмазор тумани) ҳужжатларини топширди. Туман ИИБ навбатчилик қисми навбатчи милиционери лавозимида иш бошлади. Илк устози навбатчи, капитан  Ҳамдам Қаршиевдан соҳанинг ўзига хос жиҳатларини  тиришқоқлик ва қунт билан ўрганди. Бу орада устозининг маслаҳатларига қулоқ тутиб, ҳам тажрибаси, ҳам махсус маълумотини ошириб борди. Кўп йиллар туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори лавозимида ҳам фаолият юритди. Бу хизмат йилларини Азиз ўзгача хотиралар билан эслайди. Жуда кўплаб инсонлар тақдири ва ҳаёти билан танишди, турфа феълли шахсларнинг туриш-турмуши, фикрлаши ва онги бирда уни ҳайратга солган бўлса, бирда чуқур ўйлашга ундади. Кейинчалик бу ўзлаштирган ҳаётий ва  касбий тажрибалари нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг ҳам муаммоларига тўғри ечим топишига, жўяли маслаҳатлар беришига хизмат қилди. Синчковлиги ҳамда зийраклиги туфайли кўплаб жиноятларнинг олдини олиб, ИИББ раҳбариятининг ташаккурномалари ва фахрий ёрлиқларига сазовор бўлди. Ишхонада бўлгани каби, маҳаллада ҳам обрў-эътибор қозонди.        Айни дамда Азиз Шоматов муаззам шаҳримизнинг Олмазор тумани  1-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчи катта инспектори лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда. Бу орада кўплаб шогирдлар етиштирди.  Майор Илҳом Абдураҳмонов, эрта-индин зобитлик унвонини оладиган Жамшид Эргашев ва бошқа кўплаб шогирдлари устози Азиз Шоматовни илиқлик билан тилга  олишади.        – Азиз ака жуда талабчан ва қаттиққўл устоздир. Уларнинг соҳа бўйича тажриба ва малакасидан ташқари  ҳаётий тажрибалари ҳам эътирофга лойиқ, – дейди Жамшид. – Ҳаммамиз инсонмиз. Турмушда нималар бўлмайди, дейсиз. Азиз аканинг ҳар бир вазият ва шароитга теран ва адолатли қараши, тўғри маслаҳатлари бизларга айрим хизмат ва турмуш қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Шу боис нафақага чиқишини ҳам кечиктириш тарафдоримиз.        Азиз ака хизматни сидқидилдан адо этиш билан бирга оила, фарзанд тарбиясини ҳам биргаликда уйғун олиб боришга интилди. Турмуш ўртоғи Нигора опа билан уч фарзандининг эл-юртга нафи тегадиган, баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор беришди. Бугун уч фарзанди ҳам олий ўқув юртлари талабаларидир. Оила маҳаллада ўз ўрни ва салмоғига эга. Азиз ака маҳалла аҳлининг йиғину тадбирларида ҳам бош-қош. Бир сўз билан айтганда ибрат олса арзигулик оила.

4 Ноябр 2024 йил

134

Тошкент шаҳар ИИББда байрам тадбири бўлиб ўтди

Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва шаҳар ҳокимияти раҳбарияти, бош бошқарма ва таркибий тузилмалар ходимлари иштирок этди.Оркестр садолари остида бошланган маросимда давлатимиз раҳбари топшириғи билан хизматда фойдаланиш учун 8 та BYD ва 15 та Damas автотранспорт воситалари соҳавий хизмат ходимларига тантанали равишда топширилди. Тақдим этилган мазкур транспорт воситалари соҳанинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва хизмат сифатини яхшилашда ўз ҳиссасини қўшиши билан аҳамиятли бўлди.Тақдимотдан кейин Тошкент шаҳар ИИББда жойлашган хотира майдонида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг ёрқин хотираси ёд этилди. Маросимда ички ишлар органлари фахрийлари, меҳмонлар, бош бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиб ҳамда ватан учун қаҳрамонларча жон фидо этган ходимларнинг оила аъзолари ва яқинлари иштирок этишди. Хотира монументига гуллар қўйилди.Шундан сўнг, Бош бошқарманинг маърифат залида байрам тадбирининг тантанали маросими бошланди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан Ички ишлар вазирининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.Бош бошқарма бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ички ишлар органлари ходимларини, фахрийларни ҳамда хизмат вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклаб, уларга муваффақиятлар тилади.Тадбир давомида ўз хизмати билан касбдошларига ўрнак бўлган бир қатор ходимлар Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг кўкрак нишони, фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.Байрам сўнгида қатнашчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

4 Ноябр 2024 йил

276

Талаба ёшлар ўртасида содир этилган жиноят муҳокамаси ўтказилди

Шу кунларда Тошкент шаҳар ИИББ мутасаддилари томонидан пойтахтдаги олий ўқув юртларида таҳлилий йиғилишлар ўтказилиб, талабалар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинмоқда.Ана шундай йиғилиш Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон миллий университетида ўтказилди. Йиғилиш давомида мазкур ўқув юрти талабалари томонидан содир этилган безорилик жинояти сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинди. Тадбирда Олмазор тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда туман 4-сектор бошлиғи, жиноят содир этган талабалар, университет раҳбарияти иштирок этди. Учрашувда инсон ҳаётига хавф солувчи тиғли жисмларни олиб юриш қонунга хилоф эканлиги бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.Келгусида ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, олий таълим муассасалари маъмурияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

1 Ноябр 2024 йил

391

Интерактив хизматлар

Text to speech