ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида   маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Наврўз – инсоният тарихидаги энг қадимий байрамлардан биридир. Манбааларда келтирилишича,  мазкур байрам камида уч минг йиллик тарихга эга. Асрлар давомида Марказий Осиё, Эрон, Кавказ, Яқин шарқ ва бошқа кўплаб ҳудудларда яшовчи халқлар томонидан нишонланиб келинади. Тошкент шаҳар ИИББ мажлислар залида ўтказилган бугунги “Маънавият ва маърифат дарси” “Қадим қадриятлар таровати” номи билан айнан шу мавзуга бағишланди. Уни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Умида Элмуратова кенг кўламда ёритиб берди. Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Умар Ҳайём, Абулқосим Фирдавсий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Наршахий каби буюк алломаларнинг асарларида Наврўз ҳақида келтирилган маълумотларни таъкидлаб ўтди. Шунингдек, асрлар қаъридан омон чиққан Наврўз мустақиллик даврида мазмунан бойитилгани, Халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланганини қайд этди. Маърузада кўплаб тарихий маълумотларнинг келтирилиши йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури  намойиши билан якунланди.

16 Март 2026 йил

130

Пайшанба — профилактика куни

"Пайшанба" профилактика куни муносабати билан, Янгиҳаёт тумани 332-сонли умумтаълим мактабида Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ХПБ ХҚМБ катта инспекторлари Р.Т. Бинали ҳамда капитан Х.Х. Бойқўзиева иштирокида мактаб ўқувчи қизлари билан “Эрта туғруқнинг олдини олиш” мавзусида профилактик йиғилиш ташкил этилди. Учрашув давомида ўқувчи қизларга ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорликнинг салбий оқибатлари, она ва бола саломатлигига таъсири ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қизларга ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш, таълимга жиддий эътибор қаратиш, ҳаётда тўғри қарорлар қабул қилиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Йиғилиш давомида мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг келажаги учун билим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

16 Март 2026 йил

243

Нозик жуссадаги катта масъулият

2012 йилда республика ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини битирган Регина Сафинова Тошкент вилоятида жойлашган жазони ижро этиш аёллар колониясида катта инспектор лавозимида иш бошлади. Ўн йилга яқин хизмати давомида жиноятлар содир этиб, қонуний жазо муддатларини ўтаб келаётган турли ёшдаги аёлларнинг тақдирлари билан танишди. Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмаслиги, оиладаги тарбия, муҳит, ота-оналарнинг ўзаро муносабатлари инсоннинг хулқ-атвори, келажаги, онгу шуури шаклланишида катта аҳамиятга эгалигини англади. Ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш қаторида маҳкумларни тўғри ҳаётга қайтариш, қайта жиноятга қўл урмаслик, оила, яқинлари бағрида эркин ва бахтли яшаш, оила ва жамиятдаги ўрнини англаш борасида профилактик-тушунтириш ишларини олиб борди. Кўплаб аёл-қизларни тўғри йўл танлаши, бахтли келажагини қуришига эришди. Унинг фидойи хизматлари раҳбарият томонидан миннатдорлик, ташаккурнома ҳамда пул мукофотлари билан муносиб рағбатлантириб борилди. Лавҳамиз қаҳрамони 2021 йилдан буён пойтахт ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати кичик мутахассиси лавозимида катта сержант унвонида хизмат фаолиятини давом эттириб келмоқда. Пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорти ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчиларни белгиланган тартиб-интизомга қатъий риоя қилишга чақириш, йўллар ҳолати бўйича огоҳлантиришларни йўл ҳаракати иштирокчиларига етказиш, айниқса болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида мактаб, билим юртларида тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб боришда катта ҳиссасини таъкидлаш жоиз. Ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган катта сержант Регина Сафинова 8 март –Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан ИИВнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Бу эътироф лавҳамиз қаҳрамонини янада шижоат билан ишлаш, ташаббускорликни қўлдан бермаслик, ҳамкасбларига ўрнак бўлишга хизмат қилади, албатта.

15 Март 2026 йил

336

Ҳашар – тинч элга ярашар

Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда жорий йилнинг 13-14 март кунлари умумхалқ ҳашарининг ўтказилиши ушбу хайрли ишларнинг тизимли давомидир. Озодалик, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварликни тарғиб қилувчи ҳашар анъанаси халқимизни асрлар давомида бирлаштириб келмоқда. Бу йил ҳам анъана кўтаринки руҳда давом эттирилди.Эрта тонгдан Тошкент шаҳар ИИББ, ҳудудий тузилмаларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Тадбир давомида маъмурий бинолар ҳудуди ва ён-атрофларида ободонлаштириш ва тозалаш, санитария ҳолатини яхшилаш, кўча ва йўлларни чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилди. Дов-дарахтларга шакллар берилиб, теварак-атроф тартибга келтирилди. Қўшимча турли манзарали ҳамда мевали дарахтлар, гуллар экилди. Ҳашардан кўзланган мақсад: қўшалоқ айём –муборак Рамазон ҳайити ҳамда янгиланиш, покизалик, меҳр-саховат байрами бўлмиш Наврўз айёмини муносиб кутиб олишга қаратилди. Хайрли тадбирда соҳавий хизмат ходимлари фаол иштирок этишиб, уюшқоқлик, халқимизга хос бўлган бирдамлик, ҳамкорлик ва покизалик каби фазилатларни намойиш этдилар. Ҳар бир ходим бу хайрли ишларга ўз ҳиссаларини қўшишдан мамнунлик ва кўтаринкилик туйғусини ҳис этишди.

14 Март 2026 йил

446

Интерактив хизматлар

Text to speech