Кун тартибида – маънавият ва ахлоқий тарбия даражасини ошириш масалалари

Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБда хизмат интизоми ва қонунийлигини мустаҳкамлаш, ходимларнинг маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия даражасини, касбий маҳорат ва билимларини оширишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А. Икрамов раислигида ўтган тадбирда пойтахт ИИББ, бош бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарияти, барча туманлар ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳамда 12 та туман ИИО ФМБ бошлиқларининг маънавият-маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари иштирок этишди.  

Масъул ходимларнинг пойтахт ички ишлар органлари томонидан шахсий таркиб билан олиб борилаётган маънавият ишлари, ходимларнинг ахлоқий сифатларини, касбий маҳорат ва билимларни ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.    

Йиғилиш иштирокчилари қаршисида сўзга чиққан вазир ўринбосари А. Икрамов бугунги кунда тизимда ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини, асосий эътибор виждонан хизмат қилувчи, ҳар қандай ҳолатда ҳам қасамёдига содиқ қолувчи, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида бор кучини ишга солувчи ходимларни тарбия қилишга қаратилаётганини қайд этди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни моддий-техник таъминотини такомиллаштириш, ходимларнинг фаолиятлари учун ижобий шароит яратиш, уларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашга доир бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек вазир ўринбосари ҳар бир раҳбар биринчи навбатда шахсий таркибга ўз мисолида ибрат бўлиши зарурлигини, соҳада жорий қилинган “ходимбай” тизимига алоҳида эътибор қаратиши кераклигини қайд этди. 

Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А. Икрамов маънавият-маърифат ишлари бўйича ўринбосарларга миллий қонунчиликка киритилаётган барча янгиликлар ходимлар томонидан диққат билан ўрганилиши ҳақида топшириқ берди. Шунингдек маданият ва санъат вакиллари билан “давра суҳбатларини” ташкил этиш, шахсий таркиб орасида китобхонликка, театрга бўлган қизиқишни ошириш.   

Учрашув якунида вазир ўринбосари кўриб чиқилган масалалар бўйича барча масъул ходимларга тегишли топшириқлар берди.