ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Танганинг икки томони

        ХХI асрни бежизга ахборот асри дейишмайди. Аввал фақат телевизор, радио, оммавий ахборот воситалари орқали дунё воқеаларидан кечикиб бўлса-да хабардор бўлган бўлсак, бугун интернет тармоғи орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан боғланиб, воқеаларнинг реал жараёнини кузатиш муаммо эмас. Бироқ бу айрим нопок, тер тўкмай пул топишни ният қилганлар қўлида ўзига хос қурол бўлиб хизмат қилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Қуйида Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Ортиқбой Жуманов томонидан тергов ҳаракатлари пухта ва билимдонларча олиб борилиб, суд ҳукмига ҳавола этилган жиноят иши фикримизнинг яққол далилидир.        Суҳроб интернет тармоғидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни анчадан буён режалаштириб юрарди. Мақсади – интернет фойдаланувчиларини сохта эълонларга қизиқтириб, масофадан туриб пул ишлаш эди. Режасини ипидан игнасигача пухта ўйлаб, ахири ишга киришишга аҳд қилди. 2022 йилнинг ноябрь ойида интернетнинг телеграм ижтимоий тармоғида сохта профил очди ва ушбу профил орқали тармоқдаги турли гуруҳларга ”PUBG” номли ўйин қаҳрамонлари яратилган профил-аккаунтлари ҳамда сотув сайтига “ Samsung S20” мобил қурилмасини сотиш ҳақида сохта эълон жойлаштирди. Харидорларнинг арзон нархга учишини билиб аслида мавжуд бўлмаган товарларнинг нархини пастлаб кўрсатди. Тез орада А.Рустам эълон бўйича мурожаат қилди. У мобил қурилманинг нархи 2.700.000 сўм – нима учун арзонлиги билан қизиққанида Суҳроб унга ўзини онлайн дўкон эгаси эканлиги, олиб-сотар эмаслиги, биринчи қўлдан олаётганини билдирди. Бошланғич тўлов – 600.000 сўмни пластик картага ўтказиб бериши билан такси орқали айтилган манзилга етказилишини ёзиб уни ишонтирди. Табиийки, Рустам унинг бу макрига илинди ва айтилган пулларни ўтказиб берди. 19 ноябрь куни А.Зиёдулла худди шундай усул билан “PUBG” номли ўйин қаҳрамонлари яратилган профилни 1.060.000 сўмга пластик картасига ўтказиш йўли билан “сотиб олади”.        – Бу ўйин жуда кенг тарқалган бўлиб, унда дунёнинг исталган мамлакатидан туриб, бошқа мамлакатдаги шахслар – бир вақтнинг ўзида бир нечаси – билан бирга онлайн тарзда ўйнаши мумкин, – дейди капитан О.Жуманов. – Ўйинда ҳамма ўзининг кучайтирилган ўйинчи қаҳрамонларини профил орқали алоқага чиқиб савдолашиб, сотиб пул ишлаши мумкин.         Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди И.Суҳробнинг қилмишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, “б”, “г” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг муқаддам судланмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, яъни 1.500.000 сўм жарима жазосига ҳукм қилди.

22 Ноябр 2024 йил

59

Шайхонтоҳур тумани учинчи сектор фаолияти ҳақида

Шайхонтоҳур туманидаги учинчи сектор ҳудудидаги 13 та маҳаллада камбағалликни йўқотиш, ҳаёт сифатини яхшилаш, аҳолини иш билан банд қилиш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий объектлар ва турар-жойларда қишки мавсумга тайёргарлик кўрилмоқда.Хусусан, 3-сектор ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг 323 кв.М томи, 200 метр тарновлар, 41 та кириш йўлаклари ва 25 та кўп қаватли уйларнинг ертўла муҳандислик коммуникациялари жорий таъмирланди. 6 та маҳалла ҳудудидан ўтган Кўкча дарвоза кўчаси бўйлаб 3,5 км, Муқанна кўчаси бўйлаб ва Бешқайрағоч кўчасига қадар 400 метр масофада 110 кВт ли юқори кучланишли кабель тортилди. 6 та трансформатор янги катта кучланишли трансформаторлар билан алмаштирилди.Бундан ташқари, сектор ҳудудидаги аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш, эҳтиёжманд оилалар, муаммоли хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи давомида "Темир дафтар"га киритилган 33 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди, 6 нафарига коммунал қарзларини тўлашда, 62 нафар шахсга керакли дори-дармонларни сотиб олишда ёрдам берилди. 57 та оилага 146 кВт энергия ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панеллари ўрнатиб берилди."Аёллар дафтари"га киритилган 791 ишсиз хотин-қиздан 781 нафари ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган икки нафар хотин-қизга 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди."Ёшлар дафтари"га ўтган давр мобайнида 236 нафар ёш киритилган бўлиб, уларнинг 228 нафарига манзилли ёрдамлар кўрсатилиши натижасида рўйхатдан чиқарилди. Жумладан, 8 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди, 7 нафари ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб ускуна сотиб олиш мақсадида субсидия ажратилди, 121 нафар ёшга олий таълим муассасалари контракти, хорижий тилларни ва тадбиркорликни ўрганиш ўқув курслари харажатларининг 50 % қисми тўлаб берилди.Бу йўналишдаги ишлар бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.

22 Ноябр 2024 йил

129

Сектор котибларига навбатдаги тренинг ташкил этилди

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳри филиали ходимлари томонидан 3-сектор котиблари учун махсус тренинг ўтказилди. Унда котибларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сонли қарори, шунингдек, сектор раҳбарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда samaradorlik.uz платформасидан фойдаланиш тартиби юзасидан тушунчалар берилди.Шунингдек, секторларни баҳолашда “маҳалла еттилиги” фаолият самарадорлигининг аҳамияти ва натижадорликка нисбатан таъсири юзасидан маълумотлар тақдим этилди. Аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш, натижадорликка эришиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

22 Ноябр 2024 йил

94

Ўйнаб гапирсанг ҳам...

... ўйлаб гапир, деган ибора жуда тўғри айтилган. Тилга эрк бериш орқали баъзан инсоннинг ўзи ўз оёғига болта уради. Ортидан пушаймонлик, аммо кеч қилинган пушаймонлик, афсус-надомат келади. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида 2000 йилда туғилган Л.Шаҳриёрнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Суд айбдорнинг жабрланувчи билан ярашганлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 4 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Воқеа эса бундай бўлганди.Шаҳриёр 2022 йилнинг 19 май куни ўзи ишлаётган масъулияти чекланган жамиятга келади. Жамият ҳовлисидаги сочилиб ётган темир бўлакларини йиғиштириб, уларни саралаётган вақтида соат 16.00 ларга яқинлашган эди. Шу чоғ бирга ишловчи Нодир келиб:— Ҳа, ўмариб кетиш учун тайёрлаб қўйяпсанми?, – деб кесатади.— Қачон кўрдинг ўғирлик қилганимни? Ўғирликда сендан ўтадигани бўлмаса керак ўзи.— Эй, оғзингга қараб гапир!Кесатиқ ва бир-бирларини ўғирликда айблов билан бошланган  суҳбат тез орада жанжалга айланди. Нодир ўзини тутолмай Шаҳриёрга мушт туширди, гандираклаб йиқилган Шаҳриёрни дўппослаб кетди. Унинг муштидан аранг қутулган Шаҳриёр қочди. Нодир рақибини қочиб кетди, деб ўйлаб, уст-бошини қоқиб, ўзини тартибга келтира бошлади. Бироқ Шаҳриёр калтак еганига аламзадалиги учун Нодирдан ўч олиш мақсадида, қўлига темир бўлагини олиб Нодир томонга ирғитди. Темир бўлаги бошига тегиб у йиқилди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Нодир олган жароҳатларни соғлиғи учун оғир, деб қайд этди.— Аслида ҳеч ким ҳеч кимни асоссиз бирон жиноятда, қоидабузарликда айблашга ҳақли эмас, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта  терговчиси, майор Нурулло Душаев. – Агар шахс жиноят аломатларини аниқласа ёки гувоҳи бўлса, бу ҳақда тегишли органларга хабар бермоғи лозим. Зотан, бугун барча мутасадди ташкилот ва органларнинг ишонч телефонлари мавжуд ва унга қўнғироқ қилиб қонунбузарликлар ҳақида хабар берган фуқаронинг шахсияти сир тутилиши кафолатланган.

21 Ноябр 2024 йил

153

Интерактив хизматлар

Text to speech