ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс қизнинг телефонини тортиб олганлиги ҳақидаги хабар тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 21 декабрь куни тахминан соат 21.20 да 2004 йилда туғилган С.Қ. Миробод тумани Амир Темур кўчасидаги ер ости йўлидан ўтаётган вақтида номаълум шахс 500 АҚШ долларига тенг бўлган телефон аппаратини куч билан тортиб олиб, воқеа жойидан қочиб яширинган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида номаълум шахснинг шахси аниқланиб, у 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган (Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”) билан) Мадумаров Отабек Охунжон ўғли эканлиги маълум бўлди ва тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (“Босқинчилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. О.Мадумаровга нисбатан “Қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳурматли фуқаролар, агар Сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-42-54 рақамига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

2 Январ 2026 йил

47

Ўзбекистон халқига Янги йил табриги

Қадрли ватандошларим! Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни кириб келаётган янги 2026 йил билан чин юракдан муборакбод этаман. Ўтиб бораётган йил халқимиз ҳаётида катта ўзгаришлар, эртанги кунга мустаҳкам ишонч ва улкан натижалар йили бўлди. Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, биз ўз олдимизга қўйган барча мақсад ва марраларга эришдик. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми илк бор 145 миллиард доллардан ошди ва мамлакатимиз ўрта даромадли давлатлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлади. Иқтисодий ўсиш самараси одамларимиз ҳаётида, оилалар даромадида, маҳаллалар қиёфасида, ёшларимизнинг келажакка бўлган ишончида яққол намоён бўлмоқда. Ўтаётган йилда ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда хурсандчиликлар, бахтли онлар кўп бўлди. Янги уйга кўчиб кирган, ўз бизнесини йўлга қўйган ёки кенгайтирган, даромади ошган, илм-фан, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда ўзи ёки фарзандларининг ютуқларидан қувонган миллионлаб оилаларнинг шодлиги 2026 йилдаги мақсадларимизга эришиш йўлида бизга албатта катта куч беради. Азиз юртдошларим! Биз келгуси йилда ҳам ҳар бир оиланинг бахтли, фаровон ва соғлом ҳаёт кечириши, ёшларимизнинг сифатли таълим олишлари, келажак касбларини эгаллашлари ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун янги-янги имкониятларни ишга соламиз! Биз 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилдик. Янги йилда минглаб маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз. Барча иқтисодиёт тармоқларини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказамиз. Халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш ишларини янада жадаллаштирамиз. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, муҳтарам кексаларимиз, қадрли хотин-қизлар ва навқирон ёшларимизни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Экологияни яхшилаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таъсирчан чораларни давом эттирамиз. Бир сўз билан айтганда, янги 2026 йилда ҳам барча ислоҳотларимиз, саъй-ҳаракатларимиз одамларимиз яхши яшаши ва бизнес учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилади. Тажрибали маҳалла раислари ва фаоллари, зиёлилар, тадбиркорларимиз, серғайрат ёшларимиз, кенг жамоатчилигимиз, ҳар бир ватандошимиз ушбу олижаноб ишларга муносиб ҳисса қўшади деб ишонаман! Азиз ватандошларим! Янги йил арафасида ҳар бир оила яхши ниятлар қилади, ҳар бир инсон қалбида ёрқин орзу-умидлар жўш уради. Ҳар биримизнинг пок ниятларимиз, эзгу мақсадларимиз 2026 йилда албатта амалга ошсин! Янги йил ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қут-барака, юртимизга юксак тараққиёт, тинчлик-хотиржамлик олиб келсин! Яратган Парвардигор Ватанимизни асрасин, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш йўлидаги ишларимизда мададкор бўлсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизларим!    Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

1 Январ 2026 йил

73

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султанходжаевнинг Янги йил табриги

Муҳтарам ҳамкасблар, ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва фидойи ходимларимизнинг оила аъзолари, азиз ҳамшаҳарларимиз ҳамда пойтахтимиз меҳмонлари! Янги — 2026 йил остонасида барчангизни самимий муборакбод этаман. Ушбу йил ҳаётингизда эзгу ниятлар, орзу-умидлар ва хушхабарларга бой бўлсин. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан келаётган йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани юртимиз ҳаётида, хусусан, ички ишлар органлари фаолиятида янги босқични бошлаб беради. Бу ташаббус пойтахтимизда хавфсиз ва осойишта муҳитни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни янада кучайтириш, маҳаллаларда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва уларга янги мазмун бағишлаш учун кенг имконият яратади. Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси томонидан жамоат тартибини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар келгуси йилда ҳам янги ёндашувлар, замонавий усул ва самарали механизмлар асосида янада кучайтирилади. Азизлар! Янги йил диёримизга тинчлик ва осойишталик, тараққиёт ва равнақ, хонадонларимизга файзу барака, бахт-саодат ва фаровонлик олиб кирсин. Юртимиз осмони доимо мусаффо, халқимизнинг эртанги кунига бўлган ишончи янада мустаҳкам бўлсин. Барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли хизматингизда муваффақиятлар, оилаларингизга тотувлик ва хотиржамлик тилайман. Янги — 2026 йил муборак бўлсин! Ҳурмат билан, Равшан Султанходжаев

1 Январ 2026 йил

176

Президентимиз Янги Тошкентда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Давлатимиз раҳбари Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган ва истиқболдаги йирик қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Мазкур шаҳар қурилишига 2023 йилда тамал тоши қўйилган эди. Лойиҳа учун Юқори ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19 минг 700 гектар ер майдони ажратилган. Концепция Британиянинг “Cross Works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Айни пайтда бу ерда 100 дан зиёд катта-кичик лойиҳалар жадал олиб борилмоқда. Ҳар бир ташаббус халқаро меъёрлар ва замонавий шаҳарсозлик тенденцияларига асосланади. Ҳозирга келиб, дастлабки иншоотлар маҳобати кўрина бошлади. Якунига етаётган 2025 йилда янги шаҳарда олиб борилаётган қурилиш майдонлари 3 миллион квадрат метрга етди. Бир қанча уй-жой массивлари қурилиши якуний босқичга кирди. Инфратузилма объектларида ишлар жадал бормоқда. Биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда қурилиш ишлари бажарилади. Натижада 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма барпо этилиши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ якунланганда эса Янги Тошкент 2 миллион нафар одам яшайдиган улкан мегаполисга айланади. Бундай кўламдаги қурилиш узоқ муддатли ва барқарор инфратузилмани талаб қилади. Ҳозирги пайтда ҳудудда йирик ер ости муҳандислик тармоқлари қурилмоқда. Бир ва икки секцияли коллекторлар ётқизилиб, иссиқлик, сув, электр энергияси ва телекоммуникация каби барча тармоқларнинг ер остидан ўтказилиши таъминланмоқда. Транспорт қатновини енгиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Туннель ва ер ости автотураргоҳларининг барпо этилиши шаҳарнинг келажакдаги ҳаракатланиш тизими учун муҳим экани қайд этилди. Ҳудудда ўн километрлик соҳил боғи ташкил этилди. Бир миллион туп бута ва кўчатлар экилди. Давлатимиз раҳбари томонидан шаҳарсозликда “яшил” тамойиллар муҳим ўрин тутиши лозимлиги айтилди. Бунда метро ва электробуслар ҳаракатини мувофиқлаштириш, пиёда ва велосипедчилар учун хавфсиз, тўсиқсиз йўлаклар барпо этилиши бўйича масъулларга қўшимча топшириқлар берилди. Ҳудудда 60 дан ортиқ давлат идоралари учун замонавий маъмурий бинолар қурилади. Айни вақтда қатор вазирлик ва идоралар вақтинча мажмуаларда фаолият бошлаган. Инвесторларнинг фаоллиги ҳам юқори. Аукцион орқали сотилган 24 та тижорий лот бўйича 2 миллиард долларлик инвестиция шартномалари имзоланган. Бу маблағлар ҳисобидан меҳмонхоналар, ресторанлар, сервис марказлари ва ўзига хос архитектурага эга замонавий бинолар барпо этилади. Айни пайтдаги қурилиш жараёнининг ўзида 10 минг нафар инсоннинг бандлиги таъминланган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан кейин эса инновацион технологияларга асосланган, юқори даромадли юз минглаб доимий иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Президентимизга Янги Тошкентда барпо этилаётган туризм объектлари, хизмат кўрсатиш ва дам олиш мажмуалари, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир ташаббусда илм-фан ютуқларига таяниш, лойиҳаларда маҳаллий руҳни акс эттириш, энг асосийси, улар халқ манфаатига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

31 Декабр 2025 йил

102

Интерактив хизматлар

Text to speech