ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда икки нафар ҳайдовчи ва уларнинг йўловчилари ўртасидаги зиддият акс этган видео тарқалган. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 21 декабрь куни тахминан соат 23:30 ларда Чилонзор тумани, КҲАЙ кўчасида давлат рақам белгиси 01 К 122 VC бўлган Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси - 2002 йилда туғилган А.А. (йўловчилари: 2001 йилда туғилган Р.У. ва 1988 йилда туғилган С.Ж.) ҳамда давлат рақам белгиси 50 Е 942 FB бўлган Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси - 2000 йилда туғилган А.А. (йўловчилари: 1999 йилда туғилганлар Ш.А., С.Н. ва Б.С.) лар йўл талашишган. Сўнг йўлнинг қатнов қисмида ўзаро жанжаллашиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жамоат тартибини бузишган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган фуқаролар аниқланмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳурматли ҳайдовчилар, йўлларда ҳаракатланиш маданиятига риоя этинг!

22 Декабр 2025 йил

32

Қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилмоқда

Юртимизда қиш. Қорли-қировли кунлар бошланиб, уйлар, болалар муассасалари, ўқув даргоҳлари, корхона-ташкилотлар, иншоотларни иситиш, йўллар, тротуарларни қор-музлардан тозалаш ишлари мутасаддилардан катта эътиборни талаб қилади. Қиш мавсумининг талофатсиз, кўнгилсизликларсиз ўтказилишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими, прокурори, ИИББ, солиқ бошқармаси ҳамда бошқарув сервис компаниялари, ободонлаштириш ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорлигида бир қатор пойтахт туманларидаги ҳолатларни ўрганиш ишлари олиб борилди. Аҳолининг қишки мавсумда электр энергияси, иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёжи, ёқилғи-ёнилғи маҳсулотларининг захираси, йўловчилар ҳамда транспорт воситаларининг йўлларда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, бекатларда кутиб қолиш ҳолатларининг олдини олиш, ёғингарчиликлардаги ноқулай ҳолатларга барҳам бериш масалалари атрофлича ўрганилиб, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича махсус техник воситалари, зарурий жиҳозлар, хизмат кўрсатиш махсус техникалари, йўловчи ташиш автоуловларининг шайлигига эътибор қаратилди. Айниқса, кўп қаватли уйлар, касалхона, болалар муассасаларида электр таъминоти ҳамда иситиш мосламаларида узилишлар бўлмаслигига, ёнғин хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, зарур топшириқлар берилди. Шунингдек, хонадонлар, боғча, мактаб, шифохоналарни иситиш билан боғлиқ ҳамда йўловчи ташиш, йўлларни ҳаракатланиш учун бехатар қилишда фавқулодда вазиятлар юзага келганида, эҳтиёт чораларини кўриш, уларни тезкор бартараф этиш масалалари белгиланди. Бу каби пойтахтимизнинг барча туманларида қиш мавсумини талофатларсиз, кўнгилдагидек ўтказиш борасидаги ишлар ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш, ҳамда олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.

22 Декабр 2025 йил

148

Дарс мавзуси руҳий барқарорликка бағишланди

Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ҳафтанинг ҳар душанба куни ўтказиб келинаётган “Маънавият ва маърифат дарси”да ёритилаётган мавзулар ходимларнинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавий савиясини ошириш баробарида касб тайёргарлиги ҳамда хизмат фаолиятини самарали олиб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Стрессни енгиш ва хизмат жараёнида руҳий барқарорлик” мавзусига бағишланди. ИИББ шахсий таркиби олдида  Республика ИИВ Академияси Хизмат психологияси ва касбий маданияти кафедраси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ё.Парпиев маъруза қилиб, йиғилганлар эътиборини юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мазкур ислоҳотларнинг устувор мақсади инсон омили, маънавий баркамоллиги эканлиги, янги давр ҳар бир инсондан ўз ички имкониятларини холис баҳолаш, психологик билимлар захирасини чуқурлаштириш  орқали  яқинлари ва ҳамкасбларининг руҳий дунёсини билиш ва ўрганишни  тақозо этишини таъкидлади. Шунингдек, ходимлар ҳар кунлик хизмат фаолиятида  психологик фаоллик, руҳий, ҳис-ҳаяжонли барқарорлик ва стрессга чидамлиликни сақлаб туришлари зарурлигини, айниқса ёш ходимлар бу жараёнда қийинчиликларга дуч келиши бундай ҳолатларда  жамоавий қўллаб-қувватлашнинг ўрни салмоқли эканлиги, яъни стресс ҳолатини 40-70 фоизгача камайтириши ва руҳий барқарорликни ошириши мумкинлигига эътиборни қаратди. Мавзу йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузадан сўнг йиғилганлар эътиборига “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди.

22 Декабр 2025 йил

33

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқи

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари! Авваламбор, Россия Федерацияси Президенти ҳурматли Владимир Владимирович Путинга меҳмондўстлик ва бугунги учрашувимизни аъло даражада ташкил этгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан. Беларусь томонининг, Беларусь Республикаси Президенти Александр Григорьевич Лукашенконинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига самарали раислигини алоҳида қайд этмоқчиман. Бу даврда кўп томонлама амалий ҳамкорлик янги суръат касб этди. Глобал бозорларнинг тобора парчаланиб бораётгани, логистика занжирларининг мураккаблашаётгани ва инвестиция ресурсларини тақсимлашда устувор йўналишларнинг ўзгараётгани шароитида биз учун стратегик ва табиий шерикларимиз бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш принципиал аҳамият касб этмоқда. Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари! Кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорликнинг сўнгги тўрт йилида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси қарийб икки баробар ошди. Иқтисодий алоқалар таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортиб бораётгани, кооперация лойиҳалари кенгайиб бораётгани барқарор суръат кўрсатаётгани айниқса муҳимдир. Бу ҳамкорларимиз ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлашдан чинакам манфаатдорлигини акс эттиради. Ўзбекистон Евроосиёнинг асосий форматларида фаол иштирок этмоқда. Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, аграр саноат ва транспорт соҳаларида 40 га яқин аниқ тадбирларни ўз ичига олган уч йиллик режа амалга оширилмоқда. Қўшма Ишчи гуруҳ форматидаги ишлар давом этмоқда: унинг бешинчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Шунингдек, ЕОИИнинг электрон савдони ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича тармоқ дастурларида иштирок этмоқдамиз. Ўзбекистон ва ЕОИИ божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ахборот алмашиш тўғрисида битим тузиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги қарор қабул қилинганини олқишлаймиз. Ишончимиз комилки, трансчегаравий маълумотлар алмашинуви божхона назорати самарадорлигини ошириш, кечикишларни камайтириш ва транспорт тизимларимизнинг Евроосиё йўлакларига интеграциялашга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Банк билан биргаликда инфратузилма, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Ҳурматли ҳамкасблар! ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги устувор йўналишларимизни қисқача айтиб ўтмоқчиман. Биринчи. Савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария меъёрлари борасидаги ёндашувларни яқинлаштириш мақсадида МДҲ ва EОИИ институтлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни фаоллаштириш зарур деб ҳисоблаймиз. Ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва талабларни бирхиллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаш ва божхона маъмуриятчилигидаги тафовутлар билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича “Ўзбекистон – EОИИ” қўшма мувофиқлаштирувчи гуруҳини тузишни таклиф этамиз. Иккинчи. Саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Машинасозлик, энергетика, агросаноат мажмуи, кимё ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар рўйхатини биргаликда шакллантириш зарур. Ўзбекистоннинг EТТБга қўшилиши муносабати билан шерикликнинг стратегик йўналишларини биргаликда белгилаб олиш ҳамда устувор инфратузилмавий ва “яшил” лойиҳаларни, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни қамраб олган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Ишончимиз комилки, Банк нафақат молиялаштириш манбаи, балки интеграция лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш катализаторига айланиши мумкин. Учинчи. Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз. Рақамли платформаларни, жумладан, электрон тижорат ва рақамли маркировкалашни ўзаро боғлаш бўйича ЕOИК билан “йўл харитаси”ни тайёрлашни таклиф этамиз. Божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва юк ташишнинг “чоксиз” моделига ўтишни ҳам устувор вазифа сифатида кўряпмиз. Тўртинчи. Биз ЕОИИнинг биотиббиёт, янги материаллар, агротехнологиялар, энергетика ва робототехника каби йўналишларни қамраб олувчи технологик платформаларига қўшилишдан манфаатдормиз. Бешинчи. Туризм соҳасида интеграциялашган ахборот ресурсини шакллантиришга ҳам қўшилишга тайёрмиз. Бундай ёндашув мамлакатларимиз туристик маҳсулотларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш имконини беради. Ҳурматли дўстлар! Ўзбекистон EОИИ билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоридир. Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга Бирлашмага раислик Қозоғистонга ўтиши муносабати билан муваффақиятлар тилайман. Барчангизни ва биродар халқларимизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилайман. Эътиборингиз учун раҳмат.

22 Декабр 2025 йил

107

Интерактив хизматлар

Text to speech