10 Июл 2025 йил 690

Молни кўрмай пишган савдо – ғавғо

Ёшларни ёш деймиз. Тажрибасиз, ҳар нарсага қизиқувчан, ўзгарувчанлиги боис айрим хатоларини кечирамиз. Бироқ қирқдан ошган шахс сал мулоҳазакор, ишининг охирини ўйлаб қиладиган, қилмишига масъул бўлиши керак. Мирзоҳид оилали, муқаддам фирибгарлиги учун судланган. Аммо бундан тегишли хулоса чиқармаган. 2022 йилнинг январида таниши Шуҳратнинг ўзига тегишли “Malibu” автомашинасини сотиб, янги машина олиш ниятида эканлигини билгач, пайтавасига қурт тушди. Қандай қилиб бир соддадилни топса-ю, алдаб пулини олса... Афсуски, ўша соддадилни алдашга-ку алдар-а, бироқ у ҳам пулига куйиб қолишни истамаслигини, қолаверса, уни ҳам эшитадиган, қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи идоралар борлигини унутганди. Орадан кўп ўтмай мактабдоши Д.Одилни учратиб қолди. Ҳожатбарор таниши Д.Одилни енгидан кириб ёқасидан чиқаркан Шуҳратнинг машинасини сотиб олишга ундади. Сал эски бўлса-да арзонроқ автомашина олиш ниятида бўлган Одил қулай, афзал ва ҳашаматли, унча-мунчанинг орзуси бўлган “Malibu” нинг оёғи остидан чиқиб қолганига қувончи ичига сиғмай кетди. Мирзоҳиднинг айтиши бўйича автомашина деярли яп-янги эмиш, эгасига пул зарур бўлганлиги учун арзонроққа сотаётганмиш. Ўйлашга вақт йўқ эмиш. Омади кулганидан шошиб қолган Одил ҳозир 22.000 АҚШ долларини, кейинчалик расмийлаштирилгач, қолган 4.000 АҚШ долларини беришини айтиб, Мирзоҳиднинг васвасасига учди-ю, молни кўрмай пулни бериб юбораверди. У ёғини ўқувчи дарров илғаб олган бўлса керак; оворагарчилик, ваъдалар, сарсонгарчилик ва қидирув. Охири – ички ишлар органларига мурожаат.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1983 йилда туғилган, оилали, муқаддам судланган Р.Мирзоҳиднинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Мазкур жиноят иши Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси майор Баҳодир Тожиевнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech