Оддий ҳисобчидан бош мутахассисликкача
Ҳар бир ишнинг самарадорлиги, тезкор ва унумлилигини иш қуроллари белгилайди. Бугунги кунда ҳар бир соҳада одамлар ўрнини техникалар, ҳатто роботлар эгаллаб бормоқда. Меҳнат фаолиятида фан-техниканинг замонавий намуналаридан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, ички ишлар тизимларида жиноятчиликни тезкор фош этиш, айбини тўлиқ исботлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби жараёнларда транспорт, алоқа воситалари, махсус асбоб-ускуналар қаторида иш хоналарида қулайликлар яратиш, зарур анжомлар, ёзув қуроллари, хўжалик буюмлари билан таъминлаш ҳам долзарб. Тошкент шаҳар ИИББ Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси молиявий таъминот хизматида бош мутахассис – иқтисодчи лавозимида хизмат қилиб келаётган лейтенант Наргиза Исажанованинг вазифаси ана шулардан иборат. Молия-иқтисод йўналишида ўрта-махсус билим юртини тамомлаб, 2003 йилда Тошкент шаҳар ИИББ Молия, моддий техника таъминоти бўлимида илк фаолиятини бошлаган Наргиза устозлари: бўлим катта инспектори, капитан Гулжан Тўрахўжаева, бош ҳисобчи, майор Нортожи Бегимқуловаларнинг устозлигида ўз малакасини оширди. Техника таъминоти ҳисоб-китобини юритиш, маблағларни тўғри тақсимлаш, нарх-наволарнинг мутаносиблигини текшириш, мавжуд воситаларнинг ишлатиш муддатлари, даврий кўриги, алмаштириш ва янгилаш, энг илғор техник воситаларни амалга жорий этиш ва бошқа ўзига хос жиҳатларни синчковлик ва эътибор билан ўрганди. Мана шунга ҳам йигирма йилдан ошибди. Оддий сафдор, ҳисобчи-иқтисодчиликдан иш бошлаган Наргиза бугун бош мутахассис, лейтенант. Лекин бунга ўз-ўзидан эришилмайди. Бу вақт ичида ҳар бир рақамнинг салмоғи, залворини ҳис қилган Наргиза ўз вазифасига катта жавобгарлик ҳисси билан ёндашди. Пойтахт туманларининг иш фаолиятида зарур бўлган барча воситаларнинг яроқлилик, мавжудлик, зарурат эҳтиёжларини ўрганиб, назоратини амалга ошириб келмоқда. Мақсад жойларда узлуксиз иш жараёнини таъминлаш. Хизмати давомида ўз малакасини ошириш, билимларини чуқурлаштириш зарурлигини англаган лавҳамиз қаҳрамони Республика ИИВ Академиясига ўқишга кирди. 2021 йилда ишдан ажралмаган ҳолда уни битирган Наргиза олган билимларини самарали равишда фаолиятига тадбиқ этишга киришди. Фаолияти ортидан раҳбарият ва ҳамкасблари ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Ватан тинчлик-осойишталигини таъминлашга бағишланган ҳеч бир иш эътиборсиз қолмайди, албатта. Унинг сидқидилдан ва фидойи хизматлари раҳбарият томонидан кўплаб миннатдорлик ва ташаккурномалар, мукофотлар билан тақдирланиб келинмоқда. Ўз хизмат вазифаларига жонкуяр, виждонан ёндашиб келиш билан бир қаторда Наргиза турмуш ўртоғи Солижон – кўп йиллар ички ишлар органларида ишлаб айни пайтда нафақада – билан биргаликда уч нафар фарзандларини гўзал хулқли ва баркамол инсонлар бўлиб етишишига катта эътибор бериб, вақт ажратишга ҳам улгуради. Уларнинг ўқиш давомати, баҳолари, қизиқиш ва интилишларига жиддий ёндашади. Самимий суҳбатлашиш орқали уларга нафақат меҳрибон она, балки яқин дўст ва сирдош ҳамдир. Зотан, оддий ишчилар бўлган ота-онаси Бахтиёр ака ва Мавжуда опалар уч қизининг ор-номусли, меҳнаткаш, ҳалоллик руҳида тарбиялашда оилада тинчлик ва тотувлик, ўзаро ишонч ва адолатни маҳкам ушлаганидек, Наргиза ҳам турмуш ўртоғи билан бу тамойилга амал қилади. Уч вояга етмаган фарзандларидан бири келгусида ота-онасининг изини босиб, Ватан тинчлик-осойишталигини таъминлашдек шарафли касбга меҳр қўйса, буни фақат олқишлаш керак.