Миробод туманида содир бўлган ЙТҲ ҳақида маълумот

Интернет тармоғида ЙТҲ ҳақида тарқалаётган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

13 август куни тахминан соат 15.00 да Миробод тумани Сарикўл ва Банокатий кўчалари кесишмасида (Korzinka супермаркети ёнида) тўртта транспорт воситалари: 31 ёшли Икромиддина М. бошқарувидаги "Cobalt" русумли автомобиль, 32 ёшли Фахриддин Ш. бошқарувидаги "Isuzu" русумли юк автомобили, 44 ёшли Бектурди М. бошқарувидаги "Lacetti" русумли автомобиль  ва  34 ёшли Евгений Ш. бошқарувидаги "Spark" русумли автомобиллар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Тахминга кўра "Cobalt" ва "Isuzu" ҳайдовчилари тезликни оширган ҳолда ва светофорнинг сигналлари ўчиб-ёнаётганида перпендикуляр жойлашган ҳаракат йўлларидан чоррахага бир вақтда чиққанликлари ЙТҲ сабаб бўлган. Мазкур икки автомобиль бир-бири билан тўқнашгач, юк автомобили инерция туфайли ҳаракатни давом эттириб, четда қолдирилган “Lacetti” русумли автомобильга тўқнашган. “Cobalt” ҳам худди шу тарзда “Spark”га урилиб, сўнг бетон тўсиққа тўқнашган. 

ЙТҲ натижасида “Cobalt” автомобили ҳайдовчиси бадан шикастлари билан шифохонага етказилди.

Ҳозирда тергов олди текширувлари ўтказилмоқда.