Миробод туманида содир бўлган ЙТҲ ҳақида маълумот

17 август куни тахминан соат 02.50 да Миробод туманидаги Кичик халқа автомобиль йўлида 36 ёшли Акромжон М. маст ҳолатда “Spark” русумли автомобилини бошқариб, бошқарувни бажара олмасдан бетон тўсиққа урилган. ЙТҲ натижасида автомобиль ҳайдовчиси бадан шикастлари билан шифохонага етказилди. Автомобиль йўловчиси – 32 ёшли Фаррух С. олган бадан шикастлари натижасида воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди. Марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси иккинчи қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Спиртли ичимликдан ёки бошқа нарсадан маст бўлган ҳолатингизда автомобиль бошқаришга қарор қилишингиз билан сиз нафақат йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузган бўласиз, балки автомобилингизда бўлган ҳар бир кишининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўясиз. Оз миқдордаги алкоголь ҳам эътиборни пасайтиради. Огоҳ бўлинг.