Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари вояга етмаганлар ўртасидаги можарони йирик жанжалга айланиб кетишига йўл қўйишмади

2021 йил 10 июль куни тахминан соат 20.30 ларда навбатчилик қисмига Миробод туманидаги Шахрисабз ва Истиқлол кўчалари кесишмасида бир нечта ёш йигитлар тўпланганлиги ҳамда ўзаро муносабатларини ҳал қилишаётганлиги, уларнинг бу можароси катта жанжалга айланиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабар келиб тушган. Ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб келган ички ишлар органлари ходимлари ўнлаб вояга етмаганларни – 8,9,11-синф ўқувчилари ўзаро баҳслашаётганлигини аниқлашди. Содир бўлган воқеанинг сабабларини ўрганиш мақсадида уларнинг барчаси Яшнобод тумани ИИО ФМБ га олиб келинган.   

Можаро иштирокчиларидан бирининг Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига маълум қилишича, муносабатларни ҳал қилишига ижтимоий тармоқларда рақиби унинг шаъни ва қадр-қимматини камситганлиги сабаб бўлган.

Тошкет шаҳар ИИББ ходимлари вояга етмаганлар билан рўй берган ҳодиса ҳақида ота-оналарига хабар беришди ва уларнинг иштирокида профилактик суҳбат ўтказишди,.

Содир бўлган ҳолат бўйича текширув давом эттирилмоқда.

Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизни мактабдаги муаммоларини эътиборсиз қолдирманг, ўғлингиз ва қизингизга ҳаётдаги мураккаб вазиятлардан куч ишлатмасдан чиқиб кетиш йўлларини ўргатинг. Фарзандингиз сизга ишонишига имкон яратинг: шунда унинг муаммолари ҳақида ички ишлар органлари ходимларидан эмас, балки унинг ўзидан хабар топасиз.