Пиёдалар ҳаракати хавфсизлиги ойи: сиз йўлга қўйган хато фожеали якунланиши мумкин

Пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Тошкентда 2021 йил 1 майдан 31 майга қадар пиёдаларга йўл ҳаракати қоидаларини эслатиш тадбирлари ўтказилмоқда. 1 майдан 11 майга қадар 4 620 кишига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138 моддаси 1 қисми бўйича баённомалар расмийлаштирилди.

Қайд этиш жоизки, жаримага тортилган пиёдалардан кўпчилик пиёдалар ўтиш жойи яқин бўлган жойларда ҳам йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлишган. Қоидабузарликлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиши давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспекторлари қоидабузарларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини, акс ҳолда уларнинг саломатликлари ва ҳаётларига зарар етиши мумкинлигини тушунтиришди.

Аксарият ҳолатларда жойларда мулоқот қилинган қоидабузарлар ҳайдовчилар уларни доимо кўриб туришига ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олишга доим имконлари борлигига амин эканликларини айтишди. Аммо бу каби тасаввур хато бўлиб, авваламбор пиёданинг, унинг фарзандларининг ҳаёти учун хавфлидир.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиниши устидан кучайтирилган назоратдан ташқари, масъул идора ишчилари билан биргаликда санитария-эпидемиология талабларига риоя қилиниши ҳам таъминланмоқда. Хусусан, такси ҳайдовчилари, жамоат транспорт ҳайдовчилари ва йўловчилари томонидан қоидаларга риоя қилиниши назорат қилинмоқда. 1 майдан 10 майга қадар бўлган давр ичида тўрт мингдан зиёд фуқаролар жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юрганликлари маълум бўлди – уларга нисбатан тегишли маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда.