Юртимиз раҳбарининг республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш бўйича жойларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида, “Ажрим ёқасидаги оила” ва “Оилавий (маиший) зўравонлик” мавзуларига бағишланган профилактик тадбир ўтказилди. Тадбир Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа ва санъат институтида ўтказилиб, унда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлр бўлими бошлиғи Ш.Шакирова, туман ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Ф.Джуманазарова ҳамда мутасадди ташкилотлар мутахассислари қатнашдилар. Йиғилганлар олдида сўзга чиққанлар, ҳозирги кунда ажрим ёқасида турган оилалар, оилавий зўравонлик ва тазйиқларга барҳам бериш юзасидан амалга оширилаётган комплекс профилактик чора-тадбирлар ҳақидаги фикрларини билдириб ўтишди. Тадбир якунида иштирокчилар эътиборига “Оилавий маиший зўравонлик ҳолатларига чек қўйиш” мавзусига бағишланиб тайёрланган видеороликлар намойиш этилиб, мавзуга алоқадор эслатма ҳамда флаерлар тарқатилди. Бу каби тарғибот ишлари оилаларни мустаҳкамлаш, фарзандлар тарбияси, оила аъзолари ўртасидаги қадрдонлик ришталари, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромнинг кучайишига, оилада тотувлик, жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.