Катта миқдордаги фирибгарлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилди

16-сентябрь куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБга жамоавий ариза келиб тушди.

Жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишларича, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018-йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган “Human” бандлик агентлиги” МЧЖ билан 2018-йилнинг ноябрь ойидан 2019-йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган. Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда “Human” бандлик агентлиги” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган.

Бироқ аризачилардан ҳеч бири чет элда ишга жойлаштирилмадию. МЧЖ жабрланувчиларга пулларни қайтариб бермаганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг расмий сайтида хабар берган эди (https://mehnat.uz/ru/news/ministerstvo-zanyatosti-i-trudovyh-otnosheniy-respubliki-uzbekistan-soobschaet).

Тергов-олди ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва прокуратураси томонидан ҳамкорликда олиб борилди. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу МЧЖ директори 29 ёшли Шохнур Ф. жалб қилинди.

Юқоридаги аризачилардан ташқари, ҳозирги вақтда республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам аризачилар мурожаат қилишмоқда.

Агарда сиз ҳам ушбу агентлик ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу иш бўйича маълумотга эга бўлсангиз, 71-230-98-40 рақами орқали мурожаат қилинг.